23:29 / 09.09.2023
31695

Хитой иқтисодиётининг заифлашуви. Бунга қайси омиллар таъсир кўрсатмоқда?

Хитой иқтисодиётининг ўсиши секинлаша бошлади. Мамлакатда ишлаб чиқариш ҳажми бир неча ойдан бери қисқармоқда. Бунга нима сабаб? Хитойдаги ҳозирги иқтисодий тенденция глобал дунё учун нимани англатади ва вазият янада ёмонлашиши мумкинми?

Хитой сўнгги 20 йил ичида шу қадар тез ривожландики, кўпчилик экспертлар ва таҳлилий марказлар расмий Пекин тез орада дунёнинг энг бой ва қудратли давлати бўлган Қўшма Штатларга етиб олиши ва уни ортда қолдириши бўйича прогнозлар бера бошлади. Аммо охирги 3 йилда Хитой иқтисодиётининг ўсиши кескин секинлашди. Хўш, бунга нима сабаб бўлди?

Демографик инқироз кучайган, ёшлар ўртасидаги ишсизлик эса рекорд даражага етган

Moody’s Investors Service маълумотларига кўра, бугунги кунда Хитойда меҳнат унумдорлиги билан боғлиқ жиддий муаммолар юзага келган. Туғилишнинг қисқариши ва умр кўриш давомийлиги ошиши сабабли Хитой аҳолиси қариб бормоқда ва демографик вазият ёмонлашмоқда. Агар 2019 йилда меҳнатга лаёқатли ёшдаги фуқаролар сони 998 миллион кишини ташкил этган бўлса, 2050 йилга бориб бу кўрсаткич 767 миллионгача камайиши мумкин.

Ёшлар ишсизлиги даражаси рекордларни янгилаб, июн ойида 21,3 фоизни ташкил этди, бу пандемиядан олдинги даражадан деярли икки баравар кўп. Норасмий ҳисоб-китобларга кўра, мазкур кўрсаткич бундан ҳам юқорироқ бўлиши мумкин. Рекорд қайд этилганидан бир ой ўтгач, расмийлар ёшлар ишсизлиги ҳақидаги маълумотларни эълон қилишни ҳам тўхтатиб қўйди.

Ёшларни иш билан таъминлаш билан боғлиқ муаммоларга асосий сабаб сифатида, бугунги кунда ишсизларнинг тахминан учдан икки қисми олий маълумотга эгалиги, аммо Хитой иқтисодиётида малакали кадрларга оммавий талаб йўқлиги келтирилган. Яъни олий маълумотли ёшлар олдинги даврдаги каби заводларга боришни ва у ерда энг оддий ходим бўлиб ишлашни хоҳламайди. Ўз навбатида саноатда бўш ўринлар пайдо бўлмоқда ва уни тўлдириш билан муаммолар юзага келган.

Бу ҳолат, бир томондан, аҳолининг қариб бораётгани сабабли вазиятни янада ёмонлаштирса, иккинчи томондан, мамлакатдаги истеъмол талабига салбий таъсир қилади.

Юан қадрсизланмоқда

Хитой иқтисодиётининг заифлашуви фонида инвесторлар маҳаллий компанияларнинг қимматли қоғозларини сота бошлади. Бунинг ортидан миллий валюта юан ўзини “ёмон” ҳис қилмоқда. Август ойи ўрталарига келиб валюта курсининг пасайиши Хитой Халқ банкини интервенция қилишга мажбур қилди: норасмий маълумотларга кўра, давлат банклари валюта курсини қўллаб-қувватлаш мақсадида доллар сотиш ва юан сотиб олишни бошлаган. Бироқ, бу каби чоралар фақатгина қисқа муддатли таъсир кўрсатди.

Хитой юани 2007 йилдан буён долларга нисбатан энг паст қийматгача тушди. Хусусан, сўнгги 16 йил ичида илк марта 1 АҚШ долларининг курси 7,3285 юандан ўтди. 9 сентябр ҳолатига кўра, 1 АҚШ доллари 7,34 юангача мустаҳкамланган. Хитой валютаси қийматининг пасайиши ташқи савдо бўйича ҳисоботлар эълон қилинганидан сўнг юз берди.

