15:50 / 09.09.2023
10547

“Бизнинг халқ бефарқ эмас” – судлар ва судялар фаолияти ҳақида очиқ суҳбат

Олимлари беамал, амалдорлари беилм, халқи бефарқ юрт таназзулга юз тутади. Адолат таъминланмаган давлат ҳам бир кун келиб йўқ бўлиб кетади, дея ғарб файласуфларидан иқтибос келтиради Kun.uz’нинг навбатдаги суҳбатдоши, Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судяси Сарвар Мамадиев.

Kun.uzʼнинг Бу галги суҳбати судлар ва судялар ҳақида бўлади. Адолат пешволари сўнгги вақтларда бот-бот тилга тушяпти. Кимлардир судья, ҳакам ҳақида гап кетса, салбий фикр билдиришга ўрганиб қолган, кимлардадир эса акси. Мана шу баҳсли масалага ойдинлик киритиш учун биз ҳам суҳбатлар уюштиряпмиз. Шу доирада бугун Чилонзор тумани жиноят ишлари бўйича судьяси Сарвар Мамадиев билан суҳбатлашдик.

Судялар ҳақида салбий фикрдагиларнинг аксарияти қўштирноқ ичида улардан жабр кўрганлар бўлади. Нима учун халқ орасида бу соҳа вакилларига нисбатан ишонч камроқ? Ишонч қайтяптими, ҳозир тенденция қандай ўзи?

— Судя дейилганда адолат тушунчаси ёнма-ён юради, шундай баҳоланади. Ҳар бир шахснинг ўз адолати бор. Фақат суд, судяларга нисбатан адолат тушунчаси ишлатилади-ю, лекин жамиятда ҳар бир шахснинг ўз адолат тарозиси бўлиши керак. Оилада, бирор бир иш жойида адолат қилиш ҳам бунинг бир кўриниши. Яъни ушбу тушунча анча кенг.

Судялар ҳақида гапирадиган бўлсак, уларнинг фаолияти қатағон даврлари, мустақилликкача бўлган давр, мустақилликдан сўнг ва ҳозирги айтилаётган янги даврга бўлинади. Жиноий таъқиб билан боғлиқ масалаларда кўп ҳолларда нўноқликлар бўлиб, судялар айблов тарафга ён босди, деган гаплар чиққан. Бизнинг халқимиз суд ва судяларни киноларда, бадиийлаштирилган нималардадир кўришади одатда. Ва тасаввурларида, шунақа бўлиши керак, деган қараш бор.

Бизда жиноят процесси шакллари бўлган, булар: айблов, тортишув ва аралаш шакллари. Айблов шаклда ҳамма нарса шахсни айблашга қаратилган. Миранда қоидасига кўра, айбни тан олишнинг ўзи жазолашга асос бўлолмайди бугунги кунда, бу Конституцияда ҳам белгилаб қўйилди.

Илгариги даврларда айблов шаклининг ўзи бўлган. Кейинчалик инсонларнинг ҳуқуқлари кенгайиб, ривожланиш натижасида тортишув шакли пайдо бўлган, яъни айбланувчи ўзини ҳимоя қилади. Бизда асосан фанда икки ҳуқуқ оиласи ўрганилади: англосаксон ва романогерман. Бизда романогерман ҳуқуқ тизими амал қилади. Англосаксон ҳуқуқ тизимида прецедентлар билан иш олиб борилади, қонунлар билан эмас. Бизда эса қонунлар билан ишланиб, ҳар бир ҳолат ва далилга алоҳида баҳо берилади, олдинги ишда ўтган далил кейингисида ўтмаслиги мумкин. Англосаксон ҳуқуқ тизимида тергов битта бўлади, яъни далиллар судда кўрилади фақат. Бизда дастлабки тергов, яъни ёпиқ айблов шакли, кейин судда кўрилиб, тортишув шакли бўлади, умуман иш аралаш шаклда кўрилади. Шунинг учун биздаги судлар чет эл киноларидагидек тортишувларга бой, қизғин кўринмайди, олдин кўриб чиқилган бўлади, уларда эса тўғридан тўғри судда кўрилади.

— Бизнинг судларда худди кинолардагидек, янги далиллар ёки гувоҳлар чиқиб, драматик ўзгаришли ҳолатлар бўлганми?

