11:02 / 31.08.2023
19593

Ўзбекистондан Москвага учган учта рейс бошқа шаҳарларга йўналтирилди

Москвадаги аэропортлар ҳаво кенгликлари ёпилиши туфайли Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Урганч ва Тошкент шаҳарларидан учган учта самолёти Россиянинг бошқа шаҳарларидаги захира аэропортларига йўналтирилган. Дронлар ҳужуми туфайли Россия пойтахти аэропортлари тез-тез чекловлар киритишга мажбур бўлмоқда.

Фото: Uzbekistan Airways

Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг учта рейси Москванинг Домодедово аэропорти ҳаво кенглиги ёпилгани туфайли Россиянинг бошқа шаҳарларига йўналтирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон авиаташувчиси матбуот хизмати расман хабар берди.

Хусусан, Тошкентдан парвоз қилган HY611 рейси Самарадаги аэропортга йўналтирилган, Урганчдан учган HY9615 рейси — Қозон аэропортига, Тошкентдан ҳавога кўтарилган HY9613 рейси эса — Санкт-Петербургдаги аэропортга қўнган.

Авиакомпания келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраган. Домодедово халқаро аэропорти ҳаво ҳудуди нима сабабдан ёпилганига аниқлик киритилмаган.

30 август куни маҳаллий расмийлар ва РФ мудофаа вазирлиги Марказий Россия бўйлаб энг кенг кўламдаги дронлар ҳужуми уюштирилгани ҳақида хабар берганди. Дронлар Псковдаги аэропортга ёппасига ҳужум қилган, шунингдек, Брянск, Рязан, Орлов, Калуга ва Москва областлари ҳудудларида ҳам учувчисиз учар қурилмалар уриб туширилган.

Бу вақтда Москва области ҳудудида «Ковёр» режими жорий этилган ва ҳаво кенгликлари ёпилган. Бу режим осмонда самолётлар ҳаракатига халақит бериши мумкин бўлган учар объектлар пайқалганида киритилади.

Москва мэри Сергей Собянин 31 августга ўтар кечаси ҳам Москва областининг Воскресенкий районида пойтахт томон ҳаракатланган дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берганди.

«Дожд» хабарига кўра, ҳудуд ҳаво кенглигида юзага келган хавф туфайли Москва шаҳридаги Внуково, Домодедово ва Шереметево аэропортларида 50 дан ортиқ рейс кечиктирилган. Внуково ва Домодедово аэропортларида хавфсизлик нуқтайи назаридан чекловлар киритилган.

Маҳаллий вақт билан 21 август куни соат 9:15 ҳолатига кўра, рейсларни қабул қилиш тиклангани хабар қилинди. 

18 август куни ҳам Qanot Sharq авиакомпаниясига тегишли,  Бухородан учган йўловчи самолёт Москвадаги аэропортга қўна олмагани хабар қилинганди. Бунга ҳам Россия пойтахтидаги ҳаво кенгликлари дронлар ҳужуми туфайли ёпилгани сабаб бўлганди.

Москвага дронлар ҳужуми тўхтамаётгани туфайли «Туркменистан» авиакомпанияси август ойи бошидаёқ Россия пойтахтига парвозларни тўхтатганди. Бу қарор «парвоз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хавфни баҳолаш» асосида қабул қилинган.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top