13:59 / 19.08.2023
18062

АПЛда икки топ-учрашув ва Лондон дербиси. Ҳафта ўйинлари анонси

Европада навбатдаги футбол ҳафтасига старт берилди.

Фото: Getty Images

Англия доимгидек ҳар турда камида иккитадан топ-ўйин тақдим этишда давом этади, Испанияда катта клубларнинг синови аста-секинлик билан мураккабликка қараб одимлашни бошлайди. Германияда ҳам эътиборга молик учрашув бор. А Серия биринчи турданоқ етакчиларни ўзаро рўпара қилмай, бироз чигалёзди қилиб олишига имкон яратди. Францияда эса ниҳоят Мбаппе сафга қайтиши мумкин.

БАЙЕР – ЛЕЙПЦИГ (19 август, 18:30)

Бу ҳафтадан Германия ва Италияда ҳам чемпионат ўйинларига старт берилиб, кучли бешлик тўлиқ таркибга эга бўлади. Бундеслигада қизиқарли ўйин бор – сўнгги йилларда кучли тўртликнинг доимий аъзоси бўлиб қолган «Лейпциг» Ҳаби Алонсо бошчилигидаги «Байер» меҳмони бўлади.

«Байер» ўтган мавсумни яхши якунлай олмаганди (барча мусобақалардаги охирги 7 ўйин ғалабасиз). Жамоа якунда ЕЧЛ ўринларини бой берган бўлса-да, мавсумнинг кашфиёт жамоаларидан бўлди, Алонсонинг ўйин услубига юқори баҳо берилиб, ёш мураббий ҳатто бир қатор топ клубларнинг ҳам назарига тушди. Табиийки, бу мавсумда «Байер» ҳам Ҳаби Алонсонинг ҳақиқий салоҳиятини очиб бериши керак. Яримҳимояга сотиб олинган икки тажрибали футболчилар – Гранит Жака («Арсенал») ва Йонас Ҳоффман («Боруссия» Менҳенгладбаҳ) леверкузенликларнинг ёш таркибига ўзига яраша мувозанат олиб кириши лозим бўлади. Табиийки, трансфер бозори тугамади, ҳали Тапсоба, Фримпонг ва Вирц каби футболчиларни сақлаб қолиш ҳам керак.

«Лейпциг» эса мавсумга юқори нотада кириб бўлди. Марко Розе шогирдлари ўтган ҳафта бўлиб ўтган Суперкубок учун баҳсда «Бавария»ни йирик ҳисобда ер тишлатди. Дани Олмонинг ҳет-триги жамоага охирги уч ойдаги иккинчи совринни олиб берди. Дарвоқе, «Байер»нинг ҳам мавсумдаги илк расмий ўйини анча сермаҳсул бўлганини эътироф этиш керак. Жамоа Германия кубоги илк босқичида қуйи лига вакили «Теутониа» дарвозасига жавобсиз саккиз гол йўллади.

Йўқотишлар ҳар икки томонда ҳам етарли. Мезбонлар таркибида сентябргача майдонга қайтмайдиган Патрик Шик ва Сердар Ўзмундан ташқари, ўтган мавсум охиридаги қизил карточкалар туфайли Ҳинкапи аа Амин Адлида дисквалификация бор. Розе эса Амаду Айдара, Кевин Кампл ва Петер Гулачи каби асосий таркиб вакиллари ёрдамидан фойдалана олмайди.

ТОТТЕНҲЭМ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (19 август, 21:30)

Англиянинг доимий етакчи клублари орасида айнан «Тоттенҳэм» ва «МЮ»нинг биринчи турдаги ўйини бироз туманли чиқди. Лондонликлар тушунарли – янги мураббий қўл остида, бунинг устига сўнгги паллада Ҳарри Кейнсиз қолган «Тоттенҳэм» ўз майдонида анча кучли ўйнайдиган «Брентфорд»га икки гол ура олгани ҳам (2:2) ижобий ҳолат. «Юнайтед»дан анча салобатли ўйин кутилганди. Аммо «Вулверҳэмптон» «Олд Траффорд»да анча яхшироқ ўйин кўрсатиб, ушбу стадионда меҳмон жамоалар намойиш этган перформанслар ичида 2005 йилдан бери энг яхши кўрсаткични қайд этишди – 23 зарба. Манчестернинг қизил тарафи Ҳойлунднинг ҳали сафга кирмагани, Маунт, Онана каби тизимли футболчиларнинг жамоага тўлиқ киришиб кетмагани ҳамда ўтган мавсум старти бундан ҳам бадтар бўлгани билан ўзини овутмоқда, холос. Ҳа, уч очко қўлга киритилди, аммо агар ҳакамнинг кейинчалик тан олинган хатоси бўлмаганда «бўрилар» сўнгги дақиқаларда пеналти тепиши керак эди.

