08:31 / 04.08.2023
11662

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Кобулда «Толибон» етакчилари билан учрашув ўтказиши кутиляпти

Афғонистоннинг марказий «Телевизионе милли-е Афғонистон» телерадиоканалида Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги элчиси Ёдгор Шодмонов билан интервью намойиш этилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Интервью Афғонистон миллий телерадиокомпанияси томонидан ўзбек, дари ва пушту тилларида эфирга узатилди. Суҳбат Ўзбекистон – Афғонистон ўртасида икки томонлама муносабатларининг ҳолати ва истиқболлари ҳамда минтақада тинчликни таъминлаш масалаларига бағишланди.

Унда элчи Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги мавжуд салоҳият, савдо-иқтисодий, маданий-ҳуманитар, тиббиёт ва бошқа соҳаларда ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар, давлатимиз раҳбари томонидан Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва ушбу мамлакатни халқаро иқтисодий жараёнларга жалб этиш бўйича ташаббуслари ҳақида сўзлаб берди.

Ёдгор Шодмонов интервью давомида Афғонистонда тинчликнинг мустаҳкамланиши ўзаро ҳамкорлик ишларининг янада кенгайишига хизмат қилишини таъкидлади. Ўзбекистон элчиси, шунингдек, Афғонистонда иқтисодий инқироздан чиқиш ва гиёҳванд моддаларга қарши курашда ижобий натижаларни эътироф этди ва бу борада тегишли ишлар олиб борилаётганини қайд этди.

«Ўзбекистон Афғонистон билан дўстона муносабатларни ривожлантиришга интилмоқда. Хусусан, савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббуслар илгари суриляпти. Ушбу лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши Афғонистон, шунинг минтақа давлатлари ва уларнинг аҳолиси фаровонлиги учун хизмат қилади. Яқин кунларда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари бошчилигидаги делегация Кобулга келади ва «Толибон» етакчилари билан учрашув ўтказилади. Бизнес-форум ташкил этиш режалаштирилган», - деди Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси раҳбари.

Суҳбат давомида афғон тадбиркорларининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритаётган сармоялари ва уларга яратиб берилаётган шароитлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган.

«Бугунги кунда Ўзбекистонда хорижий инвесторларга жуда қулай ишбилармонлик муҳити яратилган. Ўз навбатида, ушбу имкониятлардан афғон тадбиркорлари ҳам самарали фойдаланиб келмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда мингдан ортиқ афғонистонлик тадбиркорлар фаолият олиб боряпти. Хусусан, 31 та йирик афғон компаниялари мамлакатимизга 118 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан тўғри сармоя киритган», дея қайд этади миссияси раҳбари.

Top