17:49 / 02.01.2024
27133

Тақдири ноаниқ қолаётган собиқ КГБ ходими – ФХХ полковниги нега АҚШга қочиб кетганди?

2010 йилда собиқ КГБ зобити, Россия федерал хавфсизлик хизмати юқори мартабали ходими сохта паспорт билан Беларус-Украина йўналиши орқали Германияга боради. Сўнг АҚШга қочиб кетади. Кейинчалик, ўша пайтда Россия президенти бўлган Дмитрий Медведевнинг АҚШга сафари олдидан америкаликлар ФХХ зобитининг қочишини уюштиргани маълум бўлади.

Фото: alamy.com

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг дунё сиёсий саҳнасида шиддатли рақобат кетар экан, СССР ва Ғарб «жосуслик ўйинларига» зўр беради.

Ғарб давлатлари советлардан аламзада бўлган инсонлар орасидан ўзига жосуслар ёллайди. СССР эса «советлар мамлакатида барча бахтиёр» деган чўпчакка ишониб юрган инсонлар билан алоқа боғлайди.

Агар «душман» томонга хизмат қилганлар сонига қаралса, АҚШ махфий хизматлари ходимларидан кўра, КГБ ходимлари кўпроқ бундай ишга қўл урганини кўриш мумкин.

Жумладан, ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб кўплаб КГБ ходимлари Ғарб давлатларига қочиб кетган ва сиёсий бошпана сўраган. Бу жараён СССР тарқаб кетгандан кейин ҳам тўхтамади ва Россия махфий хизмат ходимлари Ғарбга қочишда давом этди.

«Ёвуз империя» қулагандан сўнг Ғарбга қочганлардан бири собиқ КГБ зобити, Россия Федерал хавфсизлик хизматида юқори лавозимда ишлаб турган Александр Потеев эди.

ФХХнинг юқори лавозимли мансабдори сифатида қарийб чекланмаган ҳокимиятга эга бўлган ва қўлини қаерга узатса етадиган Потеевнинг қочиб кетиши ўша пайтда жуда кўпчиликни ажаблантирганди.

Фото: alamy.com

Собиқ КГБ зобити

Александр Потеев 1952 йилда Беларуснинг Брест вилоятида, совет иттифоқи қаҳрамони Николай Потеев оиласида туғилади. У ҳарбий хизматни ўтаб келгач Минсдаги КГБ мактабида ўқийди.

Мактабни битиргач у Брест вилояти КГБ бошқармасида ишлай бошлайди. Бир неча йилдан сўнг Потеев аввалига КГБ Беларус бошқармасига, сўнг Москвадаги марказий бошқармага ўтказилади.

1979 йилда Потеев КГБнинг махсус «Зенит» бўлинмаси билан Афғонистонга жўнатилади. Қобулда белгиланган махсус операциялар муваффақиятли амалга оширилади ва Афғонистонга совет қўшинлари киритилади.

1981 йилда Потеев КГБнинг Кобулдаги махсус «Каскад-2» гуруҳига ўтказилади. Ўша йили апрелда гуруҳдаги жанговар хизматлари учун Қизил Юлдуз ордени билан тақдирланади.

Потеев ҳарбий хизматда

Афғонистондан қайтганидан сўнг Потеев Москвадаги КГБ олий мактабида ўқийди ва уни КГБ биринчи бош бошқармасига ишга ўтказишади.

СССР парчаланиб кетганидан сўнг Потеев Россия ташқи разведка хизматида ишлайди. Сўнг Россиянинг АҚШдаги элчихонасига ишга юборилади.

1995 йилда Потеев Россиянинг БМТ қошидаги доимий ваколатхонасида иш бошлайди. 2000 йилда Москвага чақирилиб, Россия ташқи разведка хизматининг «С» бошқармасига қарашли 4-бўлим бошлиғи бўлади.

