10:02 / 25.06.2023
52034

Горбачёвнинг бу иши ҳануз тушунарсиз: Кремл нега Германияни НАТОдан чиқишга мажбурлай олмаган?

Германияни НАТО бағридан суғуриб олишни эплай олмаган Горбачёв СССРдан мустақиллигини биринчилардан бўлиб эълон қилган Литва ва Болтиқбўйининг бошқа иттифоқдош республикаларига нисбатан куч ишлатишда қаттиқ иккиланган.

ГФР канцлери Ҳелмут Кол, Германия ташқи ишлар вазири Ҳанс-Дитрих Геншер ва совет давлати етакчиси Михаил Горбачёв Германия масаласида якуний тартибга солувчи шартномани ювишмоқда. Москва, 1990 йил 12 сентябр. Фото: Фото: Global Look Press

Шу кунларда Ўзбекистон мустақиллик декларацияси эълон қилинганига 33 йил тўлди. Советлар иттифоқининг парчаланиши олдидан рўй берган эврилишлар асносида 1990 йилнинг 20 июнида Ўзбекистоннинг СССРдан ажралиб чиқишини назарда тутувчи мустақиллик декларацияси Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан тасдиқланган эди.

Таниқли тарихчи ва сиёсатшунос, Лондон иқтисодиёт мактаби профессори Владислав Зубокнинг 1993–1991 йилларда советлар иттифоқи парчаланишига сабаб бўлган воқеалар таҳлил қилинган «Коллапс. Совет Иттифоқининг ўлими» (Collapse: The Fall of the Soviet Union) китоби рус тилида ҳам босмадан чиқди.

СССР парчаланиши сабаблари ҳикоя қилинган ушбу китобнинг «Сепаратизм» бобидаги «Германия ва Литва» бўлимида ГФР ва ГДРнинг қўшилиши, шунингдек, Литвада содир бўлган воқеалар тасвирланган. 33 йил аввал бўлиб ўтган қизғин воқеалар ўқувчиларни бефарқ қолдирмаслиги тайин.

Олдинга ўтиб айтиш мумкинки, гарчи Ғарб етакчилари Германиянинг бирлашувини ёқлашган бўлса-да, СССРнинг парчаланишини, хусусан, Болтиқбўйи республикаларининг СССРдан ажралиб чиқишини умуман ёқлашмаган ва қўллаб-қувватлашмаган. Ҳаттоки, АҚШ раҳбари Литвада куч ишлатилишига ҳам қарши эмаслигига шама қилган.

* * *

1990 йилнинг 26 январида Горбачёв ўз кабинетида тор доирадаги одамларни тўплаб, Германияда содир бўлаётган воқеаларни муҳокама қилади. Берлин девори қулагач, Германия Демократик Республикасида юз бераётган, аввалдан тахмин қилинмаган ва мисли кўрилмаган коллапс унинг «умумевропа уйи»ни босқичма-босқич қуриш бўйича режаларини чилпарчин қилди. Германиянинг бирлашуви учун йиллар эмас, қанақадир ойлар кетиши аён бўлиб қолган эди.

Йиғилиш ҳайратланарли тарзда сокин ва прагматик тарзда ўтган. Горбачёвнинг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси Черняев биринчи сўзга чиққан. У Кремл Германия бирлашувининг олдини ололмаслигини таъкидлаб, ягона реал вариант — канцлер Кол билан ҳамкорлик қилиб, Потсдам келишувига кўра 1945 йилдан буён қўшинлари Германияда ҳозир бўлиб турган ғарбнинг уч барқудрат давлати билан Германия масаласини тартибга солиш бўйича музокаралар ўтказиш эканлигини айтади.

Горбачёв совет иттифоқи Германиянинг бирлашувига интилишига тўсқинлик қилиш учун «маънавий ҳақи» йўқлигини айтиб, бунга рози бўлади, шунингдек, Германиянинг бирлашуви СССР ҳам кирадиган «умумевропа уйи» тузилиши билан ҳамоҳанг тарзда рўй бериши кераклигини хоҳлайди.

