11:50 / 13.08.2023
46154

Миллиард доллар зарар етказган жосус: МРБга муҳим маълумотларни сотган совет муҳандиси қандай қатл этилганди?

1985 йилда СССРда таниқли муҳандис олим Адольф Толкачёв ҳибсга олинади. Уни ватанга хиёнат қилишда айблашади. Толкачёвни ўша йили советлар фойдасига жосуслик қилган ва СССРга қочиб ўтган Эдвард Ли Ҳовард фош этганди. Уч йил давом этган тергов ва суд жараёнларидан сўнг 1986 йилда Толкачёвга ўлим жазоси берилади.

Фото: Getty Images

1953 йил 5 март куни СССРни 31 йил (1922-1953 йиллар) бошқарган қонхўр Сталин вафот этгач мамлакатда кўп нарса ўзгариб кетади. Ўша йили унинг энг ишонган одами, миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган НКВД бошлиғи Лаврентий Берия ҳам қўлга олинади ва отувга ҳукм қилинади.

Шундан сўнг Сталин даврида қатағон қилинганлар, жазоланганларнинг ишлари қайта кўрилиб, тирик қолганлар қамоқхоналардан озод қилинади.

1956 йилда СССР раҳбари Никита Хрушчев партиянинг ХХ съездида «Шахсга сиғиниш ва унинг оқибатлари» ҳақида маъруза қилади. Хрушчев маърузасида Сталин даврида қилинган ишларни кескин қоралайди. «Халқлар доҳийси» деб таърифланадиган Сталиннинг ўзини «қонхўр ва золим эди» деб атайди.

Гарчи Хрушчевнинг маърузаси ҳеч қаерда эълон қилинмаган бўлса ҳам унинг матни СССР бўйлаб тарқалади. Шундан сўнг Сталин қатағонларида иштирок этмаган ва ўзини виждонли сановчи жуда кўплаб инсонларнинг совет тузумидан ҳафсаласи пир бўлади.

Шундан сўнг СССРда яна совет тузумига қарши одамлар пайдо бўлади. Уларнинг айримлари хорижга чиқиб кетади, бошқалари эса мамлакатда қолади.

Бундай инсонлар орасида таниқли муҳандис олим Адолф Толкачёв ҳам бор эди. У 1970-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб СССРдаги МРБ жосуслари билан ҳамкорлик қилади ва кўплаб муҳим маълумотларни беради.

Охир-оқибат Адолф Толкачёв учун барчаси аянчли якун топади. КГБ фойдасига ишлаган ва 1985 йилда СССРга қочиб келган МРБ ходими Эдвард Ҳовард Адолфнинг МРБ билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилади.

Шундан сўнг муҳандисни ҳибсга олиб тергов қилишади ва 1988 йилда унга ўлим жазоси беришади. АҚШ ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари тарихига назар ташланса МРБ ёки МИ-5 фойдасига жосуслик қилганларнинг аксарияти Ғарбга қочиб кетганини кўриш мумкин. Бироқ Толкачёв бунга улгурмайди.

Адолф Толкаёв

Адолф Толкачёв 1927 йилда Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида туғилган. Кўп ўтмай унинг ота-онаси Москвага кўчиб ўтишади. Урушдан сўнг Адолф аввалига Харков политехника институтини битиради.

Ўша пайтларда диплом олган талабалар бир неча йил мажбурий ишлаб бериш амалиёти йўлга қўйилган бўлиб, уни СССР радиосаноат вазирлиги таркибидаги радиосозлик тадқиқот институтига жўнатишади.

Толкачёв анча кеч уйланади. Унинг қайнонаси ва қайнотаси 1930-йиллар охирида қатағон қилинган ва улар ГУЛаг қамоқхона лагерларида ўлиб кетишганди.

Адолфда ўша пайтлардан бошлаб совет тузумига нисбатан нафрат пайдо бўлади. Айниқса, Сталин вафотидан сўнг унинг даврида содир этилган жиноятлар ошкор бўлгач ундаги нафрат баттар кучаяди.

Шундан сўнг унда хорижга қочиб кетиш фикри туғилади. Бироқ радиосозлик соҳасида жуда иқтидорли бўлган Толкачёвга яхши маош тўлашар, шу сабабли у қочишни ортга суриб юраверади. Бироқ кейинчалик МРБнинг СССРда ишлаётган жосуслари билан ҳамкорлик қилишга қарор қилади.

Бу пайтда у КГБ назорат қиладиган, ҳарбий самолётлар, қитъалараро баллистик ракеталарга ўрнатиладиган ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими қурилмаларини чалғитувчи радиоускуналар тайёрланадиган корхонада ишларди.

Америкаликлар билан ҳамкорлик

Москвада Толкачёв яшаётган кўп қаватли уй АҚШ элчихонаси жойлашган бино олдида эди. У ишга бориб келиб юрган пайтларида кўп марта элчихонага кириб чиқиб юрган ходимларга дуч келарди.

