13:11 / 15.11.2023
5490

Ўзбекистон ва Қирғизистон Токиога қўшма авиарейс очишни режалаштирмоқда

Фарғона водийсига қирғизистонлик сайёҳлар оқимини 200 минг кишига ошириш режалаштирилган.

Фото: AP

Ўзбекистон ва Қирғизистон туризм идоралари бир неча йўналишда ҳамкорликни ривожлантиришни режалаштирмоқда, деб ёзади Economist.kg. 

Ўзбекистон Туризм қўмитаси раҳбари биринчи ўринбосари Жамшид Абдусаломов Қирғизистон Туризмни ривожлантириш жамғармаси президенти Абилқосим Шерниёзов билан учрашди. Учрашувда транспорт соҳасидаги ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. 

Асосий мавзулардан бири Токио – Тошкент –   Бишкек қўшма авиарейсларини йўлга қўйиш бўлди. Бироқ, бу йўналишдаги режалар тафсилотлари келтирилмаган. 

Бундан ташқари, аввал хабар қилинганидек, томонлар Ўшдан икки давлат чегарасигача қўшимча автобус йўналишларини йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилган. Ўзбекистон Қирғизистонга автобусларни ижарага беришга тайёрлигини билдирди. 

Шунингдек, Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Новкент туманидаги «Маданият» чегара пунктини ободонлаштириш масаласи ҳам кўтарилди. Томонлар сайёҳларни рўйхатга олиш муддатини паритет асосда узайтириш масаласини кўриб чиқди. 

Бунгача Қирғизистон туризм соҳаси вакилларидан иборат делегация Фарғона водийси ҳудудларида бўлди. Фарғона ва Ўш вилоятлари ўртасида сайёҳларни жалб этиш ва хизмат кўрсатиш бўйича тажриба алмашиш тўғрисида меморандум имзоланди. 

Наманган вилоятидаги корхоналар билан яна бир қанча шартномалар имзоланди. Улар туфайли 2024 йилда қўшимча 200 минг қирғизистонлик сайёҳни жалб этиш кутилмоқда. 

Top