07:53 / 04.01.2024
2550

Самарқанд аэропортида йиллик йўловчи ташиш ҳажми 2 миллионгача ошиши прогноз қилинмоқда 

Кувайтнинг Q8 Press электрон нашрида Самарқанд халқаро аэропортига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Kun.uz

«Ўзбекистонда жойлашган Самарқанд халқаро аэропорти Европадаги Халқаро аэропортлар кенгаши (ACI) томонидан йўловчилар оқимининг ўсиши бўйича етакчи бешта аэропорт қаторида қайд этилди,- дейилади мақолада. - Самарқанд халқаро аэропортида йўловчилар оқими жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда».

Нашрда таъкидланишича, жорий йил октябр ойида Самарқанд аэропорти йилига 100 мингдан 1 миллионгача йўловчи оқими билан минтақавий аэропортлар тоифасида тўртинчи ўринни эгаллади. Қайд этилишича, ушбу кўрсатгич 2019 йилнинг октябрь ойига нисбатан 139 фоизга ўсган. Жорий йил 10 ой давомида аэропорт 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 103,7 фоизлик ўсиш суръати билан учинчи ўринга кўтарилди.

«2023 йил бошидан буён Самарқанд аэропорти 7 та ички рейс ва 20 та халқаро рейсларни амалга оширилди. Биринчи марта Урумчи, Жидда, Кувайт, Измир, Минералние Води, Уфа, Самара ва Урганч шаҳарларига парвозлар йўлга қўйилди. Lufthansa Consulting компанияси томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, йиллик йўловчи ташиш ҳажмининг 480 мингдан 2 миллионгача ошиши прогноз қилинмоқда. Мунтазам рейслар сони ҳафтасига 40 тадан 120 тагача кўпаяди, жами 24 та янги самолётлар тўхташ жойи мавжуд бўлади», - дейилади материалда.

Мақола хулосасида «Самарқанд халқаро аэропортининг бундай жадал ривожи унинг глобал рақобат майдонига кириб келганидан далолат беради», - деб ёзган Q8 Press.

Top