22:16 / 27.12.2023
6614

Озарбойжон президентлигига 15 нафар номзод тасдиқланди 

Навбатдан ташқари президентлик сайлови 2024 йил 7 февралига белгиланган. 

Фото: Zuma/ТАСС

26 декабр куни Озарбойжон Марказий сайлов комиссияси (МСК) яна 8 нафар номзодни президентликка номзод сифатида тасдиқлади. 

Хусусан, Сарван Керимов, Матлаб Муталлимли, Абутолиб Самедов, Фикрет Юсифов, Юсиф Багирзода, Юнус Ўғуз ва Ғуломҳусайин Алибейли номзоди тасдиқланган. 

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Сарван Керимов олдин илмий иш билан шуғулланган. Матлаб Муталлимли ва Абутолиб Самедов парламентнинг собиқ депутатлари. Фикрет Юсифов бунгача Молия вазирлигини бошқарган, Юсиф Багирзода собиқ депутат ва МСК собиқ аъзоси. Юнус Ўғуз «Олайлар» газетаси бош муҳаррири, Ғуломҳусайин Алибейли парламентнинг собиқ депутати. 

Шундай қилиб, тасдиқланган номзодлар сони 15 кишига етди. 

19 декабр куни Марказий сайлов комиссияси «Янги Озарбойжон» партияси номидан амалдаги президент Илҳом Алиев номзодини тасдиқлади. 

МСК, шунингдек, Зоҳид Ўруж (парламент аъзоси), Фозил Мустафо (депутат, «Буюк ижод» партияси раҳбари), Элшод Мусаев («Буюк Озарбойжон» партияси раиси), Қудрат Гасангулиев («Яхлит Озарбойжон» халқ фронти партияси раиси) ва Рози Нураллаевни («Миллий фронт» партияси раиси) ҳам тасдиқлаган эди. 

Қонунчиликка кўра, номзод МСК рўйхатидан ўтиши учун 60 та сайлов округида яшовчи камида 40 минг нафар сайловчи имзосини тақдим этиши керак. 

Озарбойжонда навбатдан ташқари президентлик сайлови 2024 йил 7 февралига белгиланган.

Top