14:31 / 25.11.2023
4148

Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги ягона видеокузатув тизимини яратишни таклиф қилди

Рақамли ривожланиш вазирлиги Россиянинг барча видеокузатув тизимларини бирлаштириш ва уларни юзни таниш тизимига улашни таклиф қилди.

Фото: Picture Alliance

Рақамли ривожланиш вазирлиги Россиядаги барча шаҳар видеокузатув тизимларидан маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш учун ягона миллий платформа яратишни таклиф қилди. Бу ҳақда «Коммерсант» газетаси 24 ноябр, жума куни маҳкама лойиҳасига таяниб хабар берди.

Рақамли ривожланиш вазирлиги ғоясига кўра, барча ҳудудий тизимлар ягона платформага уланади. Айни пайтда 1 миллион 200 минг дона видеокузатув камераларининг фақат ярми давлат маблағлари ҳисобидан ўрнатилган ва марказлаштирилган тизимларга уланган. Минтақавий ҳокимиятлар шахсий камералардан фойдаланиш имконига эга эмас.

Маҳкама 2030 йилда Россияда видеокузатув камералари сони 5 миллионга етишини ва уларнинг барчаси видео-оқимни қайта ишлашга қодир тизимларга уланишини кутмоқда. Идора кириш йўлакларидаги камераларни тизимга улашни таклиф этмоқда. Видео юзни таниш механизмлари ёрдамида таҳлил қилинади.

Кузатув тизимини яратиш ўнлаб миллиард рублга тушиши мумкин

Рақамли ривожланиш вазирлиги раҳбари Мақсут Шадаев тизимни яратишни «Маълумотлар иқтисодиёти» миллий лойиҳасига киритишни таклиф этди. Вазирлик платформани ишлаб чиқиш харажатларини 12 миллиард рублга баҳоламоқда. «Коммерсант»нинг йирик IT-компаниядаги суҳбатдоши субъектлардаги видеокузатув тизимларидан марказлаштирилган миллий маълумотлар базасига видеони бу тарзда ўтказиш «Рақамли ривожланиш вазирлиги назарда тутганидан беш-олти баравар кўп харажатларни» талаб этиши мумкинлигини тахмин қилди.

Москва ва минтақаларда видеокузатув тизимларини ташкил этиш билан таниш бўлган «Коммерсант» манбаси маълумотларни марказлаштиришдан маъно йўқ деб ҳисоблайди. «Ҳудудлардаги ҳодисалар ҳақидаги маълумотлар ҳудудлардаги хизматларга керак, уларни миллий платформага ўтказишнинг ҳожати йўқ, бу жуда қиммат, видеомаълумотларнинг барча истеъмолчилари учун функцияси кам ва маҳаллий хизматлар томонидан фойдаланилмайди», деб изоҳ берди нашр суҳбатдоши. 

The Bell нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, агар лойиҳа амалга оширилса, бутун Россия бўйлаб видеокузатув зичлиги ҳар 100 кишига 0,8 камерадан Москва даражасидаги 2,3 камерага кўтарилади. Москвада камерага асосланган юзни таниш тизими 2019 йилдан бери ишламоқда ҳамда сиёсий ишларда ва фуқаролик фаолларини аниқлашда фаол фойдаланилмоқда. 

Top