13:35 / 23.09.2023
32580

СССРда яширилган фожиа: советлар атом бомба портлатиб 55 минг одамни қандай заҳарлаган эди?

1954 йил Оренбург вилоятидаги Тоцкий полигонида йирик ҳарбий ўқув йиғини ўтказилади. Унда 45 минг ҳарбий, 10 минг аҳоли қатнашади. Режага кўра полигонда атом бомбаси портлатилади ва аскарлар радиация тарқалган жойда шартли душманга қарши жанг қилади. Ушбу ҳодиса 1993 йилгача сир сақланади. Ҳодиса ошкор бўлганда ҳарбийларнинг аксарияти радиацияда нурланиб, бевақт ўлиб кетгани, тирик қолганлари ногиронга айлангани ошкор бўлади.

Фото: alamy.com

СССР парчаланиб кетгандан сўнг маълум бўлдики, бу давлатда жуда кўп ҳалокатлар, фожиалар юз берган ва уларнинг аксарияти оммадан яширилган. Бунда ишлар орасида одамларнинг соғлигига зарар етказадиган айрим фожиалар давлат томонидан уюштирилган.

Жумладан, 1954 йил Оренбург вилоятида жойлашган Тоцкий синов полигонида ўтказилган, бир неча ўн минг одамнинг бевақт ўлиб кетишига ва ногиронга айланишига сабаб бўлган иш ҳам шулар жумласидан.

Ушбу фожиа ҳам 1990-йиллар бошигача сир тутилади. Архив маълумотлари ошкор қилинганда одамлар ҳайратдан ёқа ушлайди. Чунки давлат қарийб 60 минг кишини оқибатини била туриб ажал ёқасига итарган эди.

Ўшанда бу полигонда Иккинчи жаҳон урушининг афсонавий қаҳрамонларидан бири маршал Георгий Жуков бошчилигида йирик ҳарбий ўқув-йиғини ўтказилади.

Йиғин давомида атом бомба портлатилади ва радиация майдонида ҳарбийлар шартли душманга қарши жанг қилади. Аҳолини эса радиация нурлари тарқаладиган майдонида қолдиришади.

Оқибатда уларнинг қарийб барчаси заҳарланади ва кўпчилиги бевақт ўлиб кетади. Тирик қолганлари эса бир умрга ногиронга айланади.

Синовдан аввалги вазият

1945 йил 6 ва 9 август кунлари америкаликлар Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомба ташлайди. Ана шунда дунё АҚШ даҳшатли қуролга эга бўлганидан хабар топади.

Орадан 4 йил ўтиб, 1949 йил 29 август куни советлар Қозоғистоннинг Семипалатинск шаҳридаги полигонда дастлабки синовни ўтказишади. Шу тариқа дунёнинг икки йирик давлати ҳам даҳшатли қуролга эга бўлади.

Шундан кейин ҳам ҳар икки давлат кўплаб ядро синовларини ўтказади. Аксарият синовлар атом бомбаларининг кучини синаш учун эди.

Ўша пайтда америкаликларда Хиросима ва Нагасакига ташланган атом бомбасидан кейинги вазиятнинг тадқиқотлари бор эди.

Урушдан сўнг Японияни ўзига вассал қилган америкаликлар радиация билан нурланган одамлар устида турли тадқиқотларни ўтказган, советларда бундай тажриба йўқ эди.

Шу сабабли 1950-йиллар бошида советлар атом бомбасининг портлаши одамларга қандай таъсир этишини синаб кўришни мақсад қилади.

Ҳарбий ўқув йиғини

1954 йилнинг бошларида СССР Мудофаа вазири Николай Булганин ҳаво ҳужумига қарши кучлар ва денгиз-флотида йирик ўқув йиғинлари ўтказиш ҳақида буйруқ беради.

Бу ўқув йиғинида советлар душман атом қуроли билан ҳужум қилганда уни қайтаришни машқ қилишни режалаштиради. Йиғинда 1951 йилда синовдан ўтказилган атом бомбаси портлатилиб, ҳарбийлар радиация тарқалган майдонда шартли душман ҳужумини қайтариши керак эди.

