21:58 / 02.06.2023
28998

АҚШ консуллиги грин-карта ютган ўзбекистонликларнинг шикоятларига муносабат билдирди

АҚШнинг Тошкентдаги консуллик бўлими иш юкламаси ва ходимлар сонидан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқилаётган DV кейсларнинг сони ойдан ойга фарқ қилиши, ёз ойларида ўзбекистонлик талабаларга кўпроқ виза расмийлаштиришга устуворлик берилишини маълум қилди. Шу билан бирга, консуллик бу йил грин-карта бўйича кўпроқ аризаларни кўриб чиқиш мақсадида эканини билдирди.

Фото: АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси

DV-2023 дастурида ғолиб бўлган бир гуруҳ ўзбекистонликлар Kun.uz'га мурожаат қилиб, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ғолибларни интервьюга чақириш масаласига сусткашлик билан ёндашаётгани, фақат душанба кунига белгиланаётган суҳбатлар кўп марта байрам саналарига тўғри келгани ортидан куйиб кетгани, Ўзбекистонга келиб АҚШ элчихонасига виза олиш учун мурожаат қилганларни деб суҳбатга кира олишмаётганидан шикоят қилишганди.

Суҳбатдошлар июн ойига атиги 90 та, июлга эса 99 та кейс бўйича суҳбат белгилангани, боз устига, негадир асосан кичик рақамли кейслар суҳбатга чақирилаётгани, ҳозиргача ғолибларнинг атиги 44 фоизи суҳбатга чақирилгани, дедлайн (30 сентябр)гача катта кейсларга навбат етиб ҳам келмаслигидан хавотирларини билдиришганди.

Ватандошлар элчихона суҳбат ўтказиладиган кунларни кўпайтириши, душанба кунлари ўтказилмай қолган интервью кунларини компенсация қилиб бериши ҳамда суҳбатга чақирилувчилар лимитини ошириши керак, деган фикрда. Уларга кўра, шунда бошқаларнинг имкониятлари куйиб кетмайди ва элчихонага нисбатан ҳам ҳеч қандай эътироз бўлмайди.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Консуллик бўлими Kun.uz'да эълон қилинган мақолага муносабат билдирди.

Муносабатда айтилишича, элчихона консуллик хизматларининг барча турларини, жумладан, ноиммиграцион визалар, иммиграцион визалар ва Америка фуқаролик хизматларини тақдим этади. Турли миллат вакиллари учун визалар – иммиграцион визаларнинг бир тоифаси ҳисобланади ва улар элчихона томонидан ҳар ҳафта расмийлаштирилади.

“2022 йили АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси турли миллат вакиллари учун расмийлаштирилган визалар сони бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллади. Бу эса пандемиядан олдинги давр, яъни 2019 йилдаги кўрсаткичдан 25 фоиз кўпроқ деганидир.

Шу билан бирга, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ўтган йили рекорд даражадаги иммиграцион визаларни расмийлаштирди ва бу ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ўзбекистонликларнинг АҚШга кўчиб боришига имкон яратди. Иммиграцион визалардан ташқари элчихона 2022 йили 2019 йилдан фарқли ўлароқ талабалар, алмашув дастури бўйича АҚШга ташриф буюрувчилар ва сайёҳлар учун ноиммиграцион визалар учун берилган аризаларни ҳам кўриб чиққанини таъкидлаш керак”, – дейилади расмий изоҳда.

Қайд этилишича, консуллик бўлимининг умумий иш юкламаси ва ходимлар сонидан келиб чиққан ҳолда, режалаштирилган ва кўриб чиқилаётган DV кейсларнинг сони ойдан ойга фарқ қилади. Масалан, ёз ойларида ўзбекистонлик талабалар учун визалар бериш устувор вазифа ҳисобланади, шу боис ўзбекистонлик талабаларнинг АҚШда ўқиш имкониятига эга бўлишлари, улар Ўзбекистонга қимматли билим ва малака билан қайтишларини таъминлаш учун қўшимча ресурслар ажратилади.

“АҚШ элчихонаси жорий молия йилида турли миллат вакиллари учун визаларни ўтган йилга нисбатан кўпроқ кўриб чиқишни мақсад қилган”, – дея маълум қилди консуллик бўлими.

АҚШлик дипломатлар DV дастури ғолибларига уларнинг маълумотларини кўриб чиқиш учун бир марталик тўловни тўлашлари кераклигини эслатган. Бу тўлов грин-карта ғолиби АҚШ элчихонасида виза бўйича суҳбат белгиланган пайтда тўланади.

“DV лотереясида қатнашиш учун ҳеч қандай тўлов олинмайди. Инсофсиз воситачилар талабгорларга грин-карта учун ариза тўлдиришда ёрдам беришлари айтиб, уларнинг тасдиқлаш кодини қўлга киритишгач, улар ғолиб бўлган тақдирда кодни бериш эвазига катта миқдордаги пул талаб қилишлари ҳеч кимга сир эмас. DV дастури иштирокчилари ариза бериш вақтида онлайн бланкаларни ўзлари тўлдириб, ноёб тасдиқлаш кодини ўзлари олиб сақлаб қўйиш орқали бу каби ҳолатларнинг олдини олишлари мумкин.

Консуллик бўлими консуллик хизматларига бўлаётган талабларни етарлича қаноатлантириш, жумладан, Россиянинг Украинага ноқонуний бостириб кириши ортидан ушбу мамлакатдан қочишга мажбур бўлганлар учун визаларни расмийлаштириш устида ишламоқда.

Расмий муносабатда катта рақамли кейслар учун интервю белгиланмаётгани ҳақидаги шикоятларга изоҳ берилмаган.

Top