13:48 / 29.09.2023
4154

Гарибашвили: Гуржистон Европа Иттифоқига номзод мақомига лойиқ

Гуржистон бош вазирининг сўзларига кўра, Еврокомиссиянинг бу борадаги салбий қарори мамлакат учун «ҳақоратли» бўлади. 

Фото: Picture Alliance

Мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ва мураккаб геосиёсий вазиятни инобатга олган ҳолда, Гуржистон Европа Иттифоқига номзод мақоми берилишига лойиқдир. Бу ҳақда Гуржистон бош вазири Ираклий Гарибашвили маълум қилди, дея хабар беради маҳаллий ОАВ. 

Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, Еврокомиссиянинг бу борадаги салбий қарорини «мутлақо қабул қилиб бўлмайди ҳамда халқ ва мамлакат учун ҳақоратли бўлади». 

«Кимдир бизга зулм қилиши ва орқа қаторларга ўтказишга уриниши қабул қилиниши мумкин эмас. Чунки Гуржистон уч давлатлик формат мавзусида ҳамиша биринчи ўринда бўлган ва турибди. Биз барча соҳаларда Молдовадан ҳам, Украинадан ҳам олдиндамиз. Биз бу мамлакатлардан қиёслаб бўлмас даражада олдинда бўлган соҳалар кўп», — дея бош вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирилган.

Бундан олдин Гуржистон бош вазири Ираклий Гарибашвили Абхазия уруши тугаганининг 30 йиллиги муносабати билан баёнот берганди.
 
«Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни озод қилиш ва мамлакатимизни бирлаштириш давлатимиз ва жамиятимизнинг асосий муаммоси бўлиб қолмоқда», деди бош вазир. 

Top