Йиғинни аввалига Архангелск вилоятидаги Капустин Яр полигонида ўтказмоқчи бўлишади. Кўп ўтмай режа ўзгаради ва 1954 йилда йиғин Оренбург вилоятида жойлашган Тоцкий полигонига кўчирилади.

Бунга сабаб, советлар Тоцкий полигонидаги ландшафт Европаникига ўхшаш деб топишади. Йиғинни ўтказишга маршал Георгий Жуков раҳбар этиб тайинланади ва режа жуда қаттиқ сир сақланади.

Тоцкий полигонига мамлакатдаги 212 та ҳарбий қисмдан 45 минг нафар ҳарбий, 600 та танк, 500 та миномёт, 600 та зирҳли транспорт, 320 та самолёт, 6 мингта турли русумдаги ҳарбий машиналар чақирилади.

Тоцкий полигонига чақирилган ҳарбийлар

Бундан ташқари, полигон атрофида яшовчи қизлардан кўнгиллилар отряди тузилади. Бироқ уларга ва ҳарбийларга йиғин давомида атом бомбаси портлатилиши мутлақо айтилмайди.

Тоцкийга чақирилган ҳарбийларнинг 6 минг нафари турли лавозимдаги зобитлар, қолгани 18-21 ёшдаги мажбурий ҳарбий хизматни ўтаётган ёш йигитлар бўлган.

Режага кўра Тоцкийдаги полигон атрофи бешта ҳудудга бўлинади.

1-ҳудуд. Атом бомбаси портлатиладиган жойдан 8 километр радиусдаги жой. Бу ҳудуддан барча одам чиқарилади.

2-ҳудуд. Эпицентрдан 8-12 километр радиусдаги жойлар. Бу ҳудудда яшовчи аҳоли атом бомба портлашидан 3 соат олдин табиий бошпаналарга жойлаштирилади. Берилган махсус сигналдан сўнг улар ерга юзтубан ётишади.

3-ҳудуд. Эпицентрдан 12-15 километр радиусдаги жойлар. Бу ҳудудда яшаётган аҳоли портлашдан уч соат олдин уйларидан ташқарига чиқарилади. Махсус сигналдан сўнг улар ерга юзтубан бўлиб ётишади.

4-ҳудуд. Эпицентрдан 15-50 километр радиусдаги жойлар. Аҳоли ўз уйида қолаверади. Мабодо атом бомба портлашидан сўнг ҳосил бўладиган булутнинг ҳаракатига қараб улар хавфсиз жойларга кўчирилади.

5-ҳудуд. Атом бомбани ташлайдиган самолёт учадиган йўналишдаги жойлар. Бу ҳудуддаги аҳоли портлашдан уч соат олдин хавфсиз жойга кўчирилади. Уларга тегишли уй ҳайвонлари молхоналарга қамаб қўйилади.

Тоцкий полигонига энг яқин қишлоқлар Маховка ва Елшанка 5, Березовка 10, Пронкино 13, Тоцкий 20, Бузулик 40 километр масофада жойлашганди.

Атом бомбаси портлатилган жой Самарадан 180, Оренбургдан 170 километр узоқликда жойлашган

Атом бомбасининг портлатилиши

Ўқув йиғинини ўтказиш 1954 йил 14 сентябрга мўлжалланган эди. Ўша куни эрталабдан ҳаво очиқ, барча ҳарбий хизматчилар ўз позицияларини эгаллаб, Жуковнинг буйруғини кутишаётганди.

Маҳаллий вақт билан соат 9:20 да командирлар Жуковга йиғинни бошлаш учун барча ҳарбийлар ва техникалар шайлигини маълум қилади. У атом бомбани ташлашга буйруқ беради.

Соат 9:34 да Ту-4 самолёти учувчиси 8 минг метр баландликдан 44 килотонна кучга эга атом бомбани белгиланган жойга ташлайди. Орадан 48 сония ўтгач, у Ердан 350 метр баландликда портлайди.

