13:34 / 30.11.2023
19223

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида дуал таълимни ривожлантиришга бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида дуал таълимни ривожлантиришга қаратилган халқаро анжуман ташкил этилди. Дуал таълим – талабага таълимни ўз йўналишига мос ташкилотда меҳнат қилиш билан бирга олиб бориш имкониятини беради. 

28 ноябр куни Тошкентдаги Корея-Ўзбекистон технопаркида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида дуал таълимни ривожлантиришга қаратилган “Соҳа корхоналари учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда дуал таълимнинг ўрни ҳамда фан, таълим, ишлаб чиқариш кластерларини ривожлантиришда инновацион ёндашувлар” мавзусидаги халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Конференцияда дунёнинг 10дан ортиқ мамлакатларидан соҳа вакиллари ва маҳаллий корхоналар, соҳа мутасаддиларидан иборат 500 нафардан ортиқ меҳмонлар иштирок этишди.

Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали директори Қаландар Абдураҳмонов Ўзбекистонда дуал таълимнинг илк қадамлари ушбу институтда йўлга қўйилганини таъкидлаб ўтди.

“Дуал таълим тизимини назарий жиҳатдан кўп эшитганмиз, амалий жиҳатдан эса Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтидан бошланганини кўряпмиз. Институт талабалари ўқишнинг ярмини институтда назария билан, ярмини эса ишлаб чиқаришда бандлик билан ўтказишаётганининг гувоҳи бўляпмиз.

Бугунги кунда республикамиздаги аксарият тўқимачилик корхоналарида хорижлик мутахассислар ишлайди. Бизнинг мақсадларимизга кўра, 3-4-курсда таҳсил олаётган талабаларимиз шу мутахассисларнинг ўрнини босади ва ортиқча харажатлардан воз кечган бўламиз”, - деди академик.

Дуал таълим талабага таълимни ўз йўналишига мос ташкилотда меҳнат қилиш билан бирга олиб бориш имкониятини берувчи тизимдир. Бунда талабалар ҳафтанинг 3 кунида институтда назарий билимларни, қолган 3 кунида корхона ва ташкилотларда ҳақиқий иш жараёнларида амалий кўникмаларни эгаллайди. Дуал таълим шаклида таҳсил олаётган талаба корхона ва ташкилотларда ишга қабул қилинганда уларга корхона томонидан малакали устоз бириктирилади ва ойлик маоши тўланади.

Тадбирдан мақсадимиз – дуал таълимнинг самарадорлигини кўрсатиш. Ундан ташқари 10дан ортиқ корхоналар билан келишувлар имзоландики, айнан 3-4-курс талабалари ҳафтасига 3 кун давомида ишлаб чиқариш корхоналарига ишга боришади. Яъни назарий ва амалий билим бирга олинади. Бунинг натижасини режамизга кўра, 2025 йил битирувчиларининг 65 фоизи шу соҳада кетади. 2022-23 ўқув йили битирувчиларининг 25 фоизи енгил саноат соҳасига кетяпти, чунки уларда бу соҳага қизиқиш паст. Дуал таълимнинг қизиқишини кучайтириш бўйича тегишли фармон билан “касб эгаси” деган тизим шакллантирилди. Бу тизимда талаба тадбиркор билан ҳафтасига ўртача 20 соат ҳамкорликда ишласа, бир ойга 2 млн сўм тадбиркорга тўлаб берилади. Тадбиркор талабага стипендия тўлайди, ўз навбатида тадбиркорга жамғарма томонидан қоплаб берилади.

Ректорнинг айтишича, талабалар учун бу жараёнда 10 млн сўмгача маош олиш имконияти яратилади. Айни пайтда тўқимачилик корхоналарида ишлаётган 4000га яқин хорижлик мутахассисларга ўртача 3000-5000 АҚШ доллари миқдорида маош олишади.

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти шу кунга қадар республикадаги 200га яқин соҳа корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган бўлса, 2022/2023 ўқув йилида дуал таълим тизими асосида ўқитишни ташкил этиш учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган 60 га яқин корхоналар билан шартнома асосида 3-курсдаги 1000 га яқин талаба тажриба-синов тариқасида дуал таълим шаклида ўқитилди.

“Корхонамиз замонавий махсус турдаги ишчи кийимлар ва махсус пойабзаллар ишлаб чиқариш билан шуғулланамиз. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти билан 10 йилдан бери ҳамкорлик қиламиз. Илгари амалиёт даври 1 ёки 2 ой давом этиб, тугарди. Дуал тизимнинг йўлга қўйилиши яхши натижалар беряпти. Биздан ўрганган билимлари билан талабалар ўз бизнесларини йўлга қўйишга муваффақ бўлишяпти”, - деб таъкидлади “Nur tex” корхонаси раҳбари Муҳаббат Тошмуҳамедова.

Шунингдек, анжуманда Россия, Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Тожикистон, Германия, Италия, Украина, Корея, Франция, Покистон, Қозоғистон каби давлатларнинг олий таълим муассасалари профессорлари Корея-Ўзбекистон технопаркидаги замонавий ускуналар билан жиҳозланган лабораториялар фаолияти билан танишди. Пахта, чарм ва тўқимачилик саноати билан шуғулланувчи мазкур лабораториялар уларнинг эътирофларига сабаб бўлди. Тадбир доирасида дизайнер профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг сара асарларини ўзида жам этган модалар намойиши бўлиб ўтди.

Top