12:19 / 19.01.2024
5820

Айрим солиқ тўловчиларга вақтинчалик солиқ имтиёзлари берилди 

Ўзбекистон айрим солиқ тўловчиларга вақтинчалик солиқ имтиёзлари тақдим этилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.

Фото: Shutterstock

2024 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури»да иштирок этадиган тижорат банклари лойиҳалар учун ажратилган банк кредитлари бўйича олинган фоизлар тарзидаги даромадлари фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадларида чегириладиган харажатлар сифатида эътироф этилади.

2024 йил 1 январдан 2027 йил 1 январга қадар «Изланиш ва ривожланиш» марказларининг объектлари ва улар эгаллаган ер участкалари учун юридик шахслар мол-мулк ва ер солиқлари бўйича ҳисобланган сумма 1 фоизи миқдорида, шунингдек ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди.

2024 йил 1 январдан 2025 йил 31 декабрга қадар Қимматбаҳо, рангли ва (ёки) радиоактив металларни, нодир элементларни ҳамда нодир ер элементларини қазиб олувчи ва (ёки) уларни техноген минерал ҳосилалардан ажратиб олувчи, шунингдек углеводород хомашёсини қазиб олувчи юридик шахсларга нисбатан махсус рента солиғи солинмайди. 

Мазкур қоида қазиб олиш 