Атом бомбаси портлаганда аввал чақнаш, сўнг кўзни қамаштирадиган ёрқин оқ ёруғлик пайдо бўлади.

Портлаш туфайли содир бўлган иссиқ тафт жуда катта ҳудудда Ердаги намликни буғлайди ва қуриган тупроқни парчалаб ҳавога кўтаради.

 Катта миқдордаги чанг ракета портлаган пайтда ажралиб чиққан тутун билан аралашади ва портлашдан 3,6 сония ўтиб жуда катта ҳудудни эгаллайди.

Унинг бир қисми тепага кўтарилиб, атом бомба портлаши туфайли пайдо бўлган қўзиқоринсимон тутунга қўшилади.

Ҳодиса гувоҳларидан бири кейинчалик шундай эслаганди:

«Турли техникалар ва ҳарбийлар атом бомбаси портлатиладиган жойдан бор-йўғи 5 километр узоқликда жойлаштирилганди. Портлаш содир бўлгандан кўп ўтмай ҳужум қилиш буйруғи берилди. Техникалар билан эпицентрга қараб ҳаракатлана бошладик. Олд қаторда бўлганларга противогаз беришганди. Бироқ ҳамма ёқ чанг бўлгани учун тез орада нафас олиб бўлмай қолди ва противогазларни ечиб ташлади. Самолётлар бошимиз узра қўзиқоринсимон булут орасида учарди».

Портлаш булути бир неча сонияда 750 метр, 1 дақиқадан сўнг 4 километр, 7 дақиқадан сўнг эса 15 километр баландликка кўтарилади.

Атом бомбаси портлаганда эпицентрга энг яқин бўлган Маховка ва Елшанка қишлоқларидаги барча уйлар, Березовка, Ивановка, Орловка ҳамда Пронкинодаги уйларнинг бир қисми ёниб кул бўлади.

Шунингдек, эпицентрдан 25 километр масофада жойлашган аҳоли пунктларидаги уйларнинг барча эшик ва дераза ойналари синиб тушади.

Жуков бошчилигидаги қўмондонлар портлашни эпицентрдан 13 километр узоқликда жойлашган штабдан туриб кузатишади. Ўша куни Жуковнинг ёнида маршаллар Рокоссовский, Василевский, Конев, Малиновский ҳам бор эди.

Маршал Жуков (ўнгдан иккинчи) ҳарбийлар билан.

Кейинчалик маршал Жуков ўз эсдаликларида портлашни шундай тасвирлаганди:

«Мен атом бомба портлашини илк марта Тоцкийдаги полигонда кўрдим. Ўшанда инсоният қанчалик даҳшатли қурол яратганини ва ҳеч қачон уни қўллашга имкон бериб бўлмаслигини тушундим. Йиғинда қатнашган ҳарбийлар ва одамларнинг радиациядан нурланишини тахмин қилгандим. Бироқ биз америкаликлар билан бўлаётган пойгада ортда қола олмасдик ва шунга мажбур эдик. Рақиблар атом бомбаси билан ҳужум қилишларини айтиб шантаж қилишаётганда биз шунчаки қараб туролмасдик».

Бундан ташқари, атом бомбаси портлашини кузатиш учун хитойлик маршал Чжу Де, шимолий кореялик Пэн Дэхуай, Полша мудофаа вазири Мариан Спихалский ва Чехия мудофаа вазири Людвиг Свобода келишади.

Портлашдан 36 дақиқа ўтгач, соат 10:10 да ҳарбийлар шартли душманга жанг бошлайди. Соат 11:00 гача барча ҳарбийлар ҳужумга қўшилиб бўлганди.

Энг аввал мотоўқчи бригадар, кейин бошқа бўлинмалар радиоактив моддалар билан тўйинган чангни ютиб, эпицентрни кесиб ўтади. Шунингдек, самолётлар ҳам ҳаводан атом бомбаси портлаганда ҳосил бўлган қўзиқоринсимон булутлар орасидан учишади.

