11:00 / 01.01.2024
15849

Тан олинмаган Қорабоғ Республикаси расман ўз фаолиятини тўхтатди

«Тоғли Қорабоғ Республикаси»нинг барча давлат муассасалари ва ташкилотлари унинг сўнгги «раҳбари» Самвел Шаҳраманяннинг 28 сентябрдаги фармони билан тугатилган.

Фото: Reuters

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бирорта давлат томонидан тан олинмаган «Тоғли Қорабоғ Республикаси» (Арцах)нинг мавжудлиги 1 январ, душанба куни расман тугайди. Илгари ТҚРнинг барча давлат муассасалари ва ташкилотлари унинг сўнгги «раҳбари» Самвел Шаҳраманяннинг 2023 йил 28 сентябрдаги фармони билан тугатилган эди.

Шаҳраманяннинг ўзи, шунингдек, «ҳукумат» аъзолари ва тан олинмаган республиканинг бошқа расмийлари Озарбойжон ҳарбий ҳаракатлар натижасида бу ҳудудни ўз назоратига қайтарганидан кейин Тоғли Қорабоғдан этник арманларнинг оммавий кўчиб кетиши пайтида аҳолининг катта қисми билан бирга ТҚРни тарк этиб, Арманистонга борди.

Қорабоғ можароси 

ТҚР 1991 йил 2 сентябрда Тоғли Қорабоғ автоном вилояти ва Озарбойжон ССРга туташ ҳудудларнинг бир қисми чегараларида эълон қилинган. Тоғли Қорабоғ атрофидаги можаро 1991 йилдан бери тўхтамади, бир неча бор қуролли тўқнашувлар ва кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларга айланди (1992-1994 ва 2020). 

2023 йил 19 сентябрда Озарбайжон Конституциявий тузумни тиклаш мақсадида Тоғли Қорабоғда «маҳаллий аксилтеррор тадбирлари» ўтказилишини эълон қилди. Эртаси куни ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди - унинг шартларидан бири Тоғли Қорабоғ армиясини қуролсизлантириш ва арман ҳарбийларини тан олинмаган республикадан олиб чиқиб кетиш эди. 

Top