Кўчмас мулк бозоридаги вазият

Хитой иқтисодиётининг асосий двигатели – кўчмас мулк бозорида инқирозли вазият юзага келган.

“Бу тизимли секинлашув. 2008-2016 йилларда ўсишни таъминлаган “двигателлар” тўхтаб қолди. Кўчмас мулк секторининг ҳиссаси Хитой иқтисодиётининг 25 фоизгача бўлган қисмини ташкил этади. Бу сектордаги пасайиш умумий ўсиш суръатлари секинлашувининг асосий сабабидир”, – дейди Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази(CSIS) таҳлилчиси Логан Райт.

Хитойликлар учун кўчмас мулк – келажакка асосий сармоядир. Банк депозитлари ставкалари ҳар доим коммунистик партия томонидан белгилаб берилган, ижтимоий ёрдам эса ривожланмаган. Шу сабабли, хитойликлар анъанавий равишда кўчмас мулкка сармоя киритиб, келажак ҳаёт учун пул жамғаришган. Шунингдек, урбанизация ва аҳолининг ўсиши шаҳарларда уй-жойга бўлган талабни қўллаб-қувватлаб келган.

Талабни қўллаб-қувватловчи омиллар аста-секин заифлашиб борди. Қурилиш компанияларидаги муаммолар ва нархларнинг пасайиши кўчмас мулкни жамғарма объекти сифатидаги жозибадорликдан маҳрум қилди. Урбанизация деярли йўқолди ва аҳолининг ўсиши тўхтади. Жумладан, 2013 йилдан бери мамлакатда никоҳлар сони камайиб бормоқда.

2021 йилда мазкур тармоқ гиганти Evergrande дефолтга учради ва ҳозирда қайта тикланиш ишларини олиб бормоқда. 2020 йилда компаниянинг фойдаси бугунги курс бўйича тахминан 1,1 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2021 ва 2022 йилларда йўқотишлари ўнлаб миллиард долларга етган.

Умуман олганда, хитойликлар даромадининг аввалгидай ўсмаётгани ва квартиралар арзонлашаётгани сабабли уй-жой бозорида инқирозли вазият кузатилмоқда. Берилган барча кредитларнинг қарийб чорак қисми қурилиш секторига тўғри келгани учун муаммоли қарзларнинг улуши ҳам ортиб кетган.

Агар кўчмас мулк секторида сармоянинг қисқариши давом этадиган бўлса, Хитой ҳукумати уни иқтисодий ўсишнинг қолган икки компоненти – истеъмол ва экспорт ҳисобига қоплаши керак бўлади. Аммо, бу жуда қийин.

Саноат секин ривожланмоқда, экспорт ва импорт кўрсаткичлари пасайган

Расмий Пекин жорий йилда ЯИМни 5 фоизга ошириш режаларини эълон қилганди. Бу кўрсаткич ҳам кўпчилик таҳлилчилар томонидан анча паст натижа сифатида баҳоланганди. Бироқ йилнинг иккинчи ярмига келиб мамлакатдаги иқтисодий ўсиш атиги 3 фоизни ташкил қилган.

Жорий йилнинг дастлабки етти ойлигида саноат ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,7 фоизга ўсган. 2022 йилда мамлакатда пандемия чекловлари амалда бўлгани ҳисобга олинса, бу анча паст кўрсаткич. Кўпчилик саноат ўсиши 4,4 фоиздан баланд бўлишини кутганди.

Июл ойида чакана савдо, автомобил, кийим-кечак, алоқа воситалари, қурилиш материаллари бозорларидаги натижалар ҳам дастлабки ҳисоб-китоблардан ёмонроқ бўлган. Асосий капиталга, саноат ишлаб чиқаришига, қайта ишлашга инвестициялар ўсиши секинлашган. Импорт ва экспорт июл ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан мос равишда 12,4 ва 14,5 фоизга камайган. Умумий савдо айланмаси эса 13, 6 фоизга қисқарган.

Хитой иқтисодиётининг секинлашуви глобал иқтисодиёт учун нимани англатади?