«Ҳеч ким бирлашган Германия НАТОга аъзо бўлишидан умид қилмаслиги керак. Бизнинг қўшинлар ўша ерда бўлиб туриши бунга йўл қўймайди. Қачонки америкаликлар ўз қўшинларини олиб чиқсагина биз ҳам олиб чиқамиз. Улар эса ҳали-вери бу ишга қўл уришмайди», — деган Горбачёв.

Америкаликларнинг эса режаси бироз бошқача эди. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Брент Скоукрофтнинг ёдга олишича, америкаликлар Михаил Горбачёв «Ҳелмут Колга рад этиб бўлмас таклиф билан чиқиши мумкинлиги»дан хавотирланишган. Гап Германиянинг нейтрал статуси эвазига унинг бирлашувига розилик бериш ҳақида борган.

«Ҳалигача Горбачёв нега бундай қилмаганини тушунмайман, — деган Скоукрофт орадан йиллар ўтиб. — Германиянинг нейтрал давлат бўлиши НАТО парчаланишига ва Америка қўшинлари Европадан олиб чиқилишига олиб келарди».

1989 йил декабр ойи бошларида Горбачёв ва катта Жорж Бушнинг Малтадаги саммитидан сўнг АҚШ президенти Ҳелмут Кол билан учрашган ва Германиянинг бирлашувини қўллаб-қувватлашини унга билдирган. У канцлернинг Германия НАТО аъзо бўлиб қолавериши тўғрисидаги ваъдасини ҳам олган. Икки етакчи умумий мақсадлари совет қўшинларини Шарқий Европа ва Шарқий Германиядан чиқариш экани ҳақида келишиб олишади. Улар ҳар бир ҳаракатни ўйлаб амалга ошириш, Горбачёвнинг ҳокимият тепасида узоқроқ қолишида ёрдам беришга ҳам келишишади.

5 феврал куни Ҳелмут Кол ГДРга ГФР билан валюта иттифоқи тузишни таклиф қилади — бу таклиф катта қувонч билан кутиб олинади ва 1990 йилнинг 1 июлидан кучга киради. Канцлер жуда катта харажатларга қўл уради ва ГДРнинг девалвация қилинган маркаларини ГФР маркаларига 1:1 курси ҳисобида алмаштириб беришни ваъда қилади. Бу замонавий тарихдаги энг катта «пора» эди ва Марказий Европадаги кучлар мувозанатини бузиб юборади. Шарқий Германияда хизмат қилаётган, ГДР маркаларида маош олаётган совет қўшинлари зобитлари айниқса бундан катта фойда кўришади.

Колнинг бу қадами Горбачёвнинг олдига оғир масала қўяди: ё совет қўшинларининг таъминоти учун валюта ахтариб топиш ёки уларни ГДРдан чиқариш керак. Биринчи имконсиз эди, чунки СССРнинг валюта захиралари тугаб бораётган эди, иккинчиси унинг президентлигига нуқта қўйиши мумкин эди.

9 феврал куни АҚШ давлат котиби Жемс Бейкер Горбачеёвга Германиянинг бирлашуви ҳақида тушунтириш учун Москвага учиб келади. У риторик саволни ўртага ташлайди: совет давлати хавфсизлиги учун қай бири яхши — блоклардан холи ва беқарор Германиями ёки НАТО таркибидаги барқарор Германия? АҚШ давлат котиби НАТОнинг юрисдикцияси ва ҳарбий иштироки «шарқий йўналишда бир дюймга ҳам силжимаслиги» ҳақида Горбачёвни ишонтиради. Кейинчалик Горбачёв бу ваъда Германия бўйича бўлажак келишувларнинг ядроси бўлганини кўп таъкидлаган. Бироқ ўшанда у Бейкерга шунчаки «НАТО зонасининг кенгайишига йўл қўйиб бўлмайди», деган холос.

