08:28 / 09.07.2023
18261

Ўзбекистонда навбатдан ташқари президентлик сайлови бошланди

Бугун, 9 июл - Ўзбекистонда президентлик сайлови куни. Сайлов участкалари соат 20:00 га қадар очиқ бўлади.

Фото: Kun.uz

Соат 8:00 да Ўзбекистонда муддатидан илгари президентлик сайлови бўйича сайлов участкалари очилди. Участкаларда соат 20:00 гача овоз бериш мумкин.

Бу сафар номзодлар сони беш эмас, тўрт нафар, чунки икки партия битта номзодни илгари сурган. Номзодлар:

  • Халқ-демократик партиясидан — Улуғбек Иноятов;
  • Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Либерал-демократик партия (ЎзЛиДеП) («Миллий тикланиш» партияси томонидан қўлланган) — Шавкат Мирзиёев;
  • «Адолат» Социал-демократик партияси — Робахон Маҳмудова;
  • Экологик партия — Абдушукур Ҳамзаев.

Янгиланган Конституцияга кўра, сайловда ғолиб бўлган номзод кейинги 7 йил давомида президентлик қилади.

Марказий сайлов комиссияси Ўзбeкистон Рeспубликаси Прeзидeнти сайловида овоз бeриш тартибини эслатди:

Марказий сайлов комиссиясига кўра, 2023 йил 1 июл ҳолатига жами 376 минг 623 нафар сайловчилар муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланган. Шундан республика ҳудудида – 275 минг 592 нафар, хорижда – 101 минг 31 нафар сайловчи овоз берган.

Сайловчи сайлов бюллетенини суратга олиб ижтимоий тармоқларга жойласа бўладими?

Сайлов бюллетенини тўлдирилган ҳолда ёки уни тўлдириш жараёнини суратга ёки видеога олиш, олинган тасвирларни тарқатиш, шу жумладан ижтимоий тармоқларга жойлаштириш тақиқланади. Ушбу хатти-ҳаракат сайловнинг яширин овоз бериш принципини бузиш демакдир. 

Cайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди.

Сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш (ҳаммага маълум қилиш), шу жумладан ахборот тармоқларига, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш тақиқланади.

Мавзу
Президентлик сайлови-2023
Ўзбекистонда 2023 йил 9 июл куни муддатидан илгари президенти сайлови бўлиб ўтади. Янгиланган Конституцияга кўра, президент ваколат муддати ҳозирги 5 йилдан 7 йилга оширилган.
Барчаси
Top