09:52 / 25.12.2023
3538

Темирйўл транспорти тўғрисидаги қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилди

«Темирйўл транспорти тўғрисида» янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Қонун лойиҳасининг асосий ғояси темирйўл тармоғини ривожлантириш учун тегишли ҳуқуқий муҳит яратиш, темирйўл транспортини давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш тузилмасини такомиллаштириш, давлат ва фуқароларнинг темирйўл транспортида йўловчи ва юкларни хавфсиз ташишга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиришдан иборат.

Қонун лойиҳаси 8 бобдан (44 моддадан) иборат. Унда «Темирйўл транспорти тўғрисида»ги қонуннинг тушунчалар қисмига қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритиш, яъни «темирйўл транспорти ташувчиси», «умумий фойдаланишда бўлмаган темирйўл транспорти», «темирйўл инфратузилмаси», «умумий фойдаланишда бўлмаган темирйўллар» ва бошқалар янги тушунчаларни жорий этиш ва очиб бериш кўзда тутилган.

Шу муносабат билан, қонун лойиҳасининг алоҳида моддаларида ушбу тушунчалар ва уларга қўйиладиган талабларнинг барчаси кўрсатилган, бир-бирига номувофиқ бўлган ва ҳаволаки нормалар қайта кўриб чиқилган. 

Амалдаги қонунда «темирйўл транспорти (темирйўл)» тушунчасида фақат умумий фойдаланишдаги темирйўл транспорти («Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳолдинги) назарда тутилган бўлиб, юридик ва жисмоний шахсларга тегишли умумий фойдаланишда бўлмаган темирйўл транспорти қамраб олинмаган (иқтисодиётнинг турли тармоқларига тегишли кўплаб саноат корхоналари, фаолиятида темирйўл транспортидан фойдаланадиган, мулкчилик шакли турлича бўлган, умумий фойдаланишда бўлмаган темирйўллар, инфратузилма объектлари ва ҳаракатдаги таркибга эга бўлган юридик шахслар (қишлоқ хўжалиги, савдо, нефт, қазиб олиш, кимё саноати ва бошқа соҳалар).

Шу муносабат билан, «темирйўл транспорти» тушунчаси қайта кўриб чиқилган ва янги таҳрирда берилган, бунда республиканинг темирйўл транспорти белгиланган мақсадлар бўйича умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темирйўл транспортига ажратилди.

Top