Бу бошқарма нолегал разведка билан шуғулланар, унинг 4-бўлими эса асосан Америка бўйича фаолият юритарди. Потеев Америкага қочиб кетганча шу бўлимни бошқаради.

Қочиш

2010 йил июн ойида Потеев Дудочкин деган шахс номига олинган паспорт билан аввал Беларусга боради. Сўнг Украинага ўтади ва у ердан Германияга боради.

Кейинчалик, Потеев қўлга тушиб қолишдан қўрқиб Американинг Москвадаги элчихонасига эмас, Украинадаги консуллигига мурожаат қилгани маълум бўлади. Дудочкин номига олинган паспортни ҳам Американинг Украинадаги консуллиги тайёрлаб бергани ойдинлашади.

Германияда Потеев МРБнинг Франкфурт шаҳридаги штаб-квартирасига боради ва ўзида бўлган файлларни ва «мутлақо махфий» тамғаси туширилган ҳужжатларни америкаликларга беради. Кейин уни АҚШга учириб юборишади.

2010 йил июнда ўша пайтда Россия президенти бўлиб турган Дмитрий Медведевнинг АҚШга расмий ташриф буюриши режалаштирилганди.

Ташқи разведка хизматида муҳим фигура саналган шахснинг ташрифга бир неча кун қолганда океан ортига қочиши Россия учун жуда оғриқли зарба эди.

Потеев қочиб кетганча унинг МРБ билан алоқалари ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмаган.

Қочиб кетганидан сўнг Потеевнинг МРБ билан алоқалари ҳақида турли гап-сўзлар чиқади. Уларга кўра Александр аввалдан Америка махсус хизмати ходимларига маълумот бериб келган.

Шунингдек, америкаликлар Потеевнинг қочишини жўрттага Медведевнинг ташрифи олдидан уюштиришган дейишади. Бундан ташқари, Потеевнинг хотини Маргарита Потаеева ва қизи анча вақтдан буён Америкада яшаб келаётгани ҳам ўшанда ошкор бўлади.

Потеевнинг «Рособоронэкспорт»да ишловчи ўғли отасидан бироз аввал яширинча Америкага қочиб кетганди. Унинг АҚШда эканини руслар Потеев ҳам қочганидан сўнг билишади.

Потеев АҚШга қочиб кетиб, америкаликларга «мутлақо махфий» ёрлиғи остида сақланаётган кўп маълумотларни беради.

У бу иши билан Россия махфий хизматларига ва ташқи разведка идорасига жуда катта зарар келтиради.

Потеев ва у америкаликларга ушлаб берган рус жосуси Анна Чапман

Жумладан, у АҚШда МРБга Америкада ишлаб келаётган 11 нафар ФСБ жосуслари ҳақидаги маълумотларни тақдим этади. Айнан унинг маълумотлари бўйича 10 киши, жумладан, Анна Чапман, ташқи разведка хизматининг истеъфодаги ходими, подполковник Михаил Васенков ҳибсга олинади.

Кўп ўтмай, АҚШ ва Россияда жосусликдар айбланган шахсларни ўзаро алмашиш ҳақида келишувга эришишади. АҚШ Россияга ҳибсга олинган шахсларни қайтариб беради. Улар орасида Чапман ва Васенков ҳам бор эди.

Россия АҚШга америкаликлар фойдасига жосуслик қилишда айбланиб ҳибсга олинган Игор Сутягин, Британия фойдасига жосуслик қилишда айбланган Сергей Скрипал ва Александр Запарожскийни қайтаради.

(2018 йилда Британияда яшаб келаётган Скрипал ва унинг қизини ФСБ ходимлари ракиоактив моддалар билан заҳарлашади. Бироқ Россия томони буни тан олмаган)

Потеев МРБга ўзидаги маълумотларни бериб бўлгач бошқа ишлар билан шуғулланади. Россияликлар Потеев АҚШда россиялик тадбиркорлар ва давлат амалдорларининг пулларини ювиш билан шуғулланганини айтишади.