— Бундай ҳолатлар кўп бўлиб туради. Ҳар бир жиноят иши бир асардек гап, фақат якунланмаган бўлади. Асар якунини судя ёзади. Дастлабки тергов вақтида исботланиб, ҳаммаси ойдинлашгандек бўлгани билан судга келиб барчаси чиппакка чиқиши мумкин. Далиллар нотўғри ишлатилган бўлиши  ёки суд томонидан янги бир далиллар чиқиши мумкин. Бу ҳолатда вазият ўзгариб кетади. Прокурорлар томонидан айбловдан воз кечиш ҳолатлари ҳам бўлади.

Бизда мулк ҳуқуқи масалалари ҳали унчалик ривожланмаган. Молиявий маданият ҳали юксалиши керак. Савдо масалаларида насия деган нарсалар бор. Шундай бир ҳолат бўлган. Бир шахс курсдошидан бўлиб тўлашга машина олган, ҳар ойнинг 15-санасигача тўлаши керак бўлган. 9 ой тўлаган, 10-ойда машинани сотувчи шахс ойнинг 7-санасида ички ишларга мурожаат қилган, пулимни бермади, деб. Шунда жиноят иши қўзғатилиб, айблов хулосаси билан иш судга оширилган, лекин келишилган санага эътибор беришмаган. Суд тергов жараёнида эса ўша пул бериш санаси ҳам ҳисобга олиниб, айбланаётган фуқаро оқланди.

— Миранда қонуни ҳақида ҳам икки оғиз тушунтириб ўтсангиз.

— 1966 йилда Миранда исмли анча ҳуқуқбузарликка мойил шахс бўлган. Навбатдаги ўғирликда қўлга тушади, ўша пайтда унга ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилмайди. Ўзидан кўрсатма олинади ва шу асосда ҳукм ўқилади. Кейин АҚШ Олий суди кўриб чиқиб, унга ўзи ҳақида кўрсатмалар беришга мажбур эмаслиги, ўзига қарши ишлатилиши огоҳлантирилмасдан туриб айблов қўйилган, дейди ва уни оқлайди. Шундан сўнг Миранда қонуни пайдо бўлади.

Бизда ҳам ЖКнинг 23/46-моддаларида шундай ҳуқуқлар келтирилган. Сўроқ қилинаётган шахс ўзи бераётган кўрсатмалар унинг ўзига қарши ишлатилиши ҳақида оғоҳлантирилиши шарт. Огоҳлантиришсиз олинган далиллар мақбул эмас деб ҳисобланмайди. Бу ҳуқуқ асосан дастлабки шахсни ушлаш жараёнида эслатилиши керак. Шу босқичдан кейин профессионал процесс бошланади, шунинг учун огоҳлантириш шарт.

Миранда қонуни яна бир нарса учун керак. Шахс олдин бундай органлар билан дуч бўлмаган бўлса, ўзини йўқотиб қўйиши мумкин, нима деяётганини ўзи ҳам билмай қолиши мумкин. ЖКнинг 23-моддасига кўра, шахсга суд ҳукми чиқмагунча у айбсиз ҳисобланади. Яна бир амалиёт ҳам бор. Миранда қонунига амал қилинган бўлса ҳам, шахс ўз ихтиёри билан кўрсатма берса-ю, лекин адвокат иштирок этмаган бўлса, бу далиллар ҳам номақбул ҳисобланади ва айбловдан чиқариб ташлаймиз.

— Судьялар мустақиллиги масаласида бизда аҳвол қандай? Дейлик, жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган ҳолатлар: нашид юборганга 5 йил берилиб, етим болаларни зўрлаганга шунчаки озодликни чеклаш. Бунга ўхшаш солиштирувлар кўп. Судьяларга босим пайдо қилади. Бундай ҳолатларга судья сифатида сизнинг жавобингиз қизиқ.

— Судьяларнинг ҳаракатини назорат, таҳлил қилувчи фақат юқори турувчи инстанция бўлади. Ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинганда одатда иккинчи тарафни эшитиш бўлмайди, судда икки томон бўлади. Суд чиқарадиган ҳужжатларда 3 та талаб бор: қонунийлик, асосланганлик ва адолатлилик. Умуман олганда, адолатнинг аниқ бир нормалари йўқ. Тармоқларда машҳур бўлган АҚШлик судьяни адолатли дейишади, лекин мен кўпроқ очиқлик билан ишни олиб боришини эътироф этган бўлардим.

