07:53 / 13.10.2023
5186

Ўзбекистонда афғонларни ўқитиш ва касбга тайёрлаш лойиҳасининг 2-босқичи бошланди

ЕИ ва БМТ Тараққиёт дастури амалга оширган Ўзбекистонда вақтинча яшаётган Афғонистон фуқароларини ўқитиш ва касбга тайёрлаш бўйича лойиҳанинг биринчи босқичида 330 дан ортиқ киши иштирок этди. Термизда лойиҳанинг 400 нафар Афғонистон фуқаросини қамраб олган иккинчи босқичи бошланди.

Фото: ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси офиси

Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги вакиллари 11 октябр куни «Сурхондарё вилоятининг Афғонистон фуқароларини ўқитиш ва касбга тайёрлаш бўйича имкониятларини кенгайтириш» лойиҳасининг иккинчи босқичи ишга туширилиши муносабати билан Термизга ташриф буюрди, дея хабар берди Gazeta.uz.

Лойиҳанинг ўзи 2022 йилда Сурхондарё вилоятида Афғонистон фуқаролари учун янги таълим имкониятларини яратиш, ёшлар ва аёлларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадида бошланган эди. Европа Иттифоқи ушбу ташаббус учун 1 млн евро ажратди, БМТТД эса уни амалга оширмоқда.

Лойиҳанинг иккинчи босқичи 400 нафар талабани маҳаллий ва жаҳон миқёсида, жумладан, Афғонистонда ҳам талаб юқори бўлган касблар бўйича ўқитишни қўллаб-қувватлайди. Энг яхши талабалар ўқишни давом эттириши, бизнесни бошқариш кўникмаларига эга бўлиши ва ўз ғояларини реал даромадга айлантириш учун кичик грантлар соҳибига айланиши мумкин.

«Европа Иттифоқи Афғонистон халқини қўллаб-қувватлаш тарафдори ва биз Сурхондарё вилоятида вақтинча истиқомат қилаётган Афғонистон фуқароларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати, Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқаролари учун таълим маркази ва БМТТД билан ҳамкорликни давом эттириш имкониятидан мамнунмиз», — дея таъкидлади ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.

«Иккинчи босқич доирасида амалга оширилаётган ташаббус нафақат афғон фуқароларига қўшимча таълим ва касб-ҳунар таълими олиш имкониятини беради, балки шу орқали уларнинг турмуш тарзини қўллаб-қувватлайди, уларнинг Ўзбекистонда бўлишини янада хавфсиз ва барқарор қилади», — дея қўшимча қилди у.

Top