11:21 / 23.08.2023
25106

Ўзбекистоннинг ташқи савдоси: Хитой асосий савдо ҳамкори мақомини мустаҳкамлаган, олтин экспорти ошган, газ сотиш қисқарган 

2023 йилнинг дастлабки 7 ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси қарийб 35 млрд долларни ташкил қилди. Бунда Хитойнинг улуши – 19,5 фоизгача ошган. Ҳисобот даврида 5,6 млрд долларлик олтин экспорт қилинган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 90 фоизга кўп.

Фото: Getty images

Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг 2023 йил январ-июль ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир маълумотни эълон қилди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида республика ташқи савдо айланмаси (ТСА) 35 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 14,9 млрд долларни, импорт ҳажми эса 20 млрд долларни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда экспорт ҳажми 31 фоизга, импорт ҳажми 18,1 фоизга ошган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 5 млрд долларга етган.

Ташқи савдода Хитойга боғлиқлик ортган

Ўзбекистоннинг ташқи савдо алоқаларида Хитойга боғлиқлиги ортиб бормоқда. Хусусан, йил бошидан бери Хитойнинг Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми 6,9 млрд долларга етган. Бу республика умумий ташқи савдо айланмаси ҳажмининг 19,5 фоизини ташкил қилган.

2023 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг юқори улушга эга бўлган топ-10 давлат:

  • Хитой – 6,9 млрд доллар;
  • Россия – 5,3 млрд доллар;
  • Қозоғистон – 2,5 млр доллар;
  • Туркия – 1,9 млрд доллар;
  • Корея – 1,3 млрд доллар;
  • Қирғизистон – 632,2 млн доллар;
  • Германия – 609 млн доллар;
  • Франция – 518 млн доллар;
  • Туркманистон – 492 млн доллар;
  • Афғонистон – 471 млн доллар.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатдан фақатгина учта мамлакат – Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ижобий ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 17 та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолган.

Олтин экспорти

Жорий йилнинг январ-июль ойларида 5,6 млрд доллар қийматидаги олтин сотилган. Бу умумий экспортнинг 37,7 фоизини ташкил этади. 

Ўз навбатида олтин экспорти 2022 йилнинг мос даври билан таққосланганда, 89,8 фоизга кўпайган.

Дастлабки 7 ойликда олтинсиз экспорт 9,3 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,4 фоизга ўсган.

Маълумот учун, 2022 йилда 4,1 млрд долларлик, 2021 йилда 4,1 млрд долларлик, 2020 йилда 5,8 млрд долларлик, 2019 йилда эса 4,9 млрд долларлик олтин сотилган.

Ёқилғи маҳсулотларининг экспорти ва импорти

Расмий статистикага кўра, жорий йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистон 201 млн долларлик газ импорт қилди, бу 2022 йилнинг мос даври билан таққослаганда, 49,1 фоизга кўп. Ўз навбатида мазкур даврда газ экспорти 35 фоизга ёки 342 млн долларгача қисқарган.

Аввалроқ, жорий йилнинг дастлабки 7 ойи давомида Ўзбекистондан Хитойга умумий қиймати 295,3 млн долларлик табиий газ экспорт қилингани хабар берилганди.

Шунингдек, 2023 йилнинг биринчи 7 ойида 98 миллион долларлик кўмир импорт қилинган, бу ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан 56,6 фоизга кўп.

Ҳисобот даврида 79,6 млн долларлик электр токи сотиб олинган (ўсиш – 19,2 фоиз) ва 47,2 млн доллар қийматидаги электр энергияси (камайиш – 22,4 фоиз) экспорт қилинган.

Нефть ва нефть маҳсулотларининг экспорти 73,1 фоизга ошиб, 142,7 млн долларни, импорти эса 59,6 фоизга кўпайиб, 1 млрд долларни ташкил қилган.

2023 йилнинг январь-июль ойлари давомида Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш 9,5 фоизга камайган бўлса, электр энергияси ишлаб чиқариш 5,5 фоизга ошган.

Top