Демак, интрига нуқтайи назаридан ҳам жуда қизиқ учрашув. «Юнайтед»нинг дастлабки ўйини кутилмаган ва истисно эдими? Постекўғли шогирдларини илк уй ўйинига қандай тайёрлайди? «Тоттенҳэм» катта ўйинларда ўрганиб қолган ҳимоявий услубига таянадими ёки янги мураббий ростан ҳам жамоа имижини ўзгартиришни эртароқ бошлай оладими? Саволлар кўп. Дарвоқе, жамоаларнинг ўтган мавсум Лондонда ўтган ўйини ҳам жуда қизиқарли кечганди. Биринчи бўлим 2:0 ҳисобида меҳмонлар фойдасига ҳал бўлган, аммо иккинчи бўлимда «Тоттенҳэм» камбэк учун ўзида куч топа олганди (2:2).

Таркиблар борасида меҳмонлар юқорида тилган олинган Ҳойлунддан ташқари, Ҳарри Магуайрни Лондонга олиб келмаган. Амад Диалло, Тейрел Маласия ҳамда Коби Майну эса узоқ муддатга сафда бўлишмайди. Аммо мураббий Антони Марсиялни майдонга қайтариши мумкин – биринчи ўйинда Рэшфорддан марказда фойдаланиш яна ўзини оқламаганди. Мезбонлар сафида Родриго Бентанкур, Райан Сессеньон, Брайн Ҳил каби футболчиларда жароҳат бор.

Умуман, ўзаро ўйинларда «Тоттенҳэм» сўнгги 5 уй учрашуви «МЮ»ни енга олмаяпти. АПЛдаги сўнгги беш ўйинда ҳам лондонликлар ғалаба қозона олмаган. «Шпорлар»нинг бу рақиби устидан охирги ғалабаси «Олд Траффорд»даги ўша машҳур 6:1 ҳисобида якунланган ўйин (2020 йил октябрида, ўшанда Марсиял биринчи бўлимдаёқ қизил карточка олиб, мезбонларни қийин аҳволда қолдирганди) бўлиб қолмоқда.   

МАНЧЕСТЕР СИТИ – НЮКАСЛ ЮНАЙТЕД (19 август, 23:59)

Аслида АПЛнинг марказий учрашуви бироз кейинроқ, якшанбага ўтар кечаси бўлиб ўтади. Августни ҳам худди ўтган мавсумнинг давомидек бошлаган иккала жамоа 1-турни йирик ҳисобдаги ғалабалар билан бошлашди – «Сити» юқори лигага қайтган «Бёрнли»ни 3:0 ҳисобида енгди, Эдди Ҳау шогирдлари эса Унаи Эмери бошқарувидаги «Астон Вилла»га имкон қолдирмади – 5:1. Демак, бу турдан кейин улардан бири жадвалда пешқадам сифатида жойлашиб олиш имкониятига эга. Бундан ташқари, роппа-роса бир йил олдин ҳам бу жамоалар илк турларда ўзаро дуч келган ва мавсумнинг энг яхши ўйинларидан бирини ўтказиб берганди. Аллан Сен-Максименнинг индивидуал бенефисига айланиб кетган ўша баҳс жанговор 3:3 ҳисобидаги дуранг билан якунланганди.

Аллан ҳозир йўқ, футболчи Саудияга жўнаб кетган эшелонга илиниб қолди, лекин «Нюкасл» бу билан кучсизланиб қолгани йўқ. Унинг ўрнига Ҳарви Барнс, шунингдек, Сандро Тоналини марказга қўшиб олган «қарғалар» янада мувозанатли кўринмоқда. Бундан ташқари, ҳар икки янги футболчи ҳам 1-турда ўзини кўрсатди ва биттадан гол уришдан ташқари, бошқа голларда қатнашишди. «Нюкасл» ушбу ўйиндан сўнг «Ливерпул», кейин эса сафарда «Брайтон» билан ўйнаши эътиборга олинса, дастлабки турдаги ғалаба айни муддао бўлди. Табиийки, юқори ўринларни мақсад қилган жамоа қийин тақвим бўлишига қарамасдан ҳар бир ўйинда очко олишга уриниб кўради.