Bloomberg'нинг ёзишича, Хитой иқтисодиёти бу йил глобал иқтисодий ўсишнинг учдан бир қисмини таъминлаши керак эди, шунинг учун сўнгги ойларда унинг кескин секинлашуви бутун дунёни хавотирга солди. Аввалроқ, АҚШ президенти Жо Байден Хитойнинг иқтисодий муаммоларини “вақт бомбаси” деб атаганди.

Кўп мамлакатлар учун Хитой энг асосий савдо шерик ҳисобланади. ХВЖ таҳлилларига кўра, Хитойнинг иқтисодий ўсиши 1 фоиз пунктни ташкил этганда, бошқа мамлакатларда ўсиш тахминан 0,3 фоиз пунктга ошади. Ўз навбатида, Oxford Economics иқтисодчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, Хитой иқтисодиётининг 1 фоизга қисқариши, у билан боғланган бошқа турдош иқтисодиётларнинг 0,1-0,2 фоизга пасайишига сабаб бўлади.

Мисол учун, Япония июл ойида, Хитой автомобиллар ва чиплар сотиб олишни қисқартирганидан сўнг, икки йилдан кўпроқ вақт ичида биринчи марта экспортнинг пасаяётгани ҳақида хабар берди. Жанубий Корея ва Таиланд марказий банклари эса ўз мамлакатлари учун иқтисодий ўсиш прогнозларининг ёмонлашишига сабаб сифатида ХХР иқтисодиётининг заиф тикланишини қайд этди.

Bloomberg экспертларининг қўшимча қилишича, Хитой иқтисодиётининг секинлашуви фонидаги ҳолат баъзи ижобий жиҳатларга ҳам эга.

"Бунинг ҳаммаси ҳалокат ва қоронғилик эмас. Хитой иқтисодиёти ўсиш суръатларининг секинлашиши жаҳон бозорида нефт нархининг арзонлашишига олиб келади. Мамлакатдаги дефляция эса бутун дунё бўйлаб жўнатиладиган товарлар нархининг пасайишини англатади”.

Ҳозирги ҳолатдан юқори инфляция билан курашаётган давлатлар бундан энг кўп фойда кўради.

"Сўнгги 10 ой ичида Хитойда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нархлари пасайиб кетди. Бу юқори инфляция билан курашаётган дунё учун ёқимли янгиликдир. Аммо Хитойдаги иқтисодий таназзулнинг чўзилиши жаҳон иқтисодиётига ёрдам беришдан кўра кўпроқ зарар келтириши мумкин", дейди агентлик таҳлилчилари.

Шунингдек, Ҳиндистон каби баъзи ривожланаётган бозорлар ҳам Хитойни тарк этиши мумкин бўлган хорижий сармояни жалб қилиш нуқтаи назаридан маълум имкониятларни кўзламоқда.

Айтиш мумкинки, АҚШ учун янги Хитой иқтисодий таҳдиддан сиёсий ва ҳарбий таҳдидга айланмоқда. Осиёдаги қўшнилар учун эса Ғарб бизнеси ва капиталини жалб қилиш имконияти очилади. Россия учун Хитойнинг иқтисодий пасайиши унинг асосий маҳсулоти – энергия экспортидан тушадиган даромаднинг камайишини англатади.

“Йиллик 3-4 фоиз ўсишга рози бўлиш ёки иқтисод ва сиёсатни либераллаштириш керак”

Хитойдаги ушбу пасайиш қанчалик жиддий? Ушбу ҳолат вақтинчалик (мавсумий) характердами ёки Хитойнинг ривожланиш модели якунига етиб келдими? Хитойдаги иқтисодий пасайишнинг глобал иқтисодиёт ва бошқа давлатларга таъсири қандай бўлади? Теlegramʼдаги MacroBC канали шу ҳақда ёзди.

“Аввало шуни тушуниш керакки, ривожланган ва ривожланаётган давлатлардаги иқтисодий инқирозлар ўртасида бироз фарқ бор. Масалан, АҚШ ёки Германия иқтисодиёти рецессияда бўлиши учун ЯИМ ўсиши манфий бўлиши керак. Аммо Хитойга ўхшаган тез ўсаётган давлатларда иқтисодий ўсишнинг секинлашиши ҳам рецессия деб қаралади.