Қонунчиликда чегаралар бор. Дейлик, маълум бир қилмиш учун жарима, ахлоқ тузатиш, жамоат ишлари, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш чоралари бор, мана шу 5 хил жазодан четга чиқиб кетолмаймиз. Қайси турдаги жазони бериш эса процесс давомида аниқланади. Айбланувчининг пушаймонлиги, келтирилган зарар, жабрланувчининг ҳуқуқ ва манфаатлари кабилардан келиб чиқилади.

Сиз келтирган икки кейс бўйича қандайдир хулоса беришга менда ваколат йўқ. Малакаланиш турлича бўлади, жабрланувчилар даъво қилмагандир. Судьялардан тажриба, ички ишонч талаб қилинади, шунинг учун ҳам камида 35 ёш бўлиши керак. Масалан, Германияда вояга етмаганларнинг ишини кўриш учун судья камида иккита фарзандни тарбиялаган бўлиши керак. Судьяларда ички ишонч тарбияси, жамиятдаги ўрни, фаолияти, китоб ўқиганлиги, одамлар билан мулоқотида шаклланади.

Ўзим бир ишни кўрганман. Судланувчи психотроп моддалар сотиш билан айбланган эди. Лекин ўзи мен умуман бу ишни қилмаганман деб таъкидлаган. Далиллар эса унга қарши. Ёрдамчим билан ўша дорихона ёнига бориб, ўзимни билмаганга олиб атрофдаги сотувчилардан суриштирдим, улар ҳам тасдиқлашди. Ўша жараёнда мен ишончимни мустаҳкамлаб олдим ҳукм чиқариш учун.

— Футболда ҳам аниқ белгиланган қоидалар бор, лекин ҳакамлар эмоционал ҳолатдан, вазиятдан келиб чиқиб ҳам қарор қилишади. Судларда ҳам шундай бўладими? Бир хил ҳолатларда икки хил ҳукм чиқарилиши мумкинми?

— Футболда қилинган хато тузатилмайди деярли, шу туришда қолади. Лекин судларда ҳукм чиқарилгач, юқори турувчи инстанциялар текшириб, ҳукмни ўзгартириши мумкин. Судларда ҳар процесс алоҳида малакаланади, айблов моддалар тўғри келгани билан оқибат, вазият, айбланувчи муносабати кабилар ҳисобга олинади. Баъзида бир хил жазо қўлланиши ҳам мумкин.

— Бошқа касб эгаларида ҳам бор, яъни профессионал фаолиятдан ташқари ҳар хил тадбирлар, тарғибот учрашувлари бўлади. Бу нарсаларга муносабатингиз қандай?

— Муносабатим 2 хил. Агар соҳамга фойдаси тегса, бу тўғри. Масалан, сиз билан суҳбатимиз аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, судлар фаолияти билан танишишига, тушунишга хизмат қилади. Одатда тарғибот ишлари халқимизнинг ҳуқуқий онгини оширишга қаратилади. Фуқаролар билиши керак ҳақ-ҳуқуқларини. Шунинг учун бизнинг соҳада тарғибот жудаям зарур.

Бизда Олий Суд томонидан тасдиқланган дастур бор. Шу дастур бўйича менга ҳам Чилонзор туманидаги 5 та маҳалла бириктирилган. Ўша маҳаллаларга бориб, баҳсли кейслар ҳақида суҳбатлашаман, тушунтиришлар бераман. Умуман, касбий фаолиятимизнинг яхшиланишига олиб келувчи қўшимча ишларга жалб қилиниш бўлса, мен қўллаб-қувватлайман. Айтганимдек, судья мустақил шахс, агар дадил қарорлар чиқарувчи, ўзига ишонган бўлса, унга ҳар ким қўшимча иш беришга ҳайиқади ҳам.

— Номусга тегиш масаласида оқлов ҳукми чиқарган ишингиз бор. Кўпчиликнинг норозилигига ҳам сабаб бўлган бу. Шу ҳақида нима дея оласиз?