Умуман олганда, ҳозир «Манчестер Сити»дан очко олишнинг айни вақти, бу жиҳатдан «Нюкасл»га бироз омад ҳам келган дейиш мумкин. Пеп Гвардиола шогирдлари билан қишда ёки баҳорда эмас, август ойида ўйнаб олган дуруст. Кўпинча «Манчестер Сити» мавсумни у қадар кучли бошламайди, бу биринчидан. Иккинчидан, Кевин де Брюйненинг жароҳати ҳамда Гундўғаннинг ўрнини тўлдириш ҳаракатлари ҳали тугамагани жамоа ўйинига таъсир қилаётгани шубҳасиз. Хабарларга қараганда, марказда Бернарду Силванинг ҳам ўйинга тайёр бўлиши сўроқ остида. Пеп Гвардиола матбуот анжуманида Жон Стоунзнинг ҳам мушакларида муаммо пайдо бўлгани ҳақида маълумот берди. Лекин Рубен Диаш майдонга қайтиши кутилмоқда.

Айниқса, «Севиля»га қарши УЕФА Суперкубоги ўйини ҳам бугунги «Сити»га қаршилик қилиш мумкинлигини кўрсатиб ҳам берди. «Нюкасл» ҳимояланишда «Севиля»дан кам эмас, бунинг устига ҳужумда яхшироқ ижрочилар бор. Аслида «Манчестер Сити»нинг ҳафта ўртасида Грецияга бориб, Суперкубок учрашувини ўтказиб қайтгани, яъни «Нюкасл» бугунги ўйинга тайёрланиш учун икки баробар кўпроқ вақтга эга бўлганини инобатга олсак, меҳмонларда яна қўшимча факторлар борлигини эътироф этиш керак.

Албатта, «Манчестер Сити» фаворит, аммо юқорида тилга олинган омиллар меҳмонларда ҳам имконият қолдиради, энг камида ўйиннинг томошабоп ва муросасиз ўтишини таъминлашига умид қилиб қоламиз.

ВЕСТ ҲЭМ – ЧЕЛСИ (20 август, 20:30)

Бу ҳафта Лондонда икки дерби бўлиб ўтади. «Арсенал»нинг «Кристал Пэлас»га сафаридан кўра, мана бу ўйинда анонс учун танладик. Сабаби, «Челси»нинг биринчи турда «Ливерпул»га қарши ўйини кўпчилик учун кутилмаганда ижобий таассурот уйғотди. Табиийки, Почеттинонинг дастлабки чизгилари, шунингдек, бир қатор янги футболчиларнинг ўйинига қизиқиш юқори. «Челси» бу ҳафта ҳам тинч турмади ва Кейседо ва Лавия трансферларини эълон қилди. Катта эҳтимол билан эквадорлик футболчи ушбу учрашувда дебют қилиши мумкин.

«Вест Ҳэм» ёзнинг рекорд нархларидан бирига Деклан Райсни сотган бўлса-да, ҳозирча трансфер бозорида ўзини камтар тутмоқда. Илк харид атиги бир ҳафта олдин Эдсон Алварес бўлди. Аммо айтиш мумкинки, «Аякс»дан ташриф буюрган мексикалик яримҳимоячи баъзи жабҳаларда ҳатто Райсдан ҳам яхшироқ бўлиб чиқиши мумкин. Шунингдек, Англияда бугунги кунда жарима зарбалар қироли бўлган Жеймс Уорд-Проуз ҳам таркибга қўшилди. Ҳали Райснинг пулига яна бир футболчи олиниши мумкин бўлган ҳолатда «Вест Ҳэм» яна бир яримҳимоячисини яхшигина нархга сотишга яқин турибди. Лукас Пакетага кимсан Пеп Гвардиола қизиқиб қолган. Аммо сўнгги паллада негадир трансфер анча секин одимлай бошлади. Сабаб сифатида, футболчининг тоталитазорга аралашиб қолган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар келтирилмоқда. Агар бу тасдиқланса ёки қандайдир текширувлар бошланиб қолса, «Манчестер Сити» бразилиялик яримҳимоячидан воз кечиши ҳам мумкин.