Унда америкаликлар билан ҳамкорлик қилиш режаси аввалдан бўлган, бу иштиёқ 1975 йилга келиб кучайганди. Бироқ улар билан қандай қилиб алоқа ўрнатишни билмаётганди.

У 1977 йил январдан 1978 йил февралгача бир неча марта америкаликларнинг машинасига яқинлашишга уринади. Бироқ ҳаракатлар муваффақиятсизлик билан тугайди.

Толкачёв бешинчи уринишда ёқилғи қуйиш шохобчасида МРБнинг СССРдаги бюроси бошлиғи Гарднер Хэтэуэйга яқинлашади. Ўша пайтларда СССРдан қочмоқчи бўлган айримлар шу усулни қўллагани учун америкалик Толкачёвни мақсадини англайди.

Гарднер Хэтэуэй Толкачёвга қўл остида ишлайдиган Жон Гилшер исм-шарифли ходими у билан боғланишини айтади. Охир-оқибат, муҳандис 1979 йил 1 январ куни элчихона ходими қиёфасида ишлаётган МРБ жосуси Жон Гилшер билан алоқа боғлашга муваффақ бўлади.

Жон Гилшер уни бир неча марта синайди. Толкачёв унга бир қанча муҳим ҳужжатларни бериб синовлардан ўтгач у билан ҳамкорлик қила бошлайди.

Ўшанда МРБ жосуси Толкачёвдан нега америкаликлар билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлаётганини сўраганда у совет тузумидан кўнгли қолганини, шу сабабли ҳамкорлик қилаётганини айтган.

«Менда совет ҳукуматига қарши нафрат уйғонишида Солженицин (машҳур ёзувчи) ва Сахаровнинг (академик, СССРдаги тузумга қарши бўлган энг таниқли шахс) ҳиссаси катта. Мен уларнинг яширинча тарқатилган асарларини, мақолаларини ўқиб борардим ва ўшандай пайтларда нимадир қилиш керак деб ўйлардим. Кўп ўтмай ўзим ҳам қисқа варақалар ёзишни бошладим. Бироқ кўп ўтмай бу беҳуда иш эканини англадим.

Ишим туфайли хорижий журналистлар билан алоқаси бўлган шахсларнинг доирасига киролмасдим. Иш жойимда арзимаган шубҳа туғилса, бутунлай КГБ назорати остида қолишим ёки йўқ қилинишим мумкин эди. Шунда мен орқага қайтишга имкон бермайдиган йўлни танладим – МРБ билан ҳамкорлик қилишга қарор қилдим. Иш ҳақи масаласига келсак, мен ҳеч қандай пул эвазига, масалан, Хитой элчихонаси билан алоқа ўрнатмаган бўлардим.

Америка ҳақида нима дейиш мумкин? Балки у мени сеҳрлаб қўйгандир ва мен ақлимни йўқотиб, уни ёқтириб қолгандирман?! Юртингизни ўз кўзим билан кўрмаганман ва ғойибона ошиқ бўлганим йўқ. Баъзи фактларга асосланиб, менга Америкада яшаш афзалдай туюлади. Бу сизга ҳамкорликни таклиф қилганимнинг асосий сабабларидан бири. Мен учун мукофот фақат пул эмас. Шунчаки ишимни қадрлашларини, унинг маъно-мазмуни ва аҳамиятини муносиб баҳолашларини хоҳлайман».

Толкачёв МРБ ходимлари билан ҳамкорлик қилар экан, улар билан хуфиёна жойда учрашиш, радиочастоталардан фойдаланиш каби анъанвий усуллардан воз кечади.

У КГБга чап бериш учун турли усуллардан фойдаланади. Турли ҳужжатларни КГБ назоратида бўлган ишхонасидан олиб чиқиб, уйига олиб кетишда турли йўллардан фойдаланди.

Америкаликлар унга камера беришади. Бироқ муҳандис уларни ишлата олмайди ва оддий ҳаваскорлар ишлатадиган камерадан олиб, уни мукаммал кўринишга келтиради.

Толкачёв МРБ жосуси билан бўлган учрашувлардан бирида унга 200 та, бошқа сафар эса 150 дан ортиқ плёнка тақдим этди. Шунингдек, у америкаликлар ҳужжатларни осон тушунишлари учун фотосуратларга батафсил эслатмалар ва маълумотлар ёзади.

Толкачёвнинг ҳужжатлари жуда муҳим эди. Шу сабабли америкаликлар унга пул таклиф этишади. Толкачёв аввалига пул олишдан бош тортади. Чунки бу барчада шубҳа уйғотиши мумкин эди. Шундан сўнг америкаликлар хорижда унинг номига ҳисобрақам очиб, пулларни ўшанга қўя бошлашади.

