15:53 / 26.10.2023
8991

Пентагон: Сурия ва Ироқдаги АҚШ ҳарбий базаларига 13 та зарба берилди

АҚШ Мудофаа вазирлиги вакилининг маълум қилишича, АҚШ ҳарбий объектлари учувчисиз учоқлар ва ракеталар зарбасига учраган. У Эронга алоқадор гуруҳларни айблади.

Фото: Reuters/T. Al-Sudani

АҚШ ва ИШИД террорчилик гуруҳига қарши курашаётган халқаро коалициянинг Сурия ва Ироқдаги ҳарбий базалари сўнгги бир ҳафта ичида 13 марта ҳужумга учраган, деди Пентагон матбуот котиби генерал Пэт Райдер 24 октябр, сешанба куни. 17 октябрдан 24 октябргача бўлган даврда аскарлар Ироқда камида 10 марта, Сурияда эса уч марта ракета ва учувчисиз учоқлар зарбасига учраган, дейди у.

Генералнинг сўзларига кўра, ҳужумлар ортида «Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) ва Эрон режимидан кўмак олаётган гуруҳлар» турибди. Ироқдаги гуруҳ ҳужумларнинг бир қисми учун жавобгарликни ўз зиммасига олди ва тегишли хабарларни Telegram мессенжерида эълон қилди. 

АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий мавжудлиги 

АҚШ ИШИДга қарши кураш учун Сурияда 900 га яқин ва Ироқда 2500 га яқин аскарини жойлаштирган. АҚШ Фаластиннинг ҲАМАС ташкилоти томонидан ҳужумга учраган Исроилни қўллаб-қувватлашга ваъда берганидан сўнг Эронга яқин қуролли гуруҳлар АҚШ ҳарбий объектларига ҳужум билан таҳдид қилди. 

22 октябр куни Қўшма Штатлар минтақадаги иштироки кучайганини эълон қилди ҳамда Эрон ва унинг иттифоқдош қуролли гуруҳларини Яқин Шарқдаги можарони кескинлаштирмаслик тўғрисида огоҳлантирди. 

Исроил ва ҲАМАС можароси

7 октябр куни ҲАМАС жангчилари Ғазо секторидан Исроилга қарши кенг кўламли ҳужум уюштирди, натижада Исроил томони маълумотларига кўра, 1400 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, яна 220 дан ортиқ киши гаровга олинди ва Ғазо секторига олиб кетилди.

Исроил бунга жавобан Ғазо секторига йирик ҳаво ҳужумлари уюштирди, минтақани назорат қилаётган ҲАМАСга кўра, 5700 дан ортиқ одам, жумладан 2340 нафар бола ва ўсмир ҳалок бўлди.

Top