18:33 / 19.07.2023
77655

Бруклинда 15 ёшли ўзбек йигит отиб ўлдирилди

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўзбекистонлик муҳожирларнинг 15 ёшли ўғли Фаридун Мавлонов ҳалок бўлди. Йигитни 17 ёшли ўсмир отиб ўлдирган.

Воқеа 17 июл, душанба куни туш вақтида содир бўлган. Самарқандлик оиланинг фарзанди бўлган Фаридун Мавлонов яшаш уйи яқинида, 20 авенюда отиб ўлдирилган.

Фаридун Мавлонов

Ҳодиса ҳақида полицияга 911 рақамли орқали хабар берилган ва улар етиб борганда йигитни яқин атрофдаги Маимонедес касалхонасига оғир аҳволда олиб боришган. Йигитнинг ўлими 18 июл, сешанба куни қайд этилган.

Қотил ўқ узаётган ҳолат назорат камерасига тушиб қолган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 17 ёшли ўсмир Франклин Делано Рузвелт олий мактаби ташқарисида турган ёшларга қарата 7 марта ўқ узган. Тергов жараёнини бошқараётган детектив Жеймс Эссигнинг сўзларига кўра, қотил айнан Фаридунни нишонга олиб ўқ узмаган. Ҳолат кўчадаги назорат камерасига ҳам тушган ва унда қотил кўчада одам кўп бўлган вақтда ўқ узгани кўринади. У ўқ узган жойда эса юк машинаси ҳам тўхтаб турган.

Фирдавс Мавлонов 12 йил аввал ўз оиласи билан АҚШга кўчиб кетган. Ота ҳозирда сартарошлик билан шуғулланади, марҳум ўғли ҳам бўш вақтида унга ёрдам бериб турган. Фаридун дзюдо яккакураши билан ҳам шуғулланган.

«Ҳар кун қўрқинчлироқ бўлмоқда. Бугун менинг ўғлим ўлди, эртага бошқанинг ўғли ўлиши мумкин», дейди марҳумнинг отаси.

Йигитнинг дафн маросими вақтида кўплаб ОАВ вакиллари етиб бориб, унинг яқинлари билан гаплашишга ҳаракат қилишди. NYT йигитнинг отаси Фирдавс Мавлонов билан гаплашган. Унинг айтишича, ўғлини отиб кетишгани ҳақида жияни телефон қилиб айтган. Фаридунни икки марта операция қилишган, аммо қон кетиши тўхтамаган. «Ўғлимни ҳамма биларди. Болаларни ўлдиришни бас қилиш керак, бу жуда ёмон. Илтимос, менга ёрдам беринг», - деган 15 ёшли марҳумнинг отаси NYT билан суҳбатда.

Марҳумнинг отаси Фирдавс Мавлонов

«Бутун оиламиз ўзини йўқотиб қўйди. Биз жуда азиз инсонимизни йўқотдик. Фаридун жуда яхши, хотиржам йигит эди. Ўтиниб сўраймиз, бу ишни қилганни топиб жазоланг», - деган йигитнинг амакиси Озод Жўраев.

Детектив Жеймс Эссигнинг сўзларига кўра, отишма содир бўлишидан тахминан икки соат олдин икки гуруҳ ёшлар ўртасида келишмовчилик юзага келган. Кейин улар учрашиб, орани очиқ қилишга келишиб олган. Нариги гуруҳдагилар орасида эса отишмани содир этган 17 ёшли қотил ҳам бўлган. У белгиланган жойга етиб боришганда тўппончасини чиқариб тўғри келган томонга қаратиб ота бошлаган.

Полиция воқеа жойини ўрганмоқда.
Фото: NYpost
Полиция воқеа жойини ўрганмоқда.
Фото: NYpost
Полиция воқеа жойини ўрганмоқда.
Фото: NYpost

Марҳумнинг уйига яқин жойда яшовчи актриса Амбер Брукс-Вагнернинг айтишича, тинчроқ, отишма камроқ бўлади деган умидда Ҳарлемдан Бруклиннинг ушбу қисмига кўчиб келган. «Шаҳардан ташқарироқдаги бу жойда отишма, зўравонлик бўлмайди деб ўйлайсан, аммо отишма ҳаётимизнинг бир қисмига айланганига кўникишга мажбурга ўхшаймиз. Лекин доим қўрқув билан яшаб бўлмайди», деган у.

Top