14:14 / 10.01.2024
4824

Жаҳон банки: Ўзбекистон иқтисодиёти 2023 йилда 5,5 фоизга ўсди

Жаҳон банки 2024 ва 2025 йилларда ҳам Ўзбекистон ЯИМ ўсиши бир хил – 5,5 фоиз даражада сақланиб қолинишини прогноз қилди. Мутахассислар Яқин Шарқдаги ва Украинадаги урушлар ҳамда Хитойда иқтисодий ўсишнинг янада секинлашиши каби омилларни Марказий Осиё иқтисодиёти учун таҳдидлар сифатида санаб ўтди.

Фото: Getty Images

Жаҳон банки “Жаҳон иқтисодиётининг ривожланиш истиқболлари” ҳисоботининг навбатдаги сонини эълон қилди.

Ҳисоботда қайд этилишича, Европа ва Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш 2022 йилдаги 1,2 фоиздан 2023 йилда 2,7 фоизгача ошган. Ўсишнинг тезлашишига ички талабнинг кенгайиши, меҳнат бозоридаги барқарор вазият ҳамда Россия ва Украинадаги янгиланган ўсиш сабаб сифатида келтирилган.

Бироқ Россия, Украина ва Туркияни ҳисобга олмаганда, ўтган йилда ЕМО минтақасида иқтисодий ўсиш 1,8 фоиз даражасида сезиларли секинлашган. Хусусан, секинлашув минтақа иқтисодиётларининг 78 фоизига таъсир кўрсатган.

Евроҳудуддаги заиф ташқи талабнинг таъсири сабабли пасайиш Марказий Европа (ўсиш — 0,7 фоиз) ва Ғарбий Болқонда сезиларли даражада бўлган. Шунингдек, иқтисодий ўсиш Жанубий Кавказда ҳам секинлашган, лекин Марказий Осиёда тезлашган. Арманистон, Қирғизистон ва Тожикистонда талабни қўллаб-қувватлашда пул ўтказмалари оқими муҳим рол ўйнаган.

Шарқий Европада ҳам иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари ижобий динамикага қайтган. Украинада ўсиш суръати 4,8 фоизни ташкил этган. Аммо мамлакатнинг 2023 йилдаги ишлаб чиқариш ҳажми урушдан олдинги даражадан 30 фоиз пастроқ кўрсаткичда қолган.

Минтақада энергия ва озиқ-овқат нархлари босимининг пасайиши ортидан инфляция секинлашган, аммо рақамлар аксарият мамлакатларда мақсадли кўрсаткичлардан юқори бўлиб қолмоқда.

Прогнозлар

ЕМО минтақасида иқтисодий ўсиш 2024 йилда 2,4 фоизгача пасайиши, 2025 йилда эса 2,7 фоизгача ўсиши прогноз қилинмоқда. Бунда хусусий истеъмолнинг ошиши ва евроҳудуд иқтисодиётининг босқичма-босқич тикланиши асосий омил ўлароқ келтирилган.

Бироқ Россиянинг Украинага бостириб кириши туфайли юзага келган ноаниқлик минтақа истиқболларини белгилашда муҳим рол ўйнайди. Бу икки давлатни ҳисобга олмаганда, минтақадаги ўсиш суръати жорий йилда 3,1 фоизга, 2025 йилда эса 3,7 фоизга тезлашиши мумкин.

Аксарият ЕМО мамлакатлари инфляциянинг пасайиши шароитида пул-кредит сиёсатини юмшатишда давом этиши мумкин. Бироқ банк таҳлилчиларининг таъкидлашича, кутилаётган бюджет консолидацияси бу истиқболларни ёпиб кетади.

Пандемиянинг давом этаётган оқибатлари ва Россиянинг Украинага бостириб кириши туфайли минтақадаги ўсиш пандемиядан олдинги тенденциялардан паст бўлиши кутилмоқда. ЕМО минтақасида аҳоли жон бошига даромад даражасининг яқинлашув суръати секин даражада прогноз қилинмоқда, шу жиҳатдан аҳоли жон бошига ўртача даромад 2025 йилда Европа Иттифоқи кўрсаткичининг атиги 24 фоизини ташкил этади.

Жаҳон банки иқтисодчилари 2024 ва 2025 йилларда ҳам Ўзбекистон ЯИМ ўсишини бир хил – 5,5 фоиз даражада сақланиб қолишини кутишмоқда.

Хатарлар

Яқин Шарқдаги можаронинг кучайиши энергия нархи ошишига, молиялаштириш шартларининг кескинлашишига олиб келиши ва ишонч даражасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Минтақадаги геосиёсий хатарлар, жумладан, Россиянинг Украинага бостириб кириши натижасида юзага келган можаронинг кучайиши юқори даражада бўлиб, у аллақачон оғир инсоний ва иқтисодий йўқотишларни янада ошириши мумкин. Кутилгандан юқори инфляция шароитида қаттиқлаштирилган пул-кредит сиёсати узоқ вақт давомида сақланиб қолиши мумкин.

Минтақанинг асосий савдо шериги бўлган евроҳудудда иқтисодий тикланиш кутилганидан секинроқ бўлиши минтақадаги фаолликка ҳам таъсир қилади. Бундан ташқари, Хитойда иқтисодий ўсишнинг янада секинлашиши ёки Россиядан пул ўтказмаларининг кутилганидан кўра кескин қисқариши Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатлари учун салбий ташқи таъсирларни юзага келтириши мумкин.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ёрдам фондларининг кечикиши Марказий Европада иқтисодий ўсишга таъсир қилувчи яна бир хатарни пайдо қилади.

Top