16:52 / 02.06.2023
34781

Молиявий қопқонга тушиб қолмаслик учун нималарга эътибор қаратиш керак?

Банклар, нобанк молиявий муассасалар, инвестицион компания ва лойиҳалар, фонд бозори, форекс, крипто, шунингдек, бошқа турли лойиҳалар, тармоқли маркетинг схемалари ва бошқалар сизнинг пулингиз учун том маънода курашмоқда.

Фото: vecteezy.com

Уларнинг ҳар бирида сизни тузоққа туширишнинг ўзига хос “усуллари” бор ва ҳеч ким сизнинг фойдангиз ва рискларингиз ҳақида қайғурмайди.

Ҳатто ўзингиз ҳам бу ҳақида ўйламасдан, фақатгина тезроқ, кўпроқ ва осонроқ пул топишни ва айнан шундай таклифларни эшитишни хоҳлайсиз. Буюк манипуляторлар эса бундан фойдаланишади.

Кўпчиликнинг молиявий саводхонлик даражаси юқори бўлмагани учун, бу қармоққа дарров илинишади. Шунинг учун, мен бирор нимага пул тикишдан олдин, эътибор қаратиш ва ҳисобга олиш шарт бўлган бир қанча муҳим жиҳатларни қисқача эслатиб ўтаман.

Агар сизга ҳаддан ташқари юқори даромад ваъда қилинса, эҳтиёт бўлинг!

Мўъжизалар содир бўлмайди ва буни тушуниш керак. Ҳар қандай осон фойда, бозор шароитларидан юқори рентабеллик таклифларига алоҳида ва жиддий эътибор қаратиш керак. Бу – биринчи огоҳлантириш белгиси.

Таҳлил қилинг, текшириб кўринг ва тасдиқланг

Пул тикмоқчи бўлган инвесторингизга инвестиция лойиҳасининг моҳияти (яъни сизнинг пулингиз қайси аниқ лойиҳа ва активларга тикилиши), ушбу инвестиция объектлари шу мамлакатдами, буни текшириш мумкинми, деган мазмундаги саволларни беринг ва буни албатта текширинг.

Қандай қилиб фойда олинади, ушбу лойиҳаларнинг қанақа хавф-хатарлари бор, рисклар қандай минималлаштирилади, ушбу тузилмалардаги рисклар учун ким жавобгар, қандай қилиб ва қайси воситалар билан фойда олишади ва бу қанчалик аниқ? Бу компаниялар неча йилдан бери шу йўналишда ишламоқда, уларнинг ортида ким турибди, қанча ишчиси бор? Мазкур компаниялар қаерда рўйхатдан ўтган (қайси юрисдикцияда/давлатда – агар Ўзбекистондан ташқарида, ва хусусан қайсидир оролларда рўйхатдан ўтган бўлса, бу оролларда ўз ҳуқуқларингизни қандай ҳимоя қилишингизни ўйлаб кўринг), бизнес фаолияти назоратга олинганми ёки йўқ, агар йўқ бўлса, улар сизнинг пулингизни қандай қилиб қонуний равишда жалб қилишлари мумкин, инвестиция жалб қилиш учун қонуний асосларга эгами?

Тақдим қилинаётган ҳужжатларда сизнинг хатарларингиз, инвестиция лойиҳасидан чиқишингиз шартлари, зарар содир бўлганда компания ва инвестор қандай ҳисоб-китоб қилишлари ва қандай йўл тутишлари аниқ кўрсатилганми? Агар ҳа бўлса, сизнинг ҳуқуқларингиз қандай ҳимоя қилинган?

Бундан ташқари, интернетдан компания/лойиҳа раҳбарлари ҳақида маълумот қидиринг, изоҳларни ўқинг, қарор қабул қилишдан олдин улар билан аввал ҳамкорлик қилганлар, муваффақиятга эришган (агар эришган бўлса) одамлар билан мулоқот қилинг.

Инвестиция ва рискларингизни баҳоланг!

Ушбу лойиҳа молиявий ва инвестиция мақсадларингизга (яъни бойлигингизни сақлаш, ликвидлик, рентабеллик, риск даражаси ва ҳоказо жиҳатларидан) тўлиқ жавоб бериш ёки бермаслигини ўзингиз учун аниқлаштириб олинг (албатта, агар сизда молиявий ва инвестицион мақсад ва режалар бўлса).

“Пирамида” белгилари

Агар танишларингиз ва дўстларингизни турли бонуслар олиш учун жалб этишингизни сўрашса, ёки агрессив реклама кампанияси олиб борилаётган бўлса, кириш тўловларини тўлаш сўралса ёки уларнинг тақдим қилган шартномасини ўқиб чиқиб, ҳеч нарсага тушунолмасангиз, янада эҳтиёт бўлинг.

Эпилог

Эсда тутинг, ҳар хил ноаниқ, мавҳум лойиҳалар, чигал схемалар ва номаълум компаниялар ўзларини чиройли ва мураккаб номлар билан таништирадилар. Мавҳум ва чигал схема ва лойиҳаларини эса инвестицион ва бизнес лойиҳа сифатида тақдим этадилар. Иш тепасида турганлар жиддий кўриниш ва эътиборни тортиш учун, расмий кийимларда кўриниш берадилар ва, албатта, манипуляция методларидан, нотиқлик санъатидан усталик билан фойдаланадилар.

Улар тўплаган жамғармаларини мутлақо бегоналар қўлига беришга тайёр бўлган содда одамларни ишонтиришади. Алданиб қолганлар қаторида бўлманг!

Хондамир Нусратхўжаев,
халқаро молиячи,
ММ “MUFEED MOLIYA”
канали асосчиси

Top