13:25 / 23.05.2023
17832

Одамлар учун ноқулай бўлиб бораётган шаҳар. Самарқанддаги асосий хиёбон автотураргоҳга айландими?

Охирги кунларда кузатилаётган бир ҳолат Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи аҳоли эътиборини тортди. Шаҳардаги асосий хиёбон бўлмиш Алишер Навоий номидаги истироҳат боғининг Самарқанд давлат университети билан туташ қисми автомашиналарга тўлган.

Хиёбоннинг барча кириш қисмларида машина киришига тўсқинлик қилувчи махсус тўсиқлар туради. Жумладан, СамДУ билан туташган кириш жойида ҳам. Аммо бу тўсиқлар бир муддат олиб қўйилаётган кўринади, чунки хиёбон ичида жуда кўп машина қўйилган.

Хиёбонга машина қўйишга ким рухсат бергани, тўсиқларни ким олиб қўяётгани маълум эмас. Ҳар ҳолда кимдир рухсат бермаса, бунчалик кўп машина ўзбошимчалик билан шаҳардаги асосий хиёбон ичига кириб олиши қийин. Машиналар хиёбоннинг марказигача териб қўйилган.

Шу ўринда савол туғилади: шаҳардаги бехавотир пиёда юриш, хордиқ чиқариш мумкин бўлган кам сонли жойлардан бирини автотураргоҳга айлантиришга ким йўл қўйган? Бу ҳолат биринчи марта содир бўлмаётганидан шундай хулосага келиш мумкин: ёки маҳаллий ҳокимлик шаҳардаги бош хиёбонни автотураргоҳга айлантиришга рухсат берган ёки ҳокимлик шаҳарликларнинг ҳордиқ чиқариши мумкин бўлган саноқли жойлардан бири «стоянка»га айланишига шунчаки бефарқ.

Шундоғам велосипед, электр самокат ва яна бошқа турдаги уловларнинг пулли ижараси йўлга қўйилганидан кейин хиёбон ҳудудида бемалол пиёда юриш қийин бўлиб қолганди.

Шу ўринда охирги вақтларда Самарқанд шаҳри борган сари одамлар учун эмас, машиналар учун қулайлаштириб борилаётгани ачинарли ҳолат эканини айтиб ўтиш керак. Бунга бир неча мисол келтириш мумкин. Масалан, «Динамо» стадиони рўпарасида узоқ йиллардан буён пиёдалар ўтиш йўлаги бор эди. Икки ой олдин йўлак борлигини билдирувчи белги олиб ташланди, йўлакнинг икки боши ва ўртасига тўсиқ қўйилди. Одамлар эса сал нарироқдаги нобоп ерости йўлидан ўтишга қайсидир маънода мажбурланди.

«Динамо» стадиони рўпарасидаги эндиликда собиқ пиёдалар йўлакчаси. Асфалтда йўлак излари ҳамон турибди.
Ерости йўлининг «Александр» меҳмонхонаси олдидан чиқадиган томони.

Шаҳарга кам келадиганлар бу ерости йўлини кўрмаган бўлса ҳам керак. Икки йил аввал кўча остидаги қувурлар янгиланганда шароит пайдо бўлгани учун бирданига ерости йўли ҳам қилинди. Тўғри, ерости йўлидан кўчани кесиб ўтиш хавфсиз, лекин одамлар нега ер устидан ҳам кўчани кесиб ўтиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган? Самарқанд учун одамлар муҳимми ёки машиналар ҳамма жойда катта тезликда ҳаракатланишими?

Жазирама иссиқда ҳам ерости йўли чаккилаб ётибди, санитар ҳолат жуда ёмон.
Ерости йўлида шароит яхши бўлмаса-да, икки томонда умумий учта камера ишлаб турибди.

Бунинг устига, ерости йўли бирламчи талабларга ҳам жавоб бермайди. Жазирамада ҳам сув чакиллаб томиб турган ерости йўли ёғингарчилик бўлган вақтда сув босиб, музлаб, ҳаракатланиш учун яроқсиз ҳолатга келади.

Умид қиламизки, Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳри ҳокимлиги ўзининг бирламчи вазифаларидан бири – шаҳар инфратузилмасига эътибор қаратиш эканини унутмай, ушбу муаммоларга бефарқ бўлмайди. Зеро, кунига минглаб меҳмон келадиган Самарқанд шаҳри – Ўзбекистоннинг ҳам юзи ҳисобланади.

Ўткир Жалолхонов

Top