Толкачёвнинг узоқ вақт СССРда қолиши хавфли эди. Америкаликлар унга океан ортига кетишни таклиф этишади. Бироқ у оиласини ташлаб кетишни хоҳламайди.

Шундан сўнг Толкачёв америкаликлардан «хизмат ҳақи»ни рублда беришларини сўрайди. У қўлга тушиб қолсам пулларни орган ходимларини сотиб олишга ишлатаман деб ўйлайди.

Шунингдек, у америкаликлардан цианид таблеткасини (цианид калийдан ташкил топган кучли заҳар) беришларини ҳам сўрайди. Мабодо қўлга тушганда орган ходимларини сотиб олишнинг иложи бўлмаса заҳардан фойдаланишни режа қилади. Америкаликлар унга пулларни рубл кўринишида тўлаб беришади.

Миллиард долларлик зарар

1985 йилгача америкаликлар билан 6 йиллик ҳамкорлик пайтида у МРБ жосусларига 54 та махфий ишланмаларни, шу жумладан МиГ самолётлари учун ишлаб чиқарилиши режалаштирилган энг сўнгги электрон бошқарув тизимини ва радарларини четлаб ўтиш қурилмаларини беришга муваффақ бўлади.

Тарихчи Бенжамин Фишернинг айтишича, Толкачёв берган муҳим ҳужжатлардан келиб чиқиб америкаликлар F-15 Eagle ҳарбий самолётлардаги электроника тизимини бутунлай ўзгартиришади.

Шунингдек, америкаликлар Толкачёв берган махфий маълумотлардан фойдаланиб, совет ҳарбий самолётларига қандай ускуналар ўрнатилаётганидан хабар топишади ва шу асосда ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини ишлаб чиқишади.

Толкачёв ўта махфий ҳужжатларни уйига олиб боргач Pentax камерасининг 35 миллиметрли плёнкасига суратга туширади ва кейин уларни америкаликларга топширади.

Бунинг эвазига у америкаликлардан пул ва ўғли учун олиб келинган дори-дармонлар, китоблар ва рок-н-ролл қўшиқлари ёзилган аудиокассеталар олади.

Олти йил давомида Толкачёв жами 789,5 минг рубл олади. Шунингдек, хорижга чиқса ишлата оладиган 2 миллион долларга ҳисоб варағи бор эди.

Толкачёв пули кўп бўлишига қарамасдан атрофдагиларнинг эътиборини тортмаслик учун камтар яшашга ҳаракат қилади. Унда яшаб турган уйидан ташқари ВАЗ-2101 машинаси ва далаҳовли бор эди. Эҳтимол, узоқ вақт қўлга тушмасдан ишлашига эътиборни тортмасдан камтар ҳаёт кечиргани ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Қўлга тушиш ва ўлим жазоси

КГБ тасодифан Толкачёвнинг изига тушишга муваффақ бўлади. 1985 йилда Марказий разведка бошқармасидан ишдан бўшатилган Эдвард Ли Ҳовард СССРга қочиб келади.

Шундан сўнг у  КГБга жуда кўп махфий маълумотларни ошкор қилади. Ҳовард берган маълумотлар орасида Адолф Толкачёвнинг МРБ билан ҳамкорлик қилиб келаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳам бор эди.

Бошқа манбаларга кўра, Адолф ҳақидаги маълумотларни советларга 1985 йил май ойида КГБ фойдасига жосуслик қилган МРБ ходими Олдрич Эймс берган.

1985 йил 9 июнда Толкачёв СССР КГБ еттинчи бош бошқармасининг А гуруҳи полковниги Владимир Зайцев бошчилигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳибсга олинади.

Орадан тўрт кун ўтгач Толкачёв билан ҳамкорлик қилиб келган Пол Строумбах ҳам қўлга олинади. Тергов пайтида Толкачёв барча айбловларни тан олади ва совет раҳбариятидан ўзига нисбатан ўлим ҳукмини чиқармасликни сўрайди.

Толкачёв қўлга тушгандан сўнг сўроқ қилиш давомида америкаликларга берган махфий маълумотларнинг салмоғи аниқ бўлади. Кейинчалик ҳисоблаб кўрилганда у СССРга умумий ҳисобда миллиардлаб доллар зарар етказгани ойдинлашади.

1986 йилда СССР Олий суди Толкачёвнинг ишини кўриб чиқади. Суд уни РСФСР жиноят кодексининг 64-моддаси «а» қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топади ва ўлим жазосига ҳукм қилади. 1986 йил 24 сентябрда ҳукм ижро этилади ва Толкачёв отиб ташланади.

СССР парчаланиб кетганидан сўнг россияликлар Толкачёв ҳақида бир нечта ҳужжатли филм ва сериал ишлашган. 2015 йилда америкалик таниқли ёзувчи ва журналист Дэаид Э. Ҳоффман Толкачёв ҳақида «Миллиард долларлик жосус» китобини чоп эттирган. 

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top