— Иш кўрилаётганда жабрланувчи томонидан ҳеч қандай шикоят бўлгани йўқ. Айблов органи томонидан процесс киритилиб, юқори инстанцияда иш қайта кўрилган ва менинг қарорим ўз кучида қолган. Вояга етмаганлар иштирок этгани ва жинсий жиноят бўлгани учун ёпиқ ҳолатда кўрилган иш. Шунинг учун тафсилотларни айтолмайман. 26-моддага кўра, қилаётган иши ижтимоий хавфли эканини англаб, ихтиёрий тўхтатгани учун оқланган. Агар ташқи таъсир туфайли жиноятни тўхтатган бўлганда суиқасд деб малакаланган бўларди. Жиноятни охирига етказиш имкони бўла туриб ундан қайтса, рағбатлантирувчи модда қўлланади ва оқланади.

— Иш юкламаси ҳақида гаплашсак. 6 сентябр куни Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси Юлдуз Олимованинг иш юритувида 25 та иш бор. Айни шу суд судьяси Шерзод Жамолов 6 сентябрда 55 та, 4 сентябрда 62 та, 5 сентябрда 55 та иш кўриши керак бўлган. Битта судья учун бунча юклама кўп эмасми?

— Ислоҳотлар натижасида судьялар ихтисослашуви юзага келди, маъмурий судлар ташкил этилди. Натижада бир қадар иш ҳажми камайди. Мен жиноят ишлари бўйича гапираман, иқтисодий судлардан унчалик хабардор эмасман. Жиноий судларда бир судьяга 14 та жиноят иши ва 24 тагача маъмурий ишлар тўғри келади. Агар ишлар сони кўпайиб кетса, шошма-шошарликда хатоларга йўл қўйиш мумкин, чунки ҳар бир ишга муддат берилади. Иқтисодий судларда аниқ фактлар билан кўриниб турувчи ишлар ҳам бўлади, менимча уларга жуда кўп вақт сарфлаш шарт эмас. 

Яна бир омил аҳоли сони ошиши. Лекин ихтисослашув, судьялар кўпайиши туфайли юклама камаймоқда. Ишларни судгача олиб бормаслик тажрибаси ҳам қўлланмоқда. Масалан, солиққа оид ҳуқуқбузарликда айбланувчи айбини тушуниб, зарарларни қопласа, иш судга чиқмайди, тўхтатилади. Бу борада давлат ҳам катта ишларни амалга оширяпти, яъни иқтисодий низоларни ечишда алоҳида нодавлат ташкилотлар пайдо бўлмоқда. Ривожланган мамлакатларда ярашув, келишув институтлари қўлланади, бу арзонроқ ҳам тушади. Бизда ҳам охирги йилларда шундай марказлар ташкил этиляпти.  

Ярашув ҳақида гап кетганда, бир мисолни келтириб ўтмоқчиман. Бир иш бўлган, эр хотинига жароҳат етказган. Икки тараф олдимга келишган, сўрасам бугун ҳукм чиқаришим керак бўлса, эртага яраштирув комиссияси кўраркан. Ишни тўхтатиб, олдин комиссия кўрсин, бўлмаса кейин мен кўраман, деганман. Агар ўша ҳолатда мен ҳукм ўқиганимда, яраштирув комиссиясининг фойдаси бўлмасди кейин.

— Конституция тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат бўлади, дейилган. Амалда ҳам шундайми? Тарғиботларда янги меъёрлар билан таништирувлар бўляптими?

— Конституция қабул қилинишида процессуал меъёрлар кенгайтирилиб, конституциявий меъёр бўлган. Масалан, Миранда қоидаси шундай бўлди.

Файласуфларнинг бир гапи бор: олимлари беамал, амалдори беилм, халқи бефарқ юрт таназзулга юз тутади. Худди шундай адолат таъминланмаган давлат ҳам йўқ бўлиб кетади. Бугунги суҳбатимиз ҳам ҳуқуқ борасида бир тарғибот. Халқимиз ҳам бефарқ эмас бу масалаларга. Умуман, ҳозир илмли одамлар мансабга тайинланаётгани ҳам эртанги келажагимиз яхши бўлишидан далолат.

Суҳбатни тўлиқ ҳолда юқоридаги видеода кўришингиз мумкин.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.

Top