18:54 / 09.05.2023
27802

Андижон вилоятида Имтиҳон маркази очилди

 Андижон вилоятида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун амалий ва назарий имтиҳонлар инсон омилисиз амалга ошириладиган Имтиҳон маркази ишга тушди.

8 май куни Андижон вилоятида "Андижон вилояти имтиҳон маркази" инновацион имтиҳон маркази очилди. Марказда ҳар куни назарий имтиҳондан ўтишни истаган 450 дан ортиқ, амалий имтиҳонлар бўйича эса 300 нафар номзодлар имтиҳон топширишлари мумкин.

Бутун жараён тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, назорат қилиш инсон омилисиз бошқарилади. Номзод Марказга келиб, топширган имтиҳонларининг ҳар бир босқичи белгилаб бориладиган индивидуал QR-код олади. Назарий имтиҳондан муваффақиятли ўтиш учун 25 дақиқа ичида 20 та тест саволларидан камида 18 та саволга тўғри жавоб беришингиз керак. Агар имтиҳоннинг ушбу қисми муваффақиятли топширилса, номзод амалий имтиҳонни топшириш ҳуқуқини олади. Кутиш хонасида ҳаммага кўрсатмалар берилади, шунингдек, видео кўрсатма ҳам мавжуд бўлиб, унда машқлар кетма-кетлиги ва уларни қандай бажариш кераклиги тўлиқ кўрсатилган. Агар 99 та жарима балли чегарасидан ошмаса, имтиҳон муваффақиятли топширилган деб ҳисобланади. Имтиҳоннинг амалий қисми муваффақиятли топширилмаган тақдирда номзод, назарий имтиҳон муваффақиятли топширилган кундан бошлаб 2 ой ичида ҳар 7 кун оралиғида қайта топшириши мумкин.

Амалий имтиҳонни қабул қилиш учун Марказда учта майдонли автоматлаштирилган автодром мавжуд. Уларнинг биттасида, Б, C ва Д тоифаларидаги, яъни енгил автомобил, юк машинаси ва автобус ҳайдаш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олмоқчи бўлган номзодлар имтиҳон топширади. Иккинчисида, А тоифасидаги - мототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олишни истаганлар ўзларининг амалий кўникмаларини намойиш этади. Учинчиси транспорт воситаларини тиркама билан бошқариш учун БE, CE ва ДE тоифаларига имтиҳон топшираётганлар учун мўлжалланган. 

Назария ва амалиёт бўйича қўшимча тайёргарликка муҳтож номзодлар учун Марказда экспресс-курслар мавжуд.

Имтиҳоннинг икки босқичидан муваффақиятли ўтгандан сўнг, номзодга ЙҲХБга мурожаат этиши керак бўлган сертификат берилади. Берилган сертификат ЙҲХБ маълумотлар базасидан текширилгандан сўнг, унга ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади.

Вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Абдумажид Раимжоновнинг маълум қилишича, бу ерда имтиҳон топширувчиларга психологик ёрдам кўрсатилади:

“Ушбу инновацион имтиҳон марказида йўл ҳаракати қоидаларини ўргатувчи майдончалар сўнгги русумдаги замонавий услубда ташкил этилган. Ўқувчиларга транспорт воситасини бошқаришдан олдин нималарга эътибор бериш кераклиги, ҳаяжонга тушмаслиги учун психологик ёрдам кўрсатиш хоналари ҳам яратилган.

Имтиҳон топширувчининг салоҳиятини текшириш учун автомобилларга ташқи ва ички томондан камералар ўрнатилган. Шу камералар назоратида ўқувчининг билими баҳоланади”. 

Йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи бугунги кунда жуда муҳим ҳисобланади. Тошкент имтиҳон маркази амалиётидан кўриниб турибдики, 2022 йилнинг феврал ойидан декабргача бўлган даврда 27 626 нафар номзоддан фақат 13 357 нафари имтиҳондан муваффақиятли ўтган, кўплари бир неча такрорий имтиҳонлардан сўнг.

Имтиҳон муваффақиятли якунланганини тасдиқловчи сертификатни фақат амалиётда қўлланиши мумкин бўлган йўл ҳаракати қоидалари ва ҳайдаш кўникмалари бўйича билимга эга бўлганларгина олишлари мумкин.

Top