09:42 / 13.01.2024
2273

Ўзбекистонда беш йилда аттракционлар билан боғлиқ 11 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган 

2019-2023 йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида аттракционлар билан боғлиқ жами 11 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган ва бунинг оқибатида тўрт нафар инсон ҳаётдан кўз юмган.

Фото: Getty Images

Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг “Аттракционларни ўрнатиш ва улардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатда айтилишича, ҳозирги вақтда республикадаги мавжуд 148 та маданият ва истироҳат боғларида, шунингдек бошқа кўнгилочар масканларда жами 1 993 та аттракцион фаолият кўрсатмоқда.

Бироқ, фаолият кўрсатаётган аксарият аттракционлар хавфсизлик ва техник талабларга жавоб бермаслиги натижасида турли авария ва бахтсиз ҳодисалар содир бўлишига олиб келмоқда.

2019-2023 йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида аттракционлар билан боғлиқ жами 11 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган ва бунинг оқибатида тўрт нафар инсон ҳаётдан бевақт кўз юмган.

Ҳозирги кунда республикадаги мавжуд аттракционлардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатишни тартибга солувчи амалдаги  2 та техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар мавжуд.

Бироқ, ушбу ҳужжатларда республикадаги мавжуд аттракционларнинг марказлаштирилган реестрини юритиш тартиби, шунингдек, сув аттракционлари ҳамда ҳаво билан дам бериб шиширилган аттракционлардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш талаблари соҳасида ҳуқуқий бўшлиқлар мавжуд, бу эса, ўз навбатида, мазкур йўналишда давлат сиёсатини аниқ белгилашда муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Буйруқ лойиҳаси билан “Аттракционларни ўрнатиш ва улардан хавфсиз фойдаланиш қоидалари”ни тасдиқлаш кўзда тутилган.

Қоидалар барча турдаги аттракционлар, шунингдек, ёрдамчи қурилмалар учун техник талабларни қўллаш ва амалга оширишда юзага келадиган муносабатларни ҳамда ушбу талаблар билан боғлиқ монтаж қилиш, созлаш ва фойдаланиш жараёнларини, республикадаги мавжуд аттракционлар марказлаштирилган реестрини юритиш тартибини белгилайди.

Top