Кўп сонли танқидчилар кейинчалик Горбачёвни Бейкернинг ваъдасидан фойдаланишда нўноқлик қилганликда айблайди. Горбачёв эса танқидчиларидан фарқли ўлароқ, ўзининг музокара позициялари ўшанда нақадар ожиз бўлганини жуда яхши биларди.

Кол ҳам эртаси куниёқ Горбачёв билан учрашиш учун Москвага учиб келади. Совет етакчиси Германия нейтраллиги, Германиянинг мавжуд чегараларини тан олиш, Европадаги умумий вазият ва совет иқтисодий манфаатлари дохил «реалликлар контекстида» Германиянинг келажагини немисларнинг ўзи ҳал қилиши кераклигини айтиб, уни хурсанд қилади. Кол барча «реалликлар»га рози бўлади, фақат нейтралликдан бошқа — у Германия НАТО аъзоси бўлиб қолишини таъкидлаб туриб олади. Бу гаплар билан бирга канцлер яна бир муваффақиятли юриш қилади — у Горбачёвга алоҳида муносабатлар таклиф этади: «Агар сизда қандайдир муаммолар пайдо бўлса, мен биринчи сигналга кўра бир неча соат ичида сиз билан шахсан учрашаман».

Оғир вазиятларни бошидан ўтказган қайта қуриш муаллифи бундай таклифга жуда муҳтож эди. Бейкер ва Кол совет тўлов баланси ҳалокатли аҳволда эканини жуда яхши билишарди. Қаттиқ валютанинг асосий манбаси бўлган совет нефт ва газ саноатида ишлаб чиқариш пасайиши, табиийки, даромад камайиши прогноз қилинаётганди. Нефт нархлари ҳам ўшанда ғалати тарзда жуда паст эди. 1989 йилнинг декабридан бошлаб Ғарб банклари илк марта советларнинг тижорат кредитларига буюртмасини қабул қилмай қўйган. Австрия банклари ва «Deutsche Bank» каби азалий ҳамкорлар СССРнинг ғарб капитал бозорига йўлини ёпиб қўйишди.

Бунга бош сабаб қилиб СССРдаги сиёсий беқарорлик ва ҳокимиятнинг марказдан республикаларга ўтиши кутилаётгани бўлган. Ғарб банкирлари бир неча йилдан сўнг айнан ким уларга пулларини қайтаришини билишни исташган. Бу вақтда давлат корхоналари, бирлашмалари ва кооперативларнинг экспорт тушуми айёрона схемалар бўйича офшорлар томонга оқиб, совет бюджетига тушмай қўйган. Импорт ҳажми эса кундан кунга ўсиб борарди.

Кредит кризисига дучор бўлган СССР давлат банки олтин ва олмослар кўринишидаги кафолат билан валюта излаб топиш учун «своп» операцияларини ташкиллаштирган. Бу ҳам ёрдам бермаган — тўлов балансидаги туйнук тобора кенгайиб бораётган эди. Совет портларига ғалла ва бошқа импорт товарларни етказаётган юк кемалари ҳафталаб фрахтовка учун тўловни кутиб туриб қола бошлаган.

1990 йил феврали охирларида Кол ва Буш яна Кэмп-Дэвидда учрашиб, ўз режаларини солиштириб олишади. Москвадаги ғарб манбалари Шарқий Германиянинг йўқотилиши ва НАТОнинг шарқ томон силжий бошлаган шарпаси русларнинг қаттиқ қаршилигини келтириб чиқариб, Горбачёвнинг тахтдан ағдарилишига олиб келиши мумкинлигини хабар қила бошлашади. Буш ва Скоукрофтни айниқса совет ҳарбийларининг кайфияти ташвишга соларди. АҚШ президенти ва канцлер Горбачёвнинг нуфузи ва ҳолатини ҳимоя қилиб, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишга келишиб олишади. Бир вақтнинг ўзида Буш советлар деворга тираб қўйилганини таъкидлайди: «Буларнинг барчаси пул масаласига бориб тақалади. Уларга пул керак».

