15:38 / 27.11.2023
17450

«Оналар сабаб ҳозир уларда шифокорлар, муҳандислар бор» – Покистондаги воҳон чўпон аёлларининг бетакрор ҳаёти

Асрлар давомида Покистоннинг воҳон чўпонлари олис тоғли яйловларда қўйларини боқиб келган. Ўз фаолиятидан топган даромадларини жамиятни ўзгартиришга сарф қилган бу чўпон аёлларнинг сўнгги саёҳатларидан бирига BBC нашри ҳамроҳ бўлди. 

Помир тоғидаги яйловларга олиб борадиган йўл ўта хавфли. Тик тоғ йўллари фақат бурилишлардан иборат. Битта нотўғри қадам ва сиз бу ҳаёт билан видолашасиз. 

Чўпон хонимлар қўй, эчки, қўтосларга йўлдан адашмаслиги ва пастга қулаб кетмаслиги учун ҳуштак чалиб боради.

«Авваллари қорамоллар ҳозиргидан анчагина кўп эди. Баъзилари қочиб ҳам кетарди. Уларнинг ичида қайтиб келадиганлари ҳам, келмайдиганлари ҳам бўларди», — дейди 70 ёшни қоралаб қўйган Бано. 

Кўчкилар — тоғ йўлларидаги доимий хавотир. Фото: Taseer Beyg / BBC

Ўнлаб аёл чўпонлар авваллари Покистон шимоли-шарқидаги Қорақурум тоғ тизмаси бўйлаб сурувларини боқиб келган. Улар кичик фарзандларини елкасида опичлаб олишарди. Эрларини эса уйда қолдиришарди. Боиси эркаклар Шимшал водийсида деҳқончилик билан банд бўларди. 

Ҳозир эса атиги 7 нафар аёл чўпон қолган. 

Кунига 8 соат йўлни қор, ёмғир ва жазирама иссиқда босиб ўтамиз. Авваллари бундай саёҳат аёлларнинг 3 кунини олган бўлса, бизга буниси 5 кунга тушяпти. Тажрибали кекса чўпон аёллар доим бизни ортда қолдириб боришади. Биз эса бу вақтда баландлик об-ҳавосига мослашиш билан овора бўламиз. 

Ҳар лаҳзда кўчки содир бўлиши мумкин – хавф доим биз билан бирга. Қўйларнинг туёқлари овозидан ер тебранади, тошлар учиб, чанг кўтарилади.

Ҳозиргидек махсус кийимлар (термо кўйлак) ва пойабзалли бўлгунларича бу аёлларнинг тоғда юриши осон бўлмаган. 

«Оддий халат киярдик. Оёқ кийимимиз ҳам бўлмасди, ҳатто муз устида ялангоёқ юрардик», — дейди 88 ёшли Аннар. 

67 ёшли Афрўза водийда биринчи бўлиб бир жуфт оёқ кийимли бўлган аёл эди. У буни жуда яхши эслайди.

«Турмушга чиққан вақтимда акам менга бир жуфт оёқ кийим совға қилди. Олдинлари одамлар шу пойабзалимни шунчаки кўриш учунгина меникига келишарди. Улар кўйлакларимни ҳам кўпинча тўй учун қарзга олиб туришарди», — дейди Афрўза.

Помирга етиб келдик, денгиз сатҳидан 5000 м баландликдамиз. Кўз олдимизда ям-яшил яйловлар пайдо бўлади. Музлик сувлари эса қор билан қопланган тошлар орасидан ўзига йўл топиб борарди.

«Биз бу жойларда оналаримиз, бувиларимиз билан ёнма-ён юрганмиз. Улар ҳам худди биз каби чўпон бўлган. Сариёғ, қатиқ тайёрлашади», — дейди қўшиқ айтиб, рақсга тушаётган Аннар.

Эшигига қулф осилган, тошдан бунёд этилган ташландиқ ҳолдаги 60 та уй бу ердаги турмуш тарзи йўқликка юз тутаётганидан дарак беради. Кекса чўпон аёл шу уйлардан бирининг эшигини ўпади, дуо қилиб ичкарига киради.

«Катталаримиз бизга испанд ўсимлигидан қандай фойдаланишни ўргатган. Улар бало-қазоларни биздан йироқ тутгани учун бу ўсимликни доим ёнимизда олиб юришни сўраган», — дейди Аннар хоним.

Олдинлари бўри, қоплонларни қўрқитиш учун тузоқлар қўйилган, оловлар ёқилган. Ҳатто ўта совуқ об-ҳавода ҳам уйнинг томида ухлашга мажбур бўлишган. 

«Қоронғи тун эди. Бизда ҳеч қандай ёруғлик ҳатто чироқ ҳам йўқ эди. Ҳали кўрмагунимизча нимани йўқотганимизни билмасдик», — дейди Аннар.

