18:45 / 09.06.2023
31430

Ким Чен Ин ўзини ўлдираётганлар сони кескин ошгани юзасидан махфий йиғилиш ўтказди

Шимолий Кореяда кўпчилик очлик туфайли оилавий бўлиб ўз жонига қасд қилмоқда. КХДР раҳбари ўз жонига қасд қилишни «социализмга хиёнат» деб атаган.

Фото: AFP

Шимолий Кореяда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари бир йил аввалгига қараганда 40 фоизга кўпайган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Жанубий Корея разведкасига асосланиб Radio Free Asia нашри ёзмоқда.

Нашрнинг КХДР ҳукуматидаги манбалари исми сир қолиш шарти билан маълум қилишича, мамлакат етакчиси Ким Чен Ин бу масалада махфий мажлис ўтказган ва мансабдорларга ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб кетгани бўйича чора кўришни буюрган. Ким йиғилишда ўз жонига қасд қилишни «социализмга хиёнат» деб атаган.

Ким Чен Ин маҳаллий раҳбарларга мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайиб кетгани, бунинг олдини олиш шартлигини айтиб, уларни кескин танқид қилган. Шундан кейин Ким барча маҳаллий раҳбарларга ўзи жавобгар ҳудудларда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича тарғибот ўтказиш бўйича топшириқ берган. Мажлисда айтилган гаплардан хабардор мансабдорларга кўра, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари сони ҳайратланарли даражада ошиб кетган.

RFA нашри Шимолий Кореядаги манбалари айтган маълумотларни тасдиқловчи далил топа олмаган бўлса-да, бу маълумотлар Жанубий Корея разведка хизмати май ойи охирида эълон қилган маълумотлар билан мос келади. Жануб разведкаси Шимолий Кореяда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари аввалги йилга қараганда 40 фоизга ошгани ҳақида ёзган.

«Қийинчиликлар туфайли инсонларни бундай ишга ундовчи омиллар кўп», деб Жанубий Корея разведкаси маълумотларини келтирган RFA нашри. Жануб разведкаси баёнотида қўшимча қилинишича, яшаш қийин бўлиб бораётгани сабаб шимолликлар орасида зўравонлик жиноятлари ҳам кўпайган.

Юқоридаги махфий йиғилиш давомида Ким Чен Ин ўз жонига қасд қилиш расман «давлатга ва социализмга хиёнат» деб белгиланиши кераклигини таъкидлаган. Мамлакат етакчисининг махфий мажлисдаги буйруғи барча провинция, шаҳар ва уезд раҳбарлари учун ўтказилган фавқулодда йиғилишда маҳаллий раҳбарларга етказилган.

«Учрашув Чонжун шаҳридаги Поҳанг райони партия кенгаши биносида ўтказилди. Ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳақида маълумотлар ўқиб эшиттирилганда баъзи мансабдорлар ҳайратини яшириб тура олмади», деган номи сир қолиши шарти билан Шимолий Ҳамгён провинциясида ишловчи мансабдорлардан бири.

Оилавий қасд қилишлар

Йиғилишда фақат Чонжун ва унга яқин Кёнсон округида шу йилнинг ўзида 35 киши ўз жонига қасд қилгани, аксар ҳолларда бутун бошли оилалар биргаликда ўзини ўлдиргани айтилган. «Залдагилар ўз жонига қасд қилганларнинг ўлим олдидан ёзган хатлари, улар мамлакат ва ижтимоий тизим манзилига йўлланган танқидлардан ҳайратга тушишди», дейди суҳбатдош.

Рянган провинциясидаги учрашувда эса қатнашчиларга ўз жонига қасд қилишнинг оқибати очликдан ҳам ёмон экани айтилган. Бу ҳақда нашрга яна бир номини ошкор қилмаган манба маълум қилган. «Аксар ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қашшоқлик ва очлик билан боғлиқ бўлгани сабаб мансабдорлар бунга қарши қандай чора кўришни ҳам билмай қолишди», деган бу манба.

Йиғилишда бир қатор ҳайратланарли ҳолатлар мисол сифатида келтирилган. «Масалан, Ҳйесан шаҳрида 10 ёшли бола ота-онаси маргимуш еб ўзини ўлдирганидан кейин бувиси билан яшаётгани айтилди. Бу мисол кўпчиликни шок ҳолатига туширди», деган нашр суҳбатдоши.

Йиғилишда 60 ёшли эр-хотин тоғдаги дарахтга ўзини осгани, тўрт кишилик оила охирги марта бирга овқатланганидан кейин олтин қазиб олишда ишлатиладиган ўта заҳарли калий цианиди ютиб ўлгани ҳам мисол сифатида келтирилган. Суҳбатдошнинг айтишича, оилалар ночорликдан қийналгани сабаб ягона чора сифатида биргаликда ўз жонига қасд қилишни танлаган. Катта эҳтимол билан, бундай оилалар улардан кимдир тирик қолса, қолганлар ўзини ўлдиргани учун ҳам жазоланишидан қўрқиб биргаликда ўз жонига қасд қилган.

Ким Чен Ин мамлакат даражасида ўтказган йиғилишида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учун маҳаллий раҳбарлар масъулиятни ўз гарданига олиши кераклигини таъкидлаган.

«Совуққонликка йўл қўйганлар жазоланиши, чунки ўз жонига қасд қилиш бу исёнга даъват ва давлатга хиёнат экани айтилди», деган Radio Free Asia нашри билан суҳбатда маҳаллий мансабдор шахс.

Top