15:59 / 29.08.2023
7049

ОКМК қошидаги корхона йиллик режани муддатидан аввал бажарди

Фото: ОКМК Ахборот хизмати

Мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бирлашмаси меҳнат жамоаси муддатидан аввал белгиланган прогноз режасини бажаришга муваффақ бўлди.

Бирлашма меҳнат жамоасига 2023 йилда 382,3 млрд сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш вазифаси белгиланган эди.  Бугунги кун ҳолатига 396,0 млрд сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Корхонанинг бу зафарли одимлари истиқлол айёмига ўзига хос туҳфа бўлди десак муболаға бўлмайди.

Маълумот учун: комбинатнинг ушбу таркибий бўлинмаси Чирчиқ шаҳрида жойлашган бўлиб, бу ерда кукунли металлургия усули билан вольфрам ва молибден чуқур қайта ишланиб, турли хил маҳсулотлар, қотишмалар ҳамда чидамли шамотли ғиштлар ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, керамик маҳсулотлар ҳамда асбоблар ҳам тайёрланади. Бирлашмада кўплаб янги турдаги маҳсулотлар олинишига ҳам эришилган. Хусусан, ферромолибден ишлаб чиқариш, қурилиш учун қуруқ аралашма, қаттиқ қотишмали подшипниклар, октамолибдат аммоний, титан-тантал қаттиқ қотишмаси, юқори гидропеневматик плиталар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, бирлашма қошида ўзбек-корейс илмий технологик маркази ҳам фаолият юритиб келмоқда.

Жорий йилнинг 1-ярим йиллигини бирлашма 193,7 млрд сўмлик соф фойда билан якунлаганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

ОКМК ахборот хизмати

Top