Суд ва сиртдан ҳукм

Потеев қочиб кетганидан сўнг унга нисбатан Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан жиноят иши қўзғатилади. Жумладан, у давлатга хиёнат қилишда ва хизмат жойини ташлаб қочишда айбланади.

2011 йил 3 май куни ФХХ Потеевга қарши ўтказилган суриштирувлар тугаганини маълум қилади ва иш судга оширилади.

2011 йил 27 июн куни Москва ҳарбий округи суди Потеевга сиртдан ҳукм чиқаради. Собиқ КГБ ва ФФХ ходимининг барча унвонлари ва давлат мукофотлари бекор қилинади.

Потеевнинг судлангани ҳақида телеканалларда ҳам хабар берилади.

Бундан ташқари, унга 25 йил қамоқ жазоси беришади. Қамоқни қаттиқ тартибли колонияда ўташи белгиланади.

Потеевнинг адвокати ҳукмдан норози бўлиб кассация шикояти киритади. Бироқ Россия олий суди ҳарбий коллегияси суд ҳукмини ўзгартиришсиз қолдиради.

Ўшанда Потеевнинг Россия давлат манфаатларига етказган зарари 50 млн долларга баҳоланган.

Қочоқнинг «ўлими»

2016 йилда Россиядаги бир қатор ахборот агентликлари ўз манбаларига таяниб, Потеев АҚШда вафот этгани ҳақида хабар тарқатади.

Улардан бири Потеев ҳақидаги бошқа бир тахминни илгари суради. Яъни собиқ КГБ ва ФСБ ходими вафот этмаган. Шунчаки уни Россияда ўлди деб ўйлашлари ва тинч қўйишлари учун ёлғон хабар тарқатилган.

Бу тахминда жон бўлиши мумкин. Чунки Потеев АҚШда яшар экан, ФСБ қочоқнинг яшаш жойини аниқлай олса уни йўқ қилишга ҳаракат қилиши тайин эди. Бундай пайтларда Потеевни ўлди деб эълон қилиш ва унга бошқа америкача исм-шариф бериб яшириш энг тўғри йўл бўлади.

Шу омиллар сабабли Россияда Потеевнинг ўлганига узил-кесил ишонишмаган ва ФСБ маълумотларида у қидирилаётган шахс сифатида турибди.

2018 йил октябр ойида BuzzFeed интернет нашри АҚШда 2016 йил вафот этди дейилган Потеевнинг исм-шарифи ва туғилган санаси мос келадиган одам ҳақидаги маълумотларни топганини эълон қилди. Бироқ унинг ҳақиқатдан Потеев экани ёки бошқа одамлиги мавҳумлигича қолди.

2016 йилда Потеевнинг ўлими ҳақида хабар тарқалар экан, бу ишни Путиннинг матбуот котиби Песков ҳам изоҳлаган эди. Ўшанда унга «Потеевнинг ўлими ҳақида мамлакат раҳбари нима дейди?» деб савол беришади.

Песков Путин Потеевнинг вафоти билан қизиқмаганини таъкидлаб, «Бу Кремл ҳамда Путинга бериладиган ва у эътибор қаратадиган савол эмас», деганди.

BBC’нинг хабар беришича, Потеевнинг тириклиги ҳақида гап-сўзлар тарқалгач, 2019 йилда ФСБ уни топиш ва йўқ қилиш бўйича амалиёт ўтказишни режалаштиради.

Потеевни топиш бўйича одам ёлланади. Бироқ уни топишнинг иложи бўлмайди ва амалиёт натижасиз тугайди. Кўп ўтмай Потеевни топиш учун ёлланган мексикалик шахс МРБ томонидан ҳибсга олинади.

Амалиёт америкаликларга ошкор бўлгач, 2020 йил апрелда россиялик 10 нафар дипломат АҚШдан чиқариб юборилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top