09:27 / 08.07.2023
6959

Июл ойида аномал иссиқ кутилмаяпти - «Ўзгидромет»

Жорий йилнинг июль ойи ўртача иссиқ об-ҳаво билан бошланди. Кундуз кунлари ҳаво ҳарорати +37...+39 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +41...+43 даражагача кўтарилди.

Фото: Kun.uz

“Ўзгидромет” маълумотига кўра, 3-4 июл кунлари Қозоғистон ҳудудларидан нисбатан салқин ҳаво массаси кириб келиши ҳисобига иссиқ пасая бошлади ва ҳафтанинг катта қисмида ҳаво ҳарорати +31...+36 даража бўлган қулай қийматларда сақланди. Энг чекка жанубий ҳудудларда ҳам кундузги ҳарорат +39 даражадан юқори бўлмади.

6-7 июл кунлари республиканинг бир қатор туманларида қисқа муддатли ёмғир ёғди ва момақалдироқ кузатилди.

9-10 июл кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келади ва ҳарорат кўтарила бошлайди.

Иссиқ об-ҳавонинг чўққиси 11-13 июл кунларига тўғри келади. Кундузи ҳаво ҳарорати +39...+42 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда +43...+45 даражагача кўтарилади.

Бироқ бу иссиқ давр узоқ бўлмайди. 13 июлдан республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларига, 14 июлдан барча ҳудудларга, бу сафар Кавказдан салқинроқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Ҳарорат фони +3...+5 даражага пасаяди. Ҳароратнинг энг сезиларли пасайиши Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида кузатилади, бу ерда ҳаво ҳарорати +5...+7 даражага пасаяди.

Сўнг июль ойининг охиригача ҳароратни қисқа муддатга кўтарилиши кузатилади, лекин синоптиклар ушбу июл ойида аномал иссиқ кутмаяпти.

Тошкентда 1997 йил 18 июл куни ҳаво ҳароратининг мутлақ максимуми кузатилган, бунда ҳарорат +44,6 даражани ташкил этган. Бу қийматга яқин ҳарорат 1881 йил 6 июлда (+44,1 даража) ва 1983 йил 30 июлда (+44,5 даража) қайд этилган.

Top