Колнинг валюта иттифоқи Горбачёвни июл ойигача ечим топишга мажбурларди. Бу эса май ойи охирига мўлжалланган, Вашингтонда ўтадиган совет-америка саммитида Ғарбнинг Германия ва НАТО бўйича позициясига рози бўлиши мумкинлигини англатарди.

* * *

Горбачёв учун яна бир улкан бошоғриқ Литва эди. 11 март куни ўтган республика сайловларида миллий мустақиллик тарафдорлари ғалаба қозонгач, Литва парламенти урушгача бўлган Литванинг суверенитети ва конституциясини тиклаш бўйича декларация эълон қилади. Депутатлар «Литва давлати»ни тикловчи саксонга яқин қонунлар ва қарорларни биратўла тасдиқлаб юборишади.

Литваликлар Буш ва Кол имкон қадар қочишга ҳаракат қилган нарсани амалга оширишади — Горбачёвни бурчакка қисиб қўйишади. Вилнюс консерваториясининг собиқ профессори Витаутас Ландсбергис миллий мажлис раиси этиб сайланади.

Совет раҳбарияти нима қилишни билмасди — Госплан раҳбари Юрий Маслюков Литва олдига ултиматум қўяди: СССРдан чиқишларингга рухсат, бироқ 1939 йилги Молотов-Риббентроп пакти имзоланганидан сўнг Литвага қўшиб берилган Вилнюс (Вилно) ва Клайпедадан ташқари. СССР Министрлар совети раиси Рижков ва Олий совет президиуми раиси Воротников бу рус ва украин миллатчиларини қўзғатиб юбориши мумкинлигини айтиб, эътироз билдиришади.

Кутилмаганда Рижков Андроповнинг эски лойиҳасини эслаб қолади — миллий автономияларни бекор қилиб, республикаларнинг суверенитетини ювиб юбориш. Горбачёвни президент этиб тайинлаган ўша съезд Литванинг мустақиллигини «ноқонуний» деб топади ва Горбачёвга Литва ҳудудида «СССР ва иттифоқдош республикаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш» ваколати ҳам берилади.

Горбачёв иқтисодиёт ва коммуникацияларга оид муҳим объектлар устидан Москва назоратини таъминлаш вазифаси билан Литвага совет қуруқликдаги қўшинлар қўмондони Валентин Вареннковни жўнатади. Москвага қайтиб келгач, у Литвада президентлик ҳокимиятини ўрнатиш, мамлакатда сайланган парламент ўрнига ҳокимиятни ҳарбийлар ўз қўлига олиши кераклигини таклиф қилади.

Бу вариант Сиёсий бюрода 22 март куни муҳокама қилинади. Марказий комитет котиби Лигачёв ва мудофаа вазири маршал Язов зудлик билан ҳарбий операция ўтказишга чақиришади — улар вақт айирмачилар фойдасига ўйнаётганидан чўчишаётганди. Рижков эътироз билдиради. Унинг фикрича, асосий хавф Литва айирмачилиги эмас, Россия айирмачилигида эди. Рижков агар Елцин ва Москва мухолифати вакиллари РСФСРда ҳокимият тепасига келиб қолса, уларга «Совет  иттифоқини парчалаш, партия ва давлат раҳбариятини ағдариб ташлаш учун у қадар катта куч ҳам керакмаслиги»ни таъкидлайди. Яковлев сукут сақларди — Болтиқбўйи аҳолисини тинчлантириш сиёсати ўтган марта унинг ҳамкасблари олдида обрўси тушишига сабаб бўлганди. Горбачёв барчани эшитар, лекин ўз позициясини тилга олмасди.

