13:10 / 13.09.2023
9116

Россия 18 млрд рублга Boeing ва Airbus самолётлари учун эҳтиёт қисмлари сотиб олди

Украинага қарши урушнинг бир йили давомида Россия чет элда ишлаб чиқарилган самолётлар учун 18 миллиард рублга эҳтиёт қисмлари сотиб олди. «Важные истории» маълумотларига кўра, ғарб санкцияларига қарамай, баъзи компонентлар Европа компанияларидан сотиб олинган. 

Фото: Reuters

Украинага қарши урушнинг бир йили давомида Россия 2022 йилнинг февралидан 2023 йилнинг мартигача 18 миллиард рубллик Boeing ва Airbus самолётлари учун асл эҳтиёт қисмларини сотиб олди, деб хабар берди «Важные истории» суриштирув нашри 12 сентябр, сешанба куни. Харидлар жорий қилинган санкцияларга қарамай амалга оширилган

Суриштирувчилар аниқлашича, етказиб беришда 26 мамлакатдан жами 150 та компания иштирок этган. Шу билан бирга, фақат Бирлашган Араб Амирликларидаги воситачиларнинг ҳиссасига 9 миллиард рубллик харидлар тўғри келади. Биринчи учликка Хитой (5 миллиард) ва Туркия (2 миллиард) компаниялари ҳам киради. 

Самолётлар учун эҳтиёт қисмлари АҚШ, Буюк Британия, Германия, Чехия ва Литва каби «дўст бўлмаган» мамлакатларда ҳам сотиб олинган. Бу давлатлар билан расмий савдо алоқалари минималлаштирилган ёки тугатилган. Етказиб бериш параллел импорт схемаси бўйича амалга оширилган. Шу билан бирга, кўплаб етказиб берувчи компаниялар россияликларга тегишли. 

Етказиб берувчи компанияларнинг россиялик эгалари 

Мисол учун, БААда рўйхатдан ўтган, 1,2 миллиард рубллик эҳтиёт қисмларини етказиб берган Griffon компанияси Ирина Гороховская ва Иля Рисевга тегишли. Рисев Россияда авиация эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғулланадиган иккита юридик шахснинг асосчиси ҳисобланади. 

Барча харидларнинг деярли ярми «Аэрофлот», «Россия» ва «Победа» давлат компаниялари томонидан амалга оширилган. «Важные истории» маълумотларига кўра, асосий харидорлардан бири Москванинг «Протектор» компанияси бўлиб, у 2 миллиард рублга тенг қисмларни Россия авиаташувчиларига қайта сотган. 

Украинадаги уруш туфайли ғарб санкциялари

Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан кейин Россия авиация саноатига қарши жорий қилинган санкциялар Россияга самолётлар етказиб беришни тақиқлаш, шунингдек, Россия авиалайнерларининг санкцияларда иштирок этувчи мамлакатларга парвозларини тақиқлашни назарда тутади. Санкциялар асосида суғурта гувоҳномалари бекор қилинди, Россия авиакомпаниялари томонидан ижарага олинган самолётлар қайтарилиши керак эди, бироқ бу талаб бажарилмади. Эҳтиёт қисмлари тақчиллиги туфайли Россия авиакомпанияларининг самолётлари билан содир бўлаётган турли ҳодисалар кўпайди.

Boeing журналистлар сўровига шундай жавоб берди: «2022 йил бошида компания Россиядаги мижозлар ва техник хизмат кўрсатувчиларга эҳтиёт қисмлари етказиб бериш, техник хизмат кўрсатиш ва техник ёрдам кўрсатишни тўхтатиб қўйди. Биз АҚШ санкциялари ва глобал қонун-қоидаларга амал қилишда давом этамиз».

Қўшма Штатлар ва бир қатор Европа мамлакатларида санкцияларни бузганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган, аммо аслида у жуда кам қўлланади. Май ойида икки нафар россиялик АҚШда экспорт назоратини бузганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди. Тергов маълумотларига кўра, улар Boeing ва Airbus’га деталлар етказиб бериш учун АҚШ ва Туркияда воситачилар тармоғини ташкил қилган. Улар 20 йилга қамалиши мумкин.

Top