09:39 / 03.12.2023
24776

«Катта террор»нинг қонли изи – Сандармохда топилган оммавий қабрларга кимлар кўмилганди?

Бундан 86 йил аввал, 1937 йил 30 июл куни СССРда оммавий ҳибсга олишлар бошланиб кетади. Тарихда «Катта террор» номи билан аталган бу ишда қисқа кунлар ичида мамлакат бўйлаб миллионлаб одам ҳибсга олинади. Уларнинг бир қисми қамалади, қолганлари отиб ташланади. Ўшанда Россия шимолий-ғарбида жойлашган ўрмонда ҳам кўпчилик қатл этилган ва оммавий қабрларга кўмиб юборилганди.

Бугун «cовет иттифоқи» дейилганда кўпчилик ёвуз бир салтанатни эслайди. Бу давлат иккинчи жаҳон урушида 20 миллиондан ошиқ қурбон бергани етмагандай, Сталиннинг 31 йил давом этган ёвуз бошқаруви туфайли ўзининг 20 миллиондан ортиқ аҳолисини қатағон қилган.

Агар тарихга назар ташланса, ўша қатағонлар тасодифан бўлмаган, ёвуз тузум унга анча аввалдан тайёргарлик кўрганди. Сталин СССРни қамоқхоналар мамлакатига айлантиришни 1920-йилларнинг иккинчи ярмида, мамлакатда коллективлаштириш сиёсатини ўтказиш даврида бошлаган эди.

Ўшанда миллионлаб деҳқонлар, ҳунармандлар ва бошқалар «бой-қулоқ» қилиниб, уйларидан сургун қилинган. Қамоқхоналарга тиқилган ва ўлдириб юборилган. Шундан сўнг қатағонлар тинмаган ва у Сталин вафотигача давом этган.

Сталин давридаги энг йирик қатағонлардан бири 1937 йил 31 июлдан 1938 йил ноябр ойигача ўтказилган ва шу даврда қарийб 2 млн одам ҳибсга олинган.

Уларнинг қарийб ярми ўлим жазосига ҳукм қилинган. Қолганлари узоқ йилларга қамалиб, ГУЛаг қамоқхона лагерларида ўлиб кетган. Тарихда советларнинг бу қатағони «Катта террор» деб номланади.

«Катта террор» давом этар экан жуда кўп инсонлар қамалади. Бошқалари эса овлоқ жойларга олиб чиқилиб, отиб ташланади. Сўнг оммавий қабрларга кўмилиб, уларнинг усти киши билмас қилиб текислаб юборилади.

Ана шундай оммавий қабрлардан бир нечтаси 1997 йилда Россиядаги «Мемориал» жамияти вакиллари томонидан Карелиядаги Сандармох ўрмонидан топган эди.

Сандармох ўрмонидаги оммавий қатллар ўтказилган жой
lenta.ru

Сандармох қатлиоми

1930-йиллар иккинчи ярмида ҳам Карелиядаги СССР ва Финландия ўртасидаги чегара тўлиқ назорат қилинмас, қалин ўрмонлар ва ботқоқликлар орқали ўтиб қайтиш мумкин эди.

Айнан шуни баҳона қилган советлар «Катта террор» вақтида Карелияда жуда кўплаб одамларни жосусликда айблаб ҳибсга олади. Ўшанда республика аҳолисининг 2,2-2,5 фоиз аҳолиси қамалади. СССР бўйлаб бошқа ҳудудларда қамалганлар сони ўртача 0,8 фоиз бўлган.

Бир неча ойда Карелияда 12 мингдан ошиқ одам қамалади ва улардан 11 минг нафари, 87 фоизи ўлдирилади. Ўша пайтда СССРда қамалганларнинг ўртача 50 фоизи ўлдирилган. Карелияда ўлдирилганлар сони фоиз ҳисобида анча кўп эди.

Бундан ташқари, Карелияда ГУЛаг таркибиги кирувчи бир нечта йирик қамоқхона бўлиб, уларда СССРнинг бошқа ҳудудларидан келтирилган маҳбуслар ҳам сақланарди. Оммавий қатллар пайтида улар ҳам омон қолмаган.

Карелияда қатл этилганларнинг асосий қисми Айиқ тоғи атрофидаги ўрмонда ўлдирилган ва оммавий қабрларга кўмиб юборилган. Ана шундай жойдан бири Сандармох деб аталади.