Қийинчиликлар ҳаддан ташқари кўп эди. Бу ерда доктор ҳам, тиббиёт муассасаси ҳам йўқ эди. Аёл бир ёзда нақ 12 нафар болани ерга қўйганини эслайди. Улар орасида аёлнинг ўғли ва қизи ҳам бор эди. 

«Қўлларим ҳозиргидек бўм-бўш эди», — дея муштларини тугиб, 60 йиллик қайғусини чуқур хўрсинган ҳолда эслайди аёл. 

Кулба ичида Аннар (чапда) ўнгда Тай Биби (ўнгда) биргаликда анъанавий тарзда сариёғ олиш ишларини амалга оширяпти. Фото: Taseer Beyg / BBC

Йиллар давомида чўпон аёллар муваффақиятли ишбилармон аёлларга айланди. 

«Биз чорванинг сутларидан қатиқ, кундалик маҳсулотларни тайёрладик. Қўйларнинг жунини олдик, қишлоқларга олиб борадиган нарсалар ясадик», — дейди Бано.

Воҳонлар жамияти маҳсулотларини хизматларга айирбошлашга таяниб келган. Хусусан, улар уйларини ҳам шундай қурган. Масалан, Афрўза бир эмас, иккита уйга эришди. Уни бири Шимшалда, иккинчиси эса шаҳарга яқинроқ бўлган Гилгитда жойлашган. 

«Мен бу ерлардан жуда кўп нарсали бўлдим. Фарзандларимнинг тўйини қилдим, таълимига тўладим», — дейди ғурур билан Бано. 

Бано ва унинг бошқа яқин чўпон аёллари ёш авлод учун имкониятлар эшигини очишда муҳим роль ўйнади. Фото: Taseer Beyg / BBC

Аёлларнинг чўпонлик, эркакларнинг деҳқончилик билан шуғулланиб келиши 2000 йиллар бошига қадар дунёдан узилиб қолган бутун жамият учун бурилиш нуқтаси вазифасини ўтаб берди. Улар Шимшал водийсидан ўтувчи ягона йўлни молиялаштиришга ёрдам берди. Бу Покистон ва Хитой ўртасидан ўтувчи Қорақурум шоссесига олиб чиқадиган ягона йўл эди. 

Авваллари кунлаб вақтни оладиган қатновлар энди бир неча соатга қисқарган, ҳаёт ҳам ўзгара бошлаган. Соғлиқни сақлаш, таълим имкониятлари яхшиланди. Янги ғоялар пайдо бўла бошлади. 

Банонинг ўғли бор. Исми Вазир. У ота-онасидан фарқли ўлароқ буткул бошқача ҳаёт тарзини олиб боради. Вазир сайёҳлик компаниясини бошқаради. Унинг компанияси треккинг, алпинизм ва бошқа маданий турларни ташкил этиш билан шуғулланади.

«Янги йўл очилганидан сўнг бизнинг приоритетларимиз ҳам ўзгарди. Шундан кейин мен ҳам ўз бизнесимни бошладим», — дейди Вазир. 

Фозила 24 ёшда. У Шимшал водийсидаги илк меҳмон уйининг эгаси. Уйни эса унинг отаси вафотидан олдин қурган. Онаси чўпон аёллардан бири, бироқ у соғлигидаги муаммолар сабаб бу йил биз билан чорваларни ҳайдаб, тоғга бора олмади.

«Оналаримиз бизни чўпонликдан кўра таълимга, ўқишга эътибор қаратишимизга ундаб келган. Улар ўзлари кўрган қийинчиликлар биз ҳам чидашимиз керак эмаслигини тушунтирган. Бизда ўзимиз истаган нарсани қилишимиз учун эркинлик бор. Агар мен ўқишни давом эттирмаганимда, улар каби оғир ҳаётни бошдан кечирган бўлардим. Давр шундай давом этаверарди», — дейди Фозила. 

«Оналаримиз сабаб ҳозир бизда докторлар, муҳандислар ва бошқа касб усталари бор», — дейди тоғу тошлар орасидан катта машинасини ҳайдаб бораётган Вазир.

Вазир. Фото: Taseer Beyg / BBC

Хотиралари билан бўлишиб, ҳозир фарзандларининг қилаётган ишларидан ўзини бахтли ҳис этаётган кекса чўпон аёллар энди Помир тоғларига саёҳатлар бўлмаслигидан бироз хафа ҳам бўлади.

«Чўпонлик — касбдан ҳам каттароқ нарса эди. Биз Помир билан ипсиз боғланганмиз. У худди гулдек гўзал. У бизнинг мўъжизамиз», — дейди Афрўза. 

Фарзандлари кўмилган қабристонга қараб кетаётган Аннарнинг кўзлари ёшга тўлган.

«Фарзандларим олдиган дафн қилишлари учун мен Помирда ўлишни хоҳлайман. Мен яйловларга қайтсам, уларнинг олдига қайтгандек бўламан», — дейди Аннар.

Top