Бугун Хитой иқтисоди йил бошидаги оптимистик кутилмалардан фарқли равишда мана шундай ҳолатни бошдан кечирмоқда. I ярим йилликда Хитой ЯИМ кутилганидан пастроқ ўсди. Июлда саноат ишлаб чиқариш, чакана савдода ўсиши ҳам режадан пастроқ бўлди. Кўчмас мулк бозорида турбулентлик анчадан бери сақланиб турибди. Экспорт камаймоқда. Ёшлар орасида ишсизлик энг юқори даражага етган.

Бундан ташқари иқтисодиётда дефляция – умумий нархларнинг тушиши бошланган. Бир қарашда позитив ҳолатдек туюлса-да, макроиқтисодий томондан бу яхши сигнал эмас. Дефляция ишлаб чиқарувчиларни инвестиция киритишдан тўхтатиши, истеъмолчилар харажатларини кейинги даврларга суришига туртки беради. Бу эса спирал эффекти сингари иқтисодиётда дефляция босимини янада кучайтиради.

Устига устак иқтисодиётда қарз юки жуда баланд (ЯИМга нисбатан 300 фоиз) – дефляция корхоналарнинг қарз юкини янада ошириб, инвестиция ва бошқа харажатларини камайтириши мумкин.

Стагнация фақат Хитой билан чекланмаслиги, бошқа ривожланаётган давлатларга сизиб чиқиш эҳтимоли юқори. Асосий баҳс таъсирнинг кўламида. Айрим иқтисодчилар ушбу таъсир Хитойнинг дунё бозоридаги асосий роли истеъмолчи эмас, ишлаб чиқарувчилиги сабаб глобал иқтисод учун катта бўлмаслигини, пасайишдан асосан Хитойга хомашё товарлар етказиб берувчи давлатлар жабр чекишини прогноз қилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат: Хитойда реал ўсиш ва нархларнинг пасайиши ўтган асрнинг 80 йилларида Япония ҳолатини эсга солиши мумкин. Фақат фарқли томони Хитойда стагнация бироз эрта бошланмоқда. Японияда ўсиш секинлашиб, дефляция бошланганда японияликнинг ўртача даромади АҚШликнинг 80 фоизигача етган бўлса, бугун Хитойликнинг ўртача даромади АҚШликнинг 20 фоизига ҳам етмайди.

Умуман олганда, кузатилаётган пасайиш Хитойнинг сўнгги йиллардаги юқори инвестициялар (ЯИМга нисбатан 40 фоиздан баланд), қарз ва унумдорлиги паст бўлган кўчмас мулк секторига асосланган моделини ўзгартиришга мажбур қиладими ёки йўқми деган саволни ҳам ўртага чиқармоқда.

Нима бўлган тақдирда ҳам иқтисодчилар фикрларидаги консенсус шуки, Хитой энди секинроқ – йиллик 6-7 фоиз эмас, 3-4 фоизлик ўсишга рози бўлиши керак. Режали иқтисоднинг потенциали шу. Ёки иқтисод ва сиёсатни либераллаштириш керак. Бунга эса Хитой ҳукумати рози эмас”, дейди ўзбекистонлик иқтисодчи.

Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий боғлиқлик

Хитойнинг муаммолари бошқа давлатлар, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам оқибатлар яратиши мумкин. Ўзбекистоннинг ташқи савдо алоқаларида Хитойга боғлиқлиги ортиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг январ-июл ойларида Хитойнинг Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми 6,9 млрд долларга етган. Бу республика умумий ташқи савдо айланмаси ҳажмининг 19,5 фоизини ташкил қилади.

Хитойдаги иқтисодий ўсишнинг секинлашиши хомашёга бўлган талабнинг пасайишига олиб келади. Бу эса Ўзбекистон экспортининг ўсишига қисман таъсир кўрсатиши мумкин. Ўз навбатида, Хитойдаги дефляция импорт қилинадиган маҳсулотлар нархининг арзонлашиши таъсир кўрсатади.

Шунингдек, 2023 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 139,1 трлн сўмни ташкил этган. Бунда энг юқори улушга эга бўлган инвестор – мамлакатлар орасида Хитой биринчи ўринни эгаллаб турибди – 20,5 фоиз.

Достон Аҳроров

Top