Мезбонлар таркибида жароҳатланганлар деярли йўқ. Аммо «Челси»нинг муаммолари давом этяпти. Нкунку, Фоффана каби узоқ муддатга сафдан чиққан футболчилар ортидан Рис Жеймснинг навбатдаги жароҳати ортиқча бўлди. Ўтган ўйинда эртароқ алмаштирилган Жеймс ҳақида Почеттино унинг шунчаки чарчаганини айтганди, аммо жароҳат жиддийроқ бўлиб чиқди ва янги сардор қачон майдонга қайтиши аниқ эмас. Умуман, Англиянинг энг истеъдодли футболчиларнинг бири айни ўсиши керак бўлган даврнинг аксарият қисмини турли жароҳатлар билан ўтказиб юбораётгани ачинарли.

Ҳар икки жамоа биринчи турни бир хил ҳисобдаги натижа билан якунлаганди. «Челси» «Ливерпул» билан ўз майдонида, «Вест Ҳэм» эса сафарда «Борнмут» билан 1:1 ҳисобига рози бўлди. Жамоаларнинг ўтган мавсумда «Лондон Стэдиум»да кечган ўйинида ҳам худди шу ҳисоб қайд этилганди. Жоао Фелишнинг голига «Челси»нинг собиқ футболчиси Эмерсон мезбонлар томонидан жавоб берган.

БЕТИС – АТЛЕТИКО (21 августга ўтар кечаси, 00:30)

Испаниядаги марказий ўйин Андалусияда бўлиб ўтади. Ўтган мавсумни еврокубок ўринлари билан якунлаган ва янгисини «Вилярреал» майдонидаги ажойиб ғалаба (2:1) бошлаган «Бетис» ўз майдонида пешқадам «Атлетико»ни қабул қилади ва ўзаро ўйинлардаги 8 учрашувдан иборат ғалабасиз сериясига чек қўйишга ҳаракат қилади.

Айтиш мумкинки, «Бетис» учун трансфер ойнаси одатда мавсумни яхши ўтказган ўртамиёналардан фарқли кечди, яъни жамоа янада кучайди. Иско нафақат Серхио Каналеснинг ўрнини босди, балки, «Вилярреал»га қарши ўйинда ундан фойдалироқ бўлиши мумкинлигини исботлади ҳам. Исконинг Набил Фекир билан тандеми Ла Лигадаги энг креатив жуфтликлардан бири бўлишига шубҳа йўқ. Вилям Карвалью билан эса, жамоа анча салобатли учликка эга бўлади. «Бетис» жароҳатлар туфайли номлари тилга олинган икки яримҳимоячи ёрдамидан ҳозирча фойдалана олмайди, аммо истиқболда, катта эҳтимол билан уч ойдан сўнг Иско – Фекир – Карвалю учлигини кўришимиз мумкин бўлади. Фекир ноябрда, Карвалю шу ой охирида машғулотларга қайтади. Диего Симеоне эса ҳозирча Хосе Хименеснинг ёрдамидан фойдалана олмайди.

Яна бир қизиқ факт. «Бетис» уй ўйинларини ўтказадиган «Бенито Вилямарин» стадиони ўзига хос муҳитига эга бўлса-да, негадир ўтган мавсумда айнан ўз майдонидаги учрашувларда «Бетис» кўпроқ панд еди. Жамоа уй ўйинлари бўйича лигада 10-натижани қайд этган, охирги икки ўйинда эса умуман гол ҳам ура олмаган. «Атлетико» эса айнан сафар ўйинларида энг яхшилардан бири – ўтган мавсумда фақат чемпион «Барселона» сафарда кўпроқ очко тўплаган, холос. Демак, «Бетис» яхши натижадан умид қилса, аввало мана шу нохуш анъанага чек қўйиши – ўз стадионида яхши ўйнай бошлаши лозим бўлади.

Жамоаларнинг ўтган мавсумдаги ўзаро тўқнашувларида «Атлетико»нинг қўли баланд келган. Севиляда мадридликлар 2:1 ҳисобида устун келган бўлса, уй ўйинида Симеоне шогирдлари Корреанинг 86-дақиқадаги ягона голи эвазига уч очколи бўлган.   

БОШҚА ЎЙИНЛАР

19 август. ЛИВЕРПУЛ – Борнмут (19:00), Вулверҳэмптон – Брайтон (19:00), Фрозиноне – НАПОЛИ (21:30), БОРУССИЯ Д – Кёльн (21:30), Алмерия – РЕАЛ МАДРИД (22:30), ИНТЕР – Монца (23:45), Тулуза – ПСЖ (23:59)

20 август. РОМА- Салернитана (21:30), БАРСЕЛОНА – Кадис (22:30), Удинезе – ЮВЕНТУС (23:45)

21 август. Болоня – МИЛАН (23:45), Кристал Пэлас – АРСЕНАЛ (23:59)

Top