09:11 / 16.10.2023
6781

Қозоғистонда бедарак йўқолган фуқаро қидириб топилиб, Ўзбекистонга қайтарилди

Избоскан туманида яшовчи фуқаро Чимкент вилоятида бедарак йўқолган.

Фото: Дунё АА

Жорий йил 16 май куни Ishonch ахборот порталида Қозоғистонда ўзбекистонлик фуқаро 6 йилдан бери тутқунликда ушлаб турилгани тўғрисида мақола эълон қилинган эди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Унда Андижон вилоятининг Избоскан туманида яшовчи А.А.ни қўшни аёл Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига чақириб, алдов йўли билан аллакимга сотиб юборгани ва шу тариқа бедарак йўқолганига оид маълумот келтирилган.

Мамлакатнинг Олмаота шаҳридаги Бош консуллиги ушбу ҳолат бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Чимкент шаҳридаги вакили, "Сана Сизем" нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) ва Туркистон вилояти полиция департаментининг Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими билан ҳамкорликда фуқаро А.А. қидирувга берган. Шу йил 11 сентябр куни фуқарони Туркистон вилоятининг Ордабаси тумани полицияси кўмагида излаб топишга муваффақ бўлинди.

Мамлакат фуқаросининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида у "Сана сизем" ННТ томонидан ётоқ-жой ва озиқ-овқат билан таъминланди. Шунингдек, А.А.нинг аризаси назоратга олиниши юзасидан Бош консуллик томонидан Қозоғистоннинг тегишли ташкилотларига мурожаат қилинди.

Сўнгра фуқарога Бош консуллик ватанга қайтиш гувоҳномасини берган ҳамда "Сана Сизем" ННТ ходими билан ҳамроҳликда у "Жибек-жоли - Ғишткўприк" чегара ўтказиш пункти орқали мамлакатга қайтарилган.  

Top