11:06 / 30.10.2023
6755

ЖССТ: Исроилнинг Ғазодаги «Ал-Қудс» касалхонасини эвакуация қилиш талаби жуда хавотирли

Соғлиқни сақлаш хизматлари ҳар доим халқаро ҳуманитар ҳуқуққа мувофиқ ҳимояланган бўлиши керак, деди Тедрос Адханом Гебрейесус.

Фото: Anadolu Agency

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус Исроилнинг Ғазодаги Фаластин Қизил Ярим Ой жамиятининг «Ал-Қудс» касалхонасини бомбардимон қилиш таҳдидидан чуқур хавотир билдирди

X ижтимоий тармоғидаги постида Гебрейесус Ғазо Исроилнинг шиддатли ҳужумлари остида эканини эслатди.

«Фаластин Қизил Ярим Ой жамиятидан Исроилнинг Ғазодаги «Ал-Қудс» касалхонасини эвакуация қилиш талаби ҳақидаги хабари ниҳоятда хавотирли», деди Гебрейесус. У одамлар ҳаётини хавф остига қўймасдан беморлар билан тўлган шифохоналарни эвакуация қилишнинг иложи йўқлигини таъкидлади. 

«Соғлиқни сақлаш хизматлари доимо халқаро инсонпарварлик ҳуқуқига мувофиқ ҳимоя қилиниши керак», дея қўшимча қилди Гебрейесус. 

Фаластин Қизил Ярим ой жамияти ёзма баёнотида шундай дейилади: «Исроил аскарлари Ғазодаги «Ал-Қудс» касалхонасини бомбардимон қилиш билан таҳдид солиб, эвакуацияни талаб қилди. Касалхона атрофи эрталабдан бери ўққа тутилмоқда». 

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top