13:07 / 14.07.2023
20863

Шавкат Мирзиёев: «Қонунларни, одамларни менсимайдиган, коррупция балосига берилган ҳар қандай раҳбар билан узил-кесил хайрлашамиз»

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси сайланган президенти Шавкат Мирзиёев тантанали қасамёд қилиб, ўз лавозимига киришди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шундан сўнг давлат раҳбари нутқ сўзлади.

«Одамлар энди биздан янги амалий ишларни кутяпти. Миллионлаб инсонлар – ота-оналаримиз, опа-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз бугун бизга умид ва ишонч билан кўз тикиб    турибди. Ана шундай умид ва ишончни оқлаш, эришган ютуқларимизни янги натижалар билан мустаҳкамлаш бизнинг нафақат вазифамиз, балки инсоний бурчимизга айланиши шарт», деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, барча бўғиндаги раҳбарларга чиройли, баландпарвоз гапига қараб эмас, фаолиятининг аниқ натижасига қараб баҳо берилади.

«Қонунларни, одамларни менсимайдиган, уларга қўпол муносабатда бўладиган, бюрократия ва коррупция балосига берилган ҳар қандай раҳбар билан – у вазир ёки ҳоким бўладими, бошқа масъул вазифадаги амалдор бўладими – салбий ҳаракатлари билан давлат обрўсига путур етказаётган бундай кишилар билан узил-кесил хайрлашамиз. Уларнинг ўрнига билимли, Ватан ва халқ ташвиши билан яшайдиган ёш-ёш йигит-қизларни қўямиз.

Мана, сафимизга юртимиздаги, чет элдаги нуфузли олийгоҳларда ўқиган, йирик компанияларда ишлаган қанча-қанча салоҳиятли ёшлар кириб келмоқда. Мен уларнинг тимсолида аввало эртанги кунимизнинг янги раҳбарларини, ҳудуд, тармоқ ва соҳаларнинг моҳир бошқарувчиларини кўраман», - деди президент.

Top