18:22 / 15.09.2023
9358

Ўзбекистон сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича Осиёда тўртинчи ўринда бормоқда

Сувга бўлган талаб ошиб борар экан, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда сув тежовчи технологияларни маҳаллийлаштириш даражаси 80 фоизга етган. Бу борада Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи, МДҲ давлатлари орасида иккинчи, Осиёда тўртинчи ва дунёда 13-ўринни эгаллайди.

Сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун давлат субсидия беради.
Фото: agroinspeksiya.uz

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб сув ресурслари Ўзбекистоннинг асосий дарёлари — Сирдарё ҳавзасида 5 фоизгача, Aмударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда.

Бошқа томондан, аҳолининг ўсиши ҳисобига Ўзбекистонда 2030 йилга бориб сувга бўлган талаб 7 млрд метр кубни ташкил этиши, 2050 йилга бориб бу кўрсаткич икки баробарга ортиши — 14 млрд метр кубга етиши мумкин.

Шуларни инобатга олиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланиш тубдан ислоҳ қилинмоқда. Асосий масала — сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш.

Жумладан:

·       2017–2023 йилларда жами 1,2 млн ha ер майдонларида (ёки қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг қарийб 31 фоизида) сув тежовчи технологиялар жорий этилди. Бу томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет суғориш, эгилувчан қувур, плёнка тўшаб суғориш каби технологияларни ўз ичига олади, ушбу йилларда 630 минг ha ер лазер ёрдамида текисланди;

·       2019 йилдан сувни тежовчи технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича субсидия ажратиш механизми йўлга қўйилиб, 2022 йилдан бошлаб ушбу тизим рақамлаштирилди;

·       Сув хўжалиги соҳасига рақамли технологияларни жорий қилиш мақсадида 5479 та «Ақлли сув» қурилмаси, насос станцияларига 1446 та онлайн назорат қурилмаси ҳамда мелиоратив кузатув қудуқларига минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилувчи 5055 та «Diwer» қурилмалари ўрнатилди, 45 та йирик сув хўжалиги объектларининг бошқарув жараёни автоматлаштирилди;

Сув тежовчи технология воситаларини ишлаб чиқариш аллақачон 80 фоизга маҳаллийлаштирилган. Фото: water.gov.uz

Амалга оширилган бу чора-тадбирлар натижасида, 3 млрд метр куб сув иқтисод қилиниб, қўшимча 400 минг ha майдонда сув таъминоти яхшиланди. Сувни бошқариш жараёнини автоматлаштириш орқали йўқотишлар 10 фоизгача камайтирилди.

Сув тежовчи технологияларни маҳаллийлаштириш даражаси 80 фоиз бўлиб, мамлакатда бу билан шуғулланадиган корхоналар сони 50 тадан ошган. Ўзбекистон сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича Марказий Осиёда биринчи, МДҲ давлатлари орасида иккинчи, Осиёда тўртинчи ва дунёда 13-ўринни эгаллайди.

Пахтани томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш сувни тежашда муҳим ўрин тутади. Фото: kommers.uz

Мазкур йўналишда ислоҳотларни янада жадаллаштириш мақсадида Сув хўжалиги вазирлиги олдига 2030 йилгача суғориладиган экин майдонларини сувни тежайдиган технологиялар билан тўлиқ қамраб олиш вазифаси қўйилган. Улар сирасига насослар ва шланглар ёрдамида томчилатиб суғориш, айланасига ёмғирлатиб суғориш кабилар киради.

Бир нарсани унутмаслик керакки, ушбу технологиялар фақат қишлоқ хўжалиги соҳаси учунгина керак эмас. Бизнинг иқтисодиётимиз қишлоқ хўжалигига асосланган. Ҳудудимизнинг, аҳолининг катта қисми шу билан банд. Қишлоқ хўжалигида сув истеъмолини 1 фоизга камайтириш миллионлаб тонна сувни тежаб қолиш ва уни аҳоли эҳтиёжларига йўналтириш имконини яратади. Шу сабабли ҳам бундай дастурлар, инвестициялар биз учун муҳим. Айнан шу туфайли давлат томонидан алоҳида эътибор талаб этилади.

Айланасига ёмғирлатиб суғориш технологияси ҳали юртимизда кенг жорий қилинмаган. Фото: xs.uz

Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш нафақат сув сарфини камайтириш имконини беради, балки яшил иқтисодиётга ўтишнинг муҳим элементига айланади. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишини таъминлайди.

Top