Сандармох харитада. «Катта террор» пайтида ва ундан кейин манфур тузум маҳбусларни «гадойтопмас» жойларда оммавий қатл қилган

Турли маълумотларга кўра, Сандармох «Катта террор» вақтида ҳибсга олинганлар қатл этиладиган асосий жой бўлган. Бу ерда қарийб 7000 минг бошқа манбаларда эса бундан ҳам кўпроқ одам қатл этилгани келтирилган.

Кейинчалик маълум бўлишича, Сандармохда 1937 йилда энг аввал Оқ денгиздаги Соловецк оролида жойлашган қамоқхонада сақланаётган 1 111 нафар маҳбус қатл этилган.

Бундан ташқари, Сандармохда 1930-йиллар бошида Оқ денгизни Онега кўли билан боғлаш учун қурила бошланган каналда ишлаган маҳбуслар қатлиом қилиниб, кўмилгани аниқланади.

Советлар бу канал қурилишига жалб қилган маҳбуслар асосан коллективлаштириш даврида СССРнинг турли ҳудудлари, шу жумладан, Ўзбекистон қулоқ қилинган одамлар бўлган.

Канал қурилиши учун «Белбалтлаг» (Оқ денгиз-Болтиқ бўйидаги ахлоқ тузатиш меҳнат лагери ташкил этилган ва маҳкумлар асосан ўша ерда сақланган.

Ўша йил августда Соловецкдаги қамоқхонага яна 1200 киши олиб келинади ва улар октябрда қатл этилади. Қатлиомлар «Катта террор» тугаганча ва ундан кейин ҳам давом эттирилади.

Қатағон қилинганлар Сандармох ўрмонида отиб ташланар экан, жасадлар оммавий қабрларга кўмилиб, ҳеч қандай белги қўйилмасдан уларнинг усти текислаб ташланган.

Сандармох ўрмонида ўлдирилган шахсларнинг суратлари у ердаги дарахтларга илиб қўйилган
euromaidanpress.com

Оммавий қабристонларнинг топилиши

1953 йилда Сталин вафот этади. Унинг даврида қатағон қилинганлардан ўлганлар оқланади. Қамоқхоналарда бўлганлар озод қилинади.

Бироқ мустабид тузум Сталин даврида инсониятга қилинган жиноятларнинг аксариятини яширишда давом этади. Оммавий қабрлар ва у ерга кўмиб юборилганлар ҳақидаги маълумотлар одамлардан сир тутилади.

1985 йилда СССР тахтига Михаил Горбачёв келганидан сўнг сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар бошланади. Архивлар очилади ва оммавий қабрларни қидириш бошланади.

1990 йилда «Мемориал» жамиятлари тузилади. Қатағон қурбонларининг шахсини ва улар кўмилган жойларни аниқлаш ишлари билан асосан шу жамият аъзолари шуғулланади. Шу жумладан, Карелияда ҳам.

Карелияда қатағон қурбонларини қидириш ва улар кўмилган жойларни аниқлаш ишларига асосан полковник Иван Чухин бош-қош бўлади. 1997 йилда Чухин вафот этгач раҳбарлик унинг ёрдамчиси Юрий Дмитриевга ўтади.

Ўша пайтда ҳали қатағонларга гувоҳ бўлган инсонлар тирик, улар оммавий қабрлар Айиқ тоғи этакларидаги ўрмонларда эканини айтишарди. Бироқ қабрлар усти текислаб юборилгани учун аниқ манзилларни топишнинг иложи бўлмаётганди.

Дмитриевнинг қўлига тушган ҳужжатларнинг бирида оммавий қабрлар Челябинск трактининг жанубий-ғарбий томонида, Медгора темирйўл бекатидан 10 километр узоқликда экани ёзилганди. У шу йўналиш бўйлаб қидирувларни бошлаб юборади.

Сандармохга олиб борувчи йўл
www.tourister.ru

Бошқа томондан Ленинграддаги «Мемориал» жамияти Соловецкдаги лагерда сақланган маҳбусларнинг изини қидира бошлайди. Халқ орасида маҳбуслар Оқ денгизга чўктириб юборилган деган миш-мишлар юрарди.

Бир неча йиллик изланишдан сўнг жамият аъзолари маҳбуслар Айиқ тоғи қўрғонидан 16 километр узоқликдаги ўрмонга, кўмиб юборилганини аниқлашади.