Черняев Сиёсий бюро йиғилишини эзилган ҳолда тарк этади. Воқеалар унга 1698 йилда Чехословакияга советларнинг бостириб кириш арафасидаги воқеаларни эслатарди. Агар Горбачёв «Литвада қирғин уюштирса, мен нафақат кетаман, яна нималаргадир қўл уришим мумкин», деб ёзганди у ўз кундаликларида.

Орадан бир неча кун ўтиб, Эстония Олий совети республикада СССР ҳокимиятини ноқонуний деб топади ва мустақил эстон давлатини «қайта тиклайди».

СССР Олий совети ниҳоят республикаларнинг иттифоқдан ажралиб чиқиши тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Бу мураккаб ва кўп меҳнат талаб қиладиган жараён агар республикадаги сайловчиларнинг учдан икки қисми референдумда ажралиб чиқишни ёқлаб овоз берсагина мумкинлиги белгиланади. Боз устига, бошқа иттифоқдош республикаларнинг ҳамда СССР съездининг маъқуллови ҳам керак эди. Болтиқбўйиликлар буни мустақиллик сари йўлларига қўйилган тузоқ ўлароқ баҳолашади. Бошқа томондан, юридик нуқтайи назардан бу ваколатларнинг марказдан республикаларга конституцион йўл билан берилиши сари яна бир қадам бўлади.

9 апрел куни Горбачёв яна Литвани муҳокама қилиш учун президентлик кенгашини чақиради. Асосий хулосалар ҳақида КГБдан Крючков ва ички ишлар вазири Вадим Бакатин ҳисобот беришади. Крючков мужмал қилиб сўзлайди — у куч ишлатишни истарди, бироқ Горбачёв бунга йўл қўймаслигини ҳам биларди. Бакатин гапни айлантириб ўтирмасдан, пўсткалласини айтади. У кризисни «фақат бир йўл билан — куч ишлатиш йўли билан ҳал қилиш керак»лигини айтиб, у ерда бундан бошқа ҳокимият ричаги қолмаганини таъкидлаган.

У Литванинг асосий иқтисодий активларини Москва назоратига олишни таклиф қилиб, нефт ва бензин етказиб беришни тўхтатиш, литваликларни совет маҳсулотларини хорижга сотишдан мосуво этишни таклиф этади. Шунингдек, Москва ғарб етакчиларига мурожаат қилиб литваликларни марказ билан музокара олиб боришга кўндириб беришни сўраш тавсия этилади.

Бакатиннинг Литвага иқтисодий босим уюштириш таклифи ҳарбийлардан ташаббусни тортиб олишдек янграйди. Мудофаа вазири Язов Бакатиннинг сўзларини маъқуллашга мажбур бўлади, бироқ дарҳол ишга киришиш лозимлигини талаб қила бошлайди: «Қандай чора қўллаш ҳақида яна қанча бош қотириш мумкин?! Менимча, ҳаммасини [ҳарбий йўл билан] уч кун, борингки ана беш кун, узоғи бир ҳафтада ҳал қилса бўлади».

Рижков аввал ҳаммасини етти ўчлаш лозимлигини айтиб, эътироз билдиради. Президентлик бошқаруви — бу «шунчаки тугмани босиб ўрнатиладиган нарса эмас... Одамлар кўтарилиб кетади, аниқ кўтарилади ва у ерда фуқаролар уруши бўлади. Уруш қанча чўзилишини ҳеч ким аниқ билмайди».

13 апрел куни совет ҳукумати Литва ҳукуматига хат жўнатиб, улар ўзларининг биртомонлама қабул қилинган қарорларни икки кун ичида бекор қилиши ёки бошқа республикалардан бораётган маҳсулотлар учун «эркин конвертланадиган валюта»да тўлов қилишларини билдиради. Бу ултиматум Литванинг мустақиллик декларациясини бекор қилишни талаб қилмаётган эди. Вилнюсдаги Миллий мажлис музокараларни рад этади. 18 апрелдан бошлаб Литвага нефт маҳсулотлари етказиб бериш амалда тўхтайди.

