08:13 / 17.01.2024
15716

Эрон Покистондаги объектларга дронлар ва ракеталар билан зарба берди 

Покистон расмийлари «суверенитетни бузиш қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат экани ва жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини» таъкидлади. Теҳрон бу таҳдидга муносабат билдирмади. Аввалроқ Эрон Ироқ ва Суриядаги объектларга зарба берганди.

Фото: Imamedia via AP/picture alliance

16 январ, сешанба куни Эрон қўшни Покистон ҳудудига дронлар ва ракеталар билан зарба берди. Эрон давлат матбуоти хабар қилишича, Эронга қарши бўлган ярим ҳарбийлаштирилган сунний «Жайш ал-Адл» гуруҳининг икки штаби нишонга олинган.

Покистон расмийлари мамлакат ҳудудига «ноқонуний ва асоссиз ҳужум» уюштирилганини тасдиқлаб, икки бола ҳалок бўлганини, яна уч нафари яраланганини қўшимча қилди. Расмий хабарларда бу айнан қаерда содир бўлгани айтилмаган, бироқ Покистон ижтимоий тармоқларида Эрон билан чегарадош Балужистон вилоятидаги портлашлар ҳақида кўплаб хабарлар пайдо бўлган. AP агентлиги Покистоннинг икки расмийсига таяниб, Эрон чегарасидан 50 км узоқликда жойлашган Балужистонда масжидга зарар етганини хабар қилди. 

Покистон расмийлари «Покистон суверенитетини бузиш қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат экани ва жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини» таъкидлади. Теҳрон бу таҳдидга муносабат билдирмади. 

2012 йилда асос солинган «Жайш ал-Адл» Эрон билан чегарадош Систон ва Балужистон вилоятидаги суннийларнинг диний ҳуқуқлари учун курашаётганини айтади. «Жайш ал-Адл» жангчилари бир неча бор Эрон ҳудудига бостириб кирган. 

Эроннинг Ироқ ва Сурияга зарбалари

16 январга ўтар кечаси Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) Ироқ ва Суриядаги «жосуслик марказлари» ва «Эронга қарши террорчилик гуруҳлари жойлашган жойлар»га зарбалар берди. Бу ҳақда Эрон давлат матбуоти хабар тарқатди. Хусусан, таъкидланишича, баллистик ракеталар ёрдамида Ироқ Курдистони автоном минтақасидаги «Моссад (Исроил разведка хизмати) жосусларининг штаб-квартираси»га зарба берилган. 

Шу билан бирга, Ироқ Курдистони пойтахти Эрбил шаҳридан 40 км шимоли-шарқда жойлашган АҚШ консуллиги яқинида бир неча портлаш содир бўлди, деб хабар бермоқда Reuters. Мухторият маъмуриятининг маълум қилишича, натижада тўрт нафар маҳаллий аҳоли ҳалок бўлган, олти киши жароҳатланган. АҚШ расмийларига кўра, Эрон зарбаси оқибатида америкалик фуқаролардан ҳеч ким жабрланмаган.

Эрон зарбалар «террорчиларнинг яқинда содир этилган ваҳшийликларига жавобан» амалга оширилганини маълум қилди. 3 январ куни Эрон жануби-шарқидаги Кирмон шаҳри қабристонида портлашлар содир бўлди, у ерда 2020 йилда ўлдирилган ИИМК генерали Қосим Сулаймоний хотирасига бағишланган маросим бўлиб ўтаётганди. 90 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Ҳужум учун масъулиятни ИШИД ўз зиммасига олди, бироқ Теҳрон Исроил ва АҚШни портлашларга алоқадорликда айблади. 

Dpa агентлигининг қайд этишича, Эрон шу пайтгача ҳеч қачон ўз ракеталари билан бундай узоқ масофага зарба бермаган – улар 1200 километрдан ортиқ масофани босиб ўта олган. Агентлик баёнотида айтилишича, бу Теҳрон ҳудудга зарба бериш учун техник имкониятга эга эканлиги ҳақида «Исроилга аниқ сигналдир». 

Top