09:36 / 01.11.2023
5031

Tesla одам ўлими билан якун топган автопилот иштирокидаги ЙТҲ бўйича биринчи судда ғалаба қозонди

Компания ҳакамлар ҳайъатини Калифорниядаги ҳалокатли авария пайтида Tesla автопилотдан фойдаланмаганига ишонтирди. 

Фото: Drew Angerer/Bloomberg

Tesla компаниянинг автопилот тизими иштирокида одам ўлими билан якун топган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги даъво бўйича биринчи судда ғалаба қозонди. Бу ҳақда 31 октябр, сешанба куни Bloomberg хабар берди.

Илон Маск компанияси ҳакамлар ҳайъатини унинг автопилот технологияси Калифорнияда ҳайдовчининг ўлимига сабаб бўлган 2019 йилдаги автоҳалокат учун жавобгар эмаслигига ишонтиришга муваффақ бўлди. Ўшанда Tesla Model 3 машинаси дарахтга урилиб, ёниб кетган. Компанияга қарши даъво тирик қолган икки йўловчи томонидан қўзғатилиб, улар Tesla’дан руҳий изтироблари, тан жароҳатлари ва ҳайдовчининг ўлими учун товон пули сифатида 400 миллион доллар талаб қилди. 

Ҳакамлар ҳайъатига машина автопилотда бўлганига оид далил тақдим этилмади

Автоҳалокатда омон қолганларнинг адвокатлари таъкидлашича, автопилот режимидаги нуқсон туфайли машина тўсатдан йўлдан чиқиб кетган. Компания бунга жавобан ҳайдовчи рулга ўтирмасдан олдин спиртли ичимлик истеъмол қилгани ва автопилотни ҳалокатдан олдин ҳам фаоллаштиргани бўйича ҳеч қандай далил йўқлигини таъкидлади. Тўққиз кишидан иборат ҳакамлар ҳайъати Tesla тарафини олди. 

Bloomberg эслашича, компания ҳали ҳам автопилотнинг носозликлари 2021 йил июнидан бери камида 17 та ҳалокатга олиб келган ёки йўқлигини аниқлаш учун федерал терговга дуч келиши мумкин. Келгуси ойларда ҳалокатлар бўйича бир нечта даъволар Калифорния ва Флорида судларига тақдим этилади.

Top