09:15 / 21.08.2023
4488

Хитойда Сурхондарё вилоятининг экспорт имкониятлари ва сармоя салоҳияти тақдим этилди

Шунингдек, «Термиз» халқаро савдо маркази тақдимоти ҳам ўтказилди.

Фото: Дунё АА

Сурхондарё вилояти делегациясининг Хитойга ташрифи доирасида Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонасида бизнес-форум ташкил этилди.

Тадбирда Хитой савдо-саноат палаталари, йирик компания ва ташкилот раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Форум қатнашчиларига Сурхондарё вилоятининг экспорт имкониятлари ҳамда сармоявий салоҳияти юзасидан батафсил тақдимот ўтказилди. Хитой компанияларини вилоятнинг эркин иқтисодий ва саноат зоналарида яратилган имкониятлардан кенг фойдаланишга чақирилди.

Қўшни давлатлар билан самарали савдо, транспорт ва логистика алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида «Термиз» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилгани таъкидланди. Шунингдек, бу ерда саноат ишлаб чиқариш соҳаларида йирик корхоналар ташкил этиш учун 120 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилгани айтиб ўтилди.

Форум давомида, шунингдек, «Термиз» халқаро савдо маркази тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тадбир давомида Сурхондарё вилояти ва Хитойнинг бир қатор етакчи компаниялари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик келишувлари имзолангани айтилмоқда.

Top