Ғарбда «блокада» ва «бўғиш» ҳақида гапира бошлашади, лекин вазият аслида ундай эмасди. Литвада бензин захиралари июнгача етарди, у одатда етказилган газнинг бешдан бир қисмини олиб турганди. Республика озиқ-овқат етишмовчилигини ҳис қилмаётганди, чунки уни ўзи ишлаб чиқарарди. Чегарада тўсиқлар йўқ эди ва Литва Москвани айланиб ўтиб, кооперативлар ва корхоналар орқали бошқа республикалардан товарлар олишда давом этаётганди.

6 апрел куни СССР ташқи ишлар вазири Эдуард Шеварднадзе Буш билан Овалсимон кабинетда учрашиб, Литва билан можароларда Москвани қўллашни сўрайди. Буш «куч ишлатиш ёки Литвани бостириш АҚШ учун муаммо бўлиши»ни таъкидлайди. «Биз эллик йиллик тарихнинг асирларига айландик», деди АҚШ президенти ва томонларни «мулоқот»га чорлайди.

Бундан бир неча кун ўтиб Канада бош вазири Брайан Малруни билан суҳбатда Буш Литва ва Москва ўртасидаги можародан қаттиқ ташвишда эканини тан олди. Горбачёв «Шарқий Европа ва Германияни бой бергани» учун кучишлатар тизимларнинг қаттиқ танқиди остида қолди, энди эса «Совет иттифоқининг эҳтимолли парчаланаши» хавфига дучор келиб турибди, дейди Буш.

АҚШ раҳбари агар Москвада Литвада куч ишлатиш сценарийсидан фойдаланса, Америка ҳокимияти совет раҳбариятидан юз ўгирмаслигига ҳам шама қилади. «Ҳаттоки энг ёмон вариантда ҳам биз ҳаммасини аввалги ўзанга қандай қилиб қайтариш ҳақида ўйлашимизга тўғри келади», дейди катта Жорж Буш.

Ландсбергис АҚШ ҳокимияти унинг тарафини олмаслигидан шубҳа қилиб турган эди. У Оқ уй администрациясини «Янги Мюнхен» қилишаётганликда айблаб, ғарб етакчиларининг Горбачёвга ёрдамини Ҳитлернинг 1938 йилги Чехословакиядаги агрессияси ғарб давлатлари томонидан осонгина ҳазм қилиб юборгани билан солиштира бошлайди. Болтиқбўйидан келиб чиққан америкаликлар ва Конгресснинг айрим аъзолари Литва мустақиллигини зудлик билан тан олишни талаб қилиб, СССРга қарши иқтисодий санкциялар эълон қилишга чақира бошлашади.

Бу Буш ва Скоукрофтни ниҳоятда ғазаблантирарди. Скоукрофтнинг эслашича, «болтиқбўйиликлар оловга ёғ сепишарди… Аслида, Болтиқбўйи давлатларининг мустаҳкам мустақилликка эришиши учун ягона йўл Кремлнинг розилиги эди. Бизнинг вазифамиз Москвани шунга кўндириш билан боғлиқ эди».

Буш ва Скоукрофт келиб чиқиши болтиқбўйилик бўлган америкаликлар билан учрашиб, Литва мустақиллиги калити Горбачёвнинг ҳокимият тепасида қолиши эканига ишонтирмоқчи бўлишди. Бироқ, болтиқбўйиликлар бошқа нарсани таъкидлаб, қайсарлик қилишди: «Литванинг мустақил бўлиши Россиянинг ҳам озод бўлиши учун йўл очади. Ғарбнинг бу борадаги қатъий позицияси совет консеваторларини ҳам жиловлайди».

