15:15 / 19.10.2023
22232

Педофилия ортмоқда. Унга қарши қандай курашиш керак?

Ўзбекистонда педофилия билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бормоқда. Гарчи барча ҳолатларни акс эттирмаса-да, расмий рақамлар ҳам мамлакатда бу турдаги жиноятлар статистикаси йилдан йилга ўсаётганини кўрсатади. Жумладан, биргина 2022 йилнинг ўзида 16 ёшга тўлмаган бола билан жинсий алоқа қилишда айбли деб топилганлар сони 238 нафарни ташкил қилган бўлса, 2023 йилнинг дастлабки олти ойида шундай ишлар учун 257 кишига суд ҳукми ўқилган.

Kun.uz мухбири айни турдаги жиноятлар, унинг қандай жамиятларда ортиб бориши ва бу иллатга қарши курашдаги қайси усул самарали бўлиши борасида таҳлилий суҳбат ташкил қилди.

Суҳбат меҳмонлари Инсон ҳуқуқлари эзгулик жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов, ҳуқуқшунос Камола Алиева ва психолог Бобоёр Тўраев бўлди.

— Педофилия нима ўзи, у давоси бўлсин, бўлмасин, касалликми ё онгли тарзда қўл уриладиган жиноятми?

Бобоёр Тўраев:

— Педофилия — вояга етмаган болаларга катта ёшлиларнинг жинсий қизиқиши. Педофилия деганда кўпроқ инсондаги руҳий бузилишларни кўз олдимизга келтиришимиз керак. Педофил ҳаракатларини онгли равишда ҳам, онгсиз равишда ҳам қилиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам педофилия жиноятдир. Педофил ўз жиноятини онгли равишда, йиллар давомида режалаштириб қилиши ҳам мумкин.

— Бу иллат қандай жамиятларда кўп учрайди? Ва нега бизда ҳам рақамлар тинимсиз ўсиб бормоқда?

Абдураҳмон Ташанов:

— Нега айнан бу ўлкаларда педофилия кўпайганини билиш учун адабиётларга мурожаат қилиш керак. Бу бўйича бир қанча илмий-оммабоп фильмларни ҳам кўрганман. Уларга кўра, бу иллат бизда қадимдан анъана шаклида бўлган, халқ орасида, подшолар саройида бундай ҳолатлар бўлгани ҳақида қатор манбалар бор. Яқин ўтмишда, яъни 19 аср охирлари ва 20 аср бошларида хонликларда педофиллар рўйхатини юритадиган лавозим ҳам бўлган экан. Абдулла Авлонийнинг «Эсдаликлар»ида Бухоро амирлигида бундай ҳолатлар кучайгани ҳақида маълумотлар бор. «Бобурнома»да ҳам бу иллат тилга олинган, «Меҳробдан чаён», «Ўткан кунлар» асарларида ҳам шундай ҳолатлар бор.

Нима бўлганда ҳам бизнинг минтақадаги ҳудудлар учун педофилия масаласининг аҳамияти юқори, чунки бу иллатнинг тарихий илдизлари бор бизда. Бугун-чи? Бугун Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил қилади, шунинг учун бу масалага эътибор кучлироқ бўлиши керак. Бизнинг жамиятда бундай жиноятлар кўпинча очилмайди, ёпиқ қолаверади. Чиққан қиз чиғириқдан ташқари, дегандек, ёш турмушга чиққан қизларни ташлаб қўйиш ҳолатлари ҳам бор. Бундай стереотиплар мақол-нақллардаям ўз аксини топган. Шу йўсинда яшаб келаётган миллатмиз. Ўзгариш пайти келди. Ривожланган давлатлар қаторига қўшилмоқчи бўлсак, фақат иқтисодий эмас, маънавиятимиздаги, жамиятимиздаги бузилишларни ҳам тузатиш вақти келди.

Камола Алиева:

— Абдураҳмон аканинг гапларига қўшиламан, тарихан илдизлари бор бу иллатнинг. Қўшни Афғонистонда «баччабазм» тадбирлари ҳозир ҳам учрайди. Эшитишимча, кўпхотинлик, баччабозлик бойлик белгиси ҳисобланган ва обрў бўлган улар учун. Бизга қанчалик ғалати туюлмасин, шундай.

Қандай жамиятларда педофилия авж олади, деган саволга жавоб бериш қийин. Чунки сабаблари бир қанча. Ижтимоий-маданий, оиладаги сабаб, руҳий жароҳат оқибати бўлиши мумкин. Ҳар қандай жинсий зўравонлик мавзуси бизники каби жамиятларда ёпиқ ҳисобланади. Дейлик, бир ёш бола ўз атрофидаги, ишончига кирган эркак томонидан тажовузга учраса, буни гапиролмайди, уят деб билади. Оила, маҳаллалар ҳам буни ёпишга ҳаракат қилишади. Оиладагилар гап-сўз, қиз боланинг эртанги тақдири, деса, маҳалладагилар бизнинг маҳалладан бундай нарса чиқмасин деб ёпишади. Айниқса, қишлоқ жойларда бу нарса беркитилади. Жамиятдаги бундай характерни иллат дейиш мумкин, ёмонликка хизмат қиладиган нарсани қадрият деб бўлмайди.

Абдураҳмон Ташанов:

Шунингдек, бу иллатнинг кўпайиши кўпроқ ҳали ривожланмаган ва ривожланишга қараб интилаётган давлатларга тўғри келади. Яъни ҳали қонунчилик маромига етмаган, бола ҳуқуқлари тўла таъминланмаган, фуқаролик жамияти шаклланмаган давлатларда кўпроқ учрайди. Масаланинг, сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ва ахлоқий томонлари бор. Педофилия бўйича биз жуда ёмон ҳолатдамиз, очиқ тан олиш керак буни. Ваҳима қилиб гапирмоқчи эмасман. Лекин 3 млн меҳнат муҳожири оиласини ташлаб бошқа жойда юрган шароитда бунинг хавфи янада ошади. Асосан педофилия қурбонлари назоратсиз болалар ҳисобланади. Яъни биз педофилия нишонидамиз, шароит бор шунга.

Бобоёр Тўраев:

— Яна шуни қўшимча қилиш керакки, қайсики жамиятда ноҳақлик, адолатсизлик, ёлғончилик кўпайса, ўша жамиятда педофилия ривожланади. Бу илмий исботланган. У жамиятнинг диний ё дунёвий бўлишининг фарқи йўқ, жамиятда ахлоқсизлик, порахўрлик, адолатсизлик бўлса, педофилия авж олаверади.

  • Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Суҳбатни Илёс Сафаров олиб борди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.
Монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Top