07:20 / 12.08.2023
2780

Ўзбекистон Афғонистонга давлат харидлари орқали дори воситаларини етказиб бермоқчи

Ўзбекистондаги фармацевтика корхоналари Афғонистоннинг дори-дармон бўйича давлат харидларида (тендерларида) иштирок этиши мумкин.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Улуғбек Эгамов раислигида Афғонистон Озиқ-овқат ва дори-дармон миллий идораси (AFDA) раиси доктор Абдул Бори Умар билан музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар қилди агентлик матбуот хизмати.

Суҳбат чоғида Ўзбекистондаги фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарни Афғонистоннинг дори-дармон бўйича давлат харидларида (тендерларида) иштирок этиши каби таклифлар билдирилди.

Афғонистонда Ўзбекистон фармацевтик маҳсулотлари шоурумини ташкил этиш, Ўзбекистон фармацевтик маҳсулотларини Афғонистоннинг тегишли идораларида рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилиш муддатларини қисқартириш ҳам таклиф қилинди.

Музокаралар якунларига кўра, таклифлар ишлаб чиқиш ва маълумот алмашиш учун қўшма техник ишчи гуруҳ тузиш таклифи қўллаб-қувватланди, унинг таркибини яқин вақт ичида тасдиқлаш ва тақдим этишга қарор қилинган.

Top