11:08 / 02.06.2023
4923

Стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда 

Сенаторлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонунни маъқуллашди.

Фото: Senat.uz

Бугун Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлиси давом этмоқда. Сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонунни муҳокама қилишди.

Таъкидланишича, мазкур қонун техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш қоидалари бузилишларининг олдини олиш соҳасида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун қўлланадиган таъсир чораларини янада тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан мувофиқликни баҳолаш қоидаларини техник регламентлар талабларига мувофиқ бўлмаган маҳсулот чиқарилишига ёки мувофиқликни баҳолашни амалга ошириш учун маҳсулотни тақдим этган жисмоний ёки юридик шахсга зарар етказилишига сабаб бўладиган тарзда бузганлик учун жавобгарликни белгиловчи ўзгартишлар киритиляпти.

Сенат раиси Танзила Норбоевага кўра, техник регламентлар, стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш қоидаларини бузиш алоҳида жиддий хавфларни келтириб чиқаради.

“Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари мувофиқлиги бўйича содир этиладиган бундай ҳуқуқбузарликлар нафақат давлатга иқтисодий зарар етказади, балки фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи учун жиддий хавф солиши мумкин.

Шу билан бирга, бунинг учун белгиланган маъмурий жавобгарлик содир этилган қилмишнинг оғирлик даражасига ва келиб чиқадиган оқибатлар кўламига мутаносиб эмас, бу эса шундай ҳуқуқбузарликлар профилактикасига тўсқинлик қилмоқда”, дея таъкидлаган Сенат раиси.

 Қонунда мувофиқлик сертификати берилиши асоссиз равишда рад этилса, мувофиқлик сертификатининг ёхуд мувофиқлик тўғрисидаги декларациянинг амал қилишини асоссиз равишда тўхтатиб турган ёки тугатган мувофиқликни баҳолаш органи ва унинг мансабдор шахсларининг жавобгарлиги ҳам назарда тутилмоқда. Хусусан, ушбу ҳуқуқбузарлик учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланяпти.

Агар маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида ҳуқуқбузарлик такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваридан 80 бараваригача миқдорда жарима солиш кўзда тутилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Top