Ғарбий Европа ҳукуматлари ҳам литвалик айирмачилар охирини ўйламасдан ҳаракат қиляпти, деган фикрда эди. Совет етакчисига Европадаги янги ва барқарор хавфсизлик архитектураси ва янги иттифоқ қуриш учун кўпроқ вақт берилиши керак эди. «Горбачёв учун Литва кутилганидан 6–12 ой аввалроқ содир бўлди», — дейди Германия ташқи ишлар вазири Ҳанс-Дитрих Геншер Буш билан суҳбатда.

«Биз литваликларни мулоҳазакор бўлишга чақиришимиз керак», — деган эди АҚШ раҳбари билан учрашувда Франция президенти Франсуа Миттеран. Унинг сўзларига кўра, совет империясидаги республикалар бирин-кетин ажралиб чиқишни бошлашса «Горбачёв кетади, унинг натижасида ҳарбий диктатура вужудга келади». Унинг бу баҳоси Ғарбда умумқабул қилинган баҳога айланади.

Миттеран ва Буш мўътадил литваликларга мустақилликни эълон қилиш ғоясини кечиктириб туришни Кремл кириб қолган боши берк кўчадан чиқиш йўлларидан бири сифатида таклиф этишга келишиб олишди. 24 апрел куни Миттеран ва Кол Литва раҳбариятига шундай хулосалар битилган тегишли хатни жўнатишди. 26 апрел куни литвалик ишчи Станисловас Жемайтис қатъий норозилик белгиси сифатида ўзини Москвадаги Катта театр олдида ёқиб юборди. Ғарбнинг Литва мустақиллигини тан олишни рад этиши ва Горбачёвнинг қатъияти литвалик депутатларни ҳам ўзига келтириб қўйди.

4 май куни Латвия Олий совети Литва ва Эстонияга қўшилди ва 1940 йилгача мавжуд бўлган мустақил Латвия давлатини тиклашини эълон қилади. Латвия ва Эстонияда аҳолининг тенг ярми русийзабон эди ва улар ажралиб чиқишга тайёр эмасди. Бу республикалар етакчилари Москва билан музокаралар ўтказишга қарор қилишади.

Ўша вақтда Горбачёвнинг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси Георгий Шахназаров янги Иттифоқ шартномасини муҳокама қилиш учун барча республикалар етакчиларини думалоқ стол атрофига йиғишни таклиф қилади. Иттифоқда қолишни истаганлар шартномани имзолашади, кимдир рад этса, ассоциацияланган аъзо статусини танлаши ва совет энергия ресурслари учун тўлиқ баҳода тўлов қилиши мумкинлиги айтилади. Горбачёвнинг ёрдамчиси шу йўл билан гуржи, арман ва озарбойжон айирмачиларининг ҳовурини ҳам бироз пасайтириш мумкин, деб ишонаётганди. Иттифоқ деб аталмиш порох бочкасидаги Болтиқ пилиги фақат шу йўл билан зарарсизлантирилиши мумкин эди гўё.

Шахназаров президентлик ҳокимияти Горбачёвга республика раҳбарларини ягона қўл остида бирлаштириб ушлашга изн беради, деб ҳисоблаётганди. Бироқ Горбачёв бор диққат-эътиборини Литвага қадаб олди, гўёки фақат у совет давлатининг асосий муаммосидек. «Мен [барча литвалик] айирмачиларни эзиб ташлайман», — дейди у.

18 май куни Горбачёв Ландсбергисдан фарқли ўлароқ, мўътадил ва оқил раҳбар ҳисобланувчи Литва бош вазири Казимира Прунскене билан учрашди. Горбачёв Прунскене Вилнюсга бориб, парламентини мустақиллик декларациясини музлатишга кўндиришини истарди. Прунскенеда Горбачёв ҳарбийларнинг босимига таслим бўлгандек таассурот уйғотди, шунда у ғарб дипломатларига Москвадаги қатъий курс тарафдорларига қарши туришда ёрдам сўраб мурожаат қилади.

Литва инқирози ва унга нисбатан совет санкциялари давом этарди...

Top