09:15 / 02.09.2023
12588

«Роскосмос»: «Сармат» комплекси жанговар навбатчиликка қўйилди

ТАСС хабарига кўра, «Роскосмос» тақдимотидан маълум бўлишича, комплексни жанговар навбатчиликка ўтказиш 2024 йилга мўлжалланган.

Фото: Cover-Images/IMAGO

«Сармат» стратегик ракета мажмуаси жанговар навбатчиликка ўтказилди, деди «Роскосмос» давлат корпорацияси бош директори Юрий Борисов «Поделись своим знанием» марафонида, деб хабар беряпти «Интерфакс» 1 сентябр, жума куни. Шу билан бирга, ТАСС агентлиги таъкидлашича, «Роскосмос» тақдимотига кўра, мажмуа 2024 йилда жанговар навбатчиликка қўйилиши мўлжалланган.

«Сармат» синовлари тарихи 

«Сармат» - қитъалараро баллистик ракетага (ҚБР) эга комплекс бўлиб, катта кучга эга ядровий ва гипертовушли ўқ-дориларни ташишга қодир. Ракетанинг эълон қилинган старт оғирлиги 200 тоннадан ошади, масофаси 18 минг километрни ташкил қилади. «Сармат» совет иттифоқининг масофаси 11 000 километр бўлган «Воевода» тизимини (НАТО таснифига кўра - SS-18 «Сатана») Россия арсеналидаги энг кучли стратегик ракета билан алмаштиради.

«Сармат» мажмуаси Россия президенти Владимир Путин томонидан 2018 йилда Федерал мажлисга йўллаган мурожаатида тақдим этилган. Путиннинг таъкидлашича, узоқ парвоз масофаси «Сармат»га кўп сонли ядровий қуролни олиб юриш, шунингдек, «Шимолий ва Жанубий қутблар устидан учиб, дунёнинг исталган нуқтасидаги нишонларга зарба бериш имконини яратади». Компьютер тақдимоти видеосида ракета Шимолий қутб орқали Шимолий Америка томон учган. 

Айни пайтда, ахборотга қараганда, «Сармат» атиги бир марта муваффақиятли синовдан ўтказилган. 2022 йил апрел ойининг охирида, Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан кўп ўтмай, Россия Мудофаа вазирлиги Архангелск вилоятидаги Плесецк космодромидан «Сармат» ҚБР муваффақиятли учирилганини эълон қилди. Жорий йил феврал ойида АҚШ президенти Жо Байден урушнинг бир йиллиги муносабати билан Киевга ташриф буюрган куни Россия «Сармат»ни муваффақиятсиз учирган бўлиши мумкинлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Американинг CNN телеканали манбаларга таяниб хабар берди. 

Top