Йирик кўламдаги ҳарбий ўқув йиғини ва унда 45 минг ҳарбий ва 10 минг аҳоли вакиллари қатнашгани ҳақида ҳеч қаерда ҳеч қандай маълумот берилмайди.

Пиёда қўшинлар атом бомбаси портлатилишини кузатишаяпти

Фақат йиғин ўтказилгандан кейин икки кун ўтиб, 1954 йил 17 сентябрда «Правда» газетасида ТАСС хабари эълон қилинади. Хабарда шундай дейилганди:

«Тадқиқот ва экспериментал ишлар режасига мувофиқ, сўнгги кунларда СССРда атом қуролларидан бири синовдан ўтказилди. Синовнинг мақсади атом портлашининг таъсирини ўрганиш эди. Синов жараёнида совет олимлари ва муҳандислари атом ҳужуми юз берганда ҳимояланишни муваффақиятли ташкил этишда асқатадиган қимматли натижалар олишди».

ТАСС хабарида тирик одамлар тепасида атом бомбаси портлатилгани ва 45 минг ҳарбий, бундан ташқари полигон яқинидаги аҳоли пунктларида яшайдиган одамлар радиация билан заҳарлангани ҳақида ҳеч гап йўқ эди.

Тоцкийдаги йиғинда қатнашган ҳарбий полигондаги ҳолатни шундай тасвирлаганди:

«Портлаш бизни тириклай кўмганди. Қуролдошимиз бизни қутқарган. Отрядим билан эпицентрдан 6 километр узоқликда 2,5 метр чуқурликдаги хандаққа жойлашгандик. Портлашдан сўнг аввалига ёрқин чақнаш пайдо бўлди ва жуда баланд овоз эшитилди, бир муддат кар бўлиб қолдик. Бир-икки дақиқадан сўнг кучли иссиқни ҳис қилдик ва терлаб, кийимларимиз ҳўл бўлди. Нафас олишимиз қийинлашди. Портлаш содир бўлганда хандақнинг деворлари тўкилиб, тупроқ остида қолдик. Ўшанда сал аввал бош кийимини тўғрилаш учун ўрнидан турган йигит туфайли тирик қолдик. Акс ҳолда ҳалок бўлардик. У тупроқни қазиб, бизни чиқариб олди».

Ўқув йиғини ўтиб бўлгандан сўнг ҳарбийлар тўлиқ уст-бошларини алмаштиришади. Лекин радиация уларнинг танасини заҳарлаб бўлганди.

Тоцк полигонидаги ҳарбийлар «противогаз»лар билан / Фото: alamy.com

Шу ҳолида уларнинг бир қисми аввал атрофдаги қишлоқларда содир бўлган ёнғинларни ўчиришади. Ўлиб ётган уй ҳайвонларини олиб чиқиб кўмишади. Сўнг ўз қисмларига жўнаб кета бошлашади.

Одамлар ҳам қишлоқларга қайтишади. Фақат бутунлай ёниб кетган иккита қишлоқ аҳолисига бошқа жойдан бошпана берилади. Қолганлар радиация билан заҳарланган ҳудудларга қайтади. Одамлар вайрон бўлган уйларни қайта тиклаб, яшай бошлайди.

Ўшанда советлар радиация тарқалган ҳудудда бўлган чорва молларини текшириш учун Москвага олиб кетади. Шунингдек, эпицентрга яқин жойда бўлган ҳарбийлар текширилади. Ҳисобот аянчли эди, ҳайвонлар ва ҳарбийлар радиацияда нурланиб бўлишганди.

Ҳодисанинг ошкор бўлиши

Тоцкийда содир бўлган фожиа ҳақида илк бор 1980-йиллар охирида гапирила бошланади. Тирик қолганлардан айримлари совет ҳукуматини даҳшатли синовда тирик одамлардан фойдаланганликда айблашади.

Бироқ ҳукумат айбини тан олмайди. Жабрланувчилар ҳукумат ўзларини «Чернобилчи»лар қаторига қўшишни ва нафақа тайинлашни талаб қилишади. Бироқ бу иш амалга ошмайди.

Кейинчалик Россия ҳукумати уларга нафақа тайинлайди. Бироқ бу пайтга келиб йиғинда қатнашганларнинг озчилиги тирик эди холос.

Тоцкдаги синов пайтида жабрланганни ёдга олиш учун йиғилган ҳарбийлар

1991 йилда СССР парчаланиб кетгандан сўнг бир муддат махфий архивлар очилади ва ана шунда Тоцкий полигонида юз берган фожиа оммага ошкор бўлади.

Одамлар советлар Тоцкийда атом бомба портлатилиб, радиация тарқалган майдонда ўзларидан «тажриба қуёнлари» сифатида фойдаланишганини эшитиб даҳшатга тушади.

Кейинчалик ўтказилган суриштирувларда Тоцкийдаги йиғинда қатнашган 55 минг одамдан қарийб ярми узоқ яшамаган ва 1960 йилгача турли оғир касалликлардан вафот этгани аниқланади.

Тирик қолганлар эса умрининг охиригача турли касалликлардан азият чекиб яшаган. Тоцкийда заҳарланганлардан туғилган болалар ҳам ногирон ҳолда дунёга келган.

Йиғиндан сўнг уйларига қайтган одамлар радиация билан заҳарланган ерда деҳқончилик қилиб турли маҳсулотлар етиштиради. Уларни истеъмол қилган одамлар ҳар хил касалликларга чалинади.

Тоцкийдаги синов пайтида ҳарбийларга шундай махсус кийимлар берилган. Бироқ улар ҳарбийларни радиация билан заҳарланишдан тўсиб қололмайди. / Фото: aif.ru

Орадан бир йил ўтиб, Тоцкийдаги синовда бўлган ҳарбийлар ва радиация тарқалган ҳудудда яшаётган одамларнинг дастлабкилари вафот этади. Кейинчалик ўлим ҳолатлари кўпаяди. Тирик қолганларида турли касалликлар авж олади. Турмушга чиққан қизлардан эса ногирон болалар туғилади.

1960 йилгача Тоцкийдаги йиғинда қатнашган ҳарбийлар ва одамларнинг асосий қисми турли касалликлардан вафот этиб бўлади. Ўшанда уларнинг аксарияти ҳали ўттизга ҳам тўлмаган йигитлар эди.

1994-95 йилларда россиялик ва америкалик мутахассислар Тоц полигони ва унинг атрофидаги радиация даражасини аниқлаш бўйича тадқиқотлар олиб боради.

Шунда 1954 йилда портлатилган атом бомбаси туфайли 200 километр радиусдаги ҳудуд радиация билан заҳарлангани ва ҳавога плутоний, кобалт, цезий, стронций зарралари тарқаб кетгани аниқланади.

Агар ҳарбий хизматчиларнинг радиация билан заҳарланиши таққосланса, Тоцкийда америкаликлар Хиросимага ташланган атом бомбасидан уч баравар катта бомба портлатилган.

Хиросимага ташланган «Little Boy» деб номланган атом бомбаси 13-18 килотонна, Тоцкий полигонида портлатилган бомба эса 44 килотонна кучга эга бўлган.

Тоцкий полигонига тўрнатилган ёдгорлик / Фото: fb.ru

Ҳодиса ошкор бўлгандан сўнг Ғарб ОАВда Сталин вафотидан сўнг СССР раҳбари бўлган Хрушчёв 1953 кузда атом бомба портлаши одамларга қандай таъсир қилишини синаб кўришни буюрганини ёзиб чиқишади.

Уларга кўра, советлар Японияга ташланган атом бомбаси оқибатларини ўрганган америкаликлардан ортда қолмаслик учун бу ишни қилган.

Тоцкийда заҳарланганлардан туғилган инсонлар ҳозир ҳам ҳаёт ва уларнинг аксарияти турли касалликлардан азият чекиб яшамоқда.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top