1997 йилда Сандармох деб аталадиган қадимий манзил яқинидан илк оммавий қабристон топилади. Жасадлар текшириб кўрилганда улар 50 йил аввал кўмилгани аниқланади. Шундан сўнг оммавий қабрлар топилган жойга Сандармох қабристони деб ном беришади.

Кўп ўтмай Сандармохдаги барча оммавий қабрлар очилади. Сўнг уларнинг ҳар бирининг олдига оммавий қабр ҳақидаги маълумот ёзилган бешта ёдгорлик тошлари ўрнатилади.

Кейинроқ, Сандармохда ёдгорлик мажмуаси барпо қилинади ва Карелия ҳукуматининг қарори билан 5 август «Катта террор» даврида қатағон қилинганларни ёд этиш куни деб белгиланади.

2000 йилда эса республика ҳукуматининг махсус қарор билан Сандармох Россия халқлари маданий мерос объекти рўйхатига киритилади. Медвежегорск туманида музей ташкил қилинади.

Сандармохдаги оммавий қабрни қазиш пайти
www.is.fi

Сандармохда ҳарбий асирлар ҳам кўмилганми?

2016 йил ёзда бир қатор ОАВда Сандармохда фақат «Катта террор» давридаги сиёсий маҳбуслар эмас, балки совет-фин уруши даврида ҳарбий асирлар ҳам кўмилгани ҳақида хабарлар тарқалади.

Агар воқеалар ривожига қаралса, «Катта террор» 1937 йил ёздан, 1938 йил охиригача, совет-фин уруши эса 1939 йил 30 ноябрдан, 1940 йил 10 мартгача 100 кун давом этган.

Маълумотларга кўра, советлар Финландия таркибида бўлган ҳудудларни босиб олар экан, у ерда совет ҳокимиятини ўрната бошлайди. Бу йўлда 1928-1932 йилларда СССРда бўлгани каби колхозлар тузилади.

Барча унга аъзо бўлиб киришга мажбурланиб, ўртаҳоллар ва бойлар қулоқ сифатида қамоққа ташланади. Шунингдек, урушда фин аскарлари ёки уларга ёрдам берган партизанлар асирга олинади.

Охирида, ҳарбий асирлар ва қулоқ қилинганлар Сандармохга олиб борилиб, отиб ташланади. Сўнг оммавий қабрларга кўмилиб, усти текислаб ташланади.

Кейинчалик, нацистлар Германияси билан бўлган урушда советларнинг қўли баланд кела бошлагач кўплаб немис ҳарбийлари асир туша бошлайди. Петрозавод университети тарихчиларига кўра, Сандармохда немис асирлари ҳам қатл этилган ва оммавий қабрларга кўмиб юборилган.

Сандармохда қатлиом қилинган казаклар хотирас учун ўрнатилган қабртош
ru-travel.livejournal.com

Советларга қарши Дмитриев

Сандармохдаги оммавий қабрларни топишда жонбозлик кўрсатган Юрий Дмитриевнинг ҳаёти осон кечмаган. У илк марта қамалганида ҳали комсомол сафида эди.

Дмитриев 1978 йилда Карелиядаги сайёҳлик базасида йўриқчи бўлиб ишлаб юрганида маст ҳолда база ўт ёқувчисини дўппослаганликда айбланиб, 3 йилга қамалади. У қамоқдан советларга қарши кайфиятда қайтади.

1980-йиллар охирида Дмитриев 1930-1940 йилларда Карелияда сиёсий айблар билан айбланиб қатағон қилинганлар ишларини ўргана бошлайди. У раҳбари Иван Чухин билан бирга оммавий кўмиб юборилган маҳбусларнинг исм-шарифларини аниқлайди.

1997 йилда Чухин автоҳалокат туфайли вафот этгач «Мемориал» жамғармасининг Карелия бўйича бошлиғи сифатида ишларни давом эттиради.

1999 йилда Дмитриевнинг «Отув жойи – Сандармох» номли китоби чоп этилади. Китобда Карелиядаги оммавий қабрларга кўмиб юборилган маҳбуслар ҳақида кўплаб маълумотлар бор эди.

Сандармохда қатлиом қилинган одамлар орасида турли миллат вакиллари билан бирга Ўзбекистондан сургун қилинган ўзбек оилалари ҳам бўлган.

Бу ҳақда Муаззам Иброҳимованинг фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилинган «Сандармох фожиаси ёки йиғлаётган дарахтлар» мақоласида қизиқ маълумотлар берилган.

Юрий Дмитриев қатлиом қурбонларининг бош суякларини кўздан кечиромоқда. 1990-йиллар охирлари.
www.bbc.com

Сталинни улуғлаётган Путин ва Россияни босқинчиликда айблаган Дмитриев

Россия тепасига Путин келгандан сўнг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага ва Сталин шахсиятига эътибор кучайди. Совет даврини мақташ бошланди. Қонхўр жаллодни улуғловчи асарлар ёзилди, филмлар ишланди.

Путиннинг ўзи ҳам кўп марта Сталинни улуғлаб фикрлар билдирган.Охиргиси, 2022 йил 21 сентябр куни Новгород шаҳрида Россия давлати ташкил этилганининг 1 160 йиллигида сўзлаган нутқида у Владимир Ленин, Иосиф Сталин и Николай II Россияни буюк давлатга айлантирганини алоҳида таъкидлаганди.

Россиялик тарихчи Анатолий Разумов сўнгги йилларда мамлакатда давлат даражасида Сталинни улуғлаш бошлангани ҳақида шундай дейди:

«Бу худди СССРда бўлган аксилтарғибот олиб боришнинг давоми ҳисобланади. Мавзуни бошқа ёққа буриш, иккинчи жаҳон уруши пайтидаги фашистларнинг ваҳшийликлари ҳақида тўхтовсиз гапириш, поляклар фаришта эмас, финлар ёвуз одамлар эди деб такрорлаш ва ҳоказо шу тариқа одамларни совет зулмидан чалғитиш бўляпти».

1990-йиллар бошидаги сиёсатнинг 2000-йиллар иккинчи ярмига келиб бундай тарзда ўзгариши совет давлатини, айниқса Сталин даврини қоралаб келган Дмитриев учун муаммолар туғдириши тайин эди.

2010 йилдан бошлаб Сталин буйруғи билан қатл этилганлар хотирасини абадийлаштириш бўйича иш олиб борган Дмитриев ва бошқа фаоллар ҳокимият вакилларининг қаршилигига дуч кела бошлайди.

2014 йилда Россия Қримни аннексия қилганидан сўнг Дмитриев ва унинг ҳаммаслаклари бўлган бошқа фаолллар бу ишни қоралаб чиқишади. Шундан сўнг уларга нисбатан турли айбловлар илгари сурилади.

2016 йилнинг декабрида Дмитриев болалар порнографиясини ишлаб чиқаришда айбланиб ҳибсга олинади. Суд уни оқлайди, аммо икки ой ўтгач, тарихчи яна ҳибсга олинади

Бу сафар прокуратура порнография ишлаб чиқаришга яна жинсий тажовуз ва ўқотар қурол сақлаш айбловларини қўшади. Шу тариқа у 2018 йилгача бир неча марта ҳибсхонадан озод қилинади ва қайта қамоққа олинади.

Юрий Дмитриев ҳибсга олингандан сўнг
7x7-journal.ru

2019 йилда Дмитриев ҳали вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ўтирган пайтида Сандармох китобининг давомини ёзиб чоп эттиради. Иккинчи китоб «Сандармох ёдгорлик жойи» деб номланган.

2020 йилда 64 ёшли Дмитриев жинсий тажовуз қилишда айбланиб, 3,5 йилга қамалди. 2021 йилда унга берилган жазо 15 йилга узайтирилди.

2018 йилда Дмитриевнинг ҳаммаслаги, у билан Сандармохдаги оммавий қабрлар бўйича ишлаган, Медвежегорск ўлка тарих музейи раҳбари Сергей Колтирин ҳам ҳибсга олинади. 2019 йилда суднинг ҳукми билан Колтирин ҳам 9 йилга қамалади.

Россиянинг Сталинга муносабати ўзгарар экан, нафақат Сандармох қатлиомлари бўйича ишлаб келаётган фаоллар қамалади, балки ҳар йили ўтказиладиган турли тадбирлар ҳам қисқартирилади.

Масалан, 2016 йилдан бошлаб Карелия расмийлари 5 август куни Сандармохда ҳар йили ўтказиладиган Хотира кунига келишни тўхтатади.

Сандармохда кўплаб мусулмонлар ҳам қатлиом қилинган
ru-travel.livejournal.com

Бироқ ҳар йили 5 август куни Сандармохга Россия ва бошқа собиқ иттифоқ республикаларидан, хорижий давлатлардан кўплаб одамлар келиб, қатлиом қилинганларни ёд этмоқда.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top