09:04 / 31.07.2023
4516

Нигерда хунта тарафдорлари Россия байроқлари билан кўчаларга чиқди

Марш иштирокчилари Нигер пойтахти кўчалари бўйлаб Россия байроқлари билан юрди, шундан сўнг Франция элчихонаси эшигига ўт қўйди, деб хабар беради AP.

Фото: Sam Mednick/AP/dpa/picture alliance

Нигерда ҳарбий тўнтаришнинг минглаб тарафдорлари Францияни мустамлакачилик ўтмишида қоралаб, пойтахт Ниамей бўйлаб марш ўтказди. Шу билан бирга, улар Россия байроқларини силкитиб, Франция элчихонаси эшигига ўт қўйди, шундан сўнг армия оломонни тарқатиб юборди, деб хабар беради 30 июль, якшанба куни AP. 

Унга кўра, иштирокчилардан баъзилари «Франция барҳам топсин» деган ёзув ва Россия президенти Владимир Путинни қўллаб-қувватловчи шиорлар туширилган плакатларни кўтариб юрган. Агентлик қайд этишича, Россиянинг норозилик намойишларида иштироки даражаси ҳали аниқлаштирилмаган. AP эслатишича, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси Малида Нигер билан чегарада фаолият юритади, шунингдек, Россиянинг Ғарбий Африкадаги таъсири кенгайган. 

Париж воқеадан сўнг «Франция фуқаролари, армияси, дипломатлари ёки француз базаларига қилинган ҳар қандай ҳужум дарҳол ва муросасиз жавобга сабаб бўлади», дея маълум қилди, деб ёзмоқда AFP ахборот агентлиги. Елисей саройи Франция ва унинг манфаатларига қаратилган ҳужумларга тоқат қилмаслигини таъкидлади. 

Айни пайтда, Абужада бўлиб ўтган Ғарбий Африка Иқтисодий ҳамжамияти (ECOWAS) фавқулодда саммитида ушбу уюшма, Африка Иттифоқи ва халқаро ҳамжамият Муҳаммад Базумни Нигернинг қонуний ва сайланган президенти ва давлат раҳбари деб ҳисоблашда давом этиши таъкидланди. 

 

Top