11:54 / 05.05.2023
5208

ЕМБ асосий фоиз ставкаларини 0,25 фоизга оширди

Европа регулятори базавий фоиз ставкаларини кетма-кет еттинчи марта оширди. ЕМБ бу еврозонадаги юқори инфляцияни жиловлаш учун зарурлигини таъкидлайди.

Фото: DeFodi Images/Getty/Kyodo

Европа Марказий банки (ЕМБ) 4 май, пайшанба куни яна асосий фоиз ставкаларини 0,25 фоизга оширди. Бу еврозонада базавий ставкаларнинг кетма-кет еттинчи ўсишидир. Шу билан бирга, регулятор уларнинг ўсиш суръатларини секинлаштирди - улар кетма-кет уч марта бирданига 0,5 фоизга кўтарилганди.

Яна бир ўсиш натижасида ЕМБ базавий фоиз ставкаси 3,75 фоизгача оширилди. Бу тижорат банклари регулятордан янги пул олишлари мумкин бўлган ставкадир. Тижорат банкларининг ЕМБдаги депозитлари бўйича ставка 3,25 фоизга кўтарилди.

Европа Марказий банки ўтган йилнинг июл ойидан бошлаб базавий ставкаларни мунтазам ошириб, евроҳудуддаги юқори инфляцияни жиловлашга ҳаракат қилмоқда. Тарифлар ошиши натижасида кредитлар қимматлашади. Бу талабни камайтириши ва шу билан инфляциянинг ўсишини чеклаши мумкин. ЕМБ инфляциянинг икки фоизга кўтарилиши билан ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлигини таъминлашни мақсад қилган.

ЕМБ бош иқтисодчиси Филипп Лейн: “2021 йилнинг ўрталаридан бошлаб, яъни деярли икки йил давомида инфляция бизнинг мақсадларимиздан ошиб кетди, шунинг учун ҳозир базавий ставкаларни оширишдан бош тортиш вақти эмас”, деди.

2023 йил апрел ойида евроҳудудда инфляция яна ўсди. Европа статистика идораси (Eurostat) ҳисоб-китобларига кўра, жорий ойда евроҳудуднинг 20 та давлатида яшаш 2022 йил мартига нисбатан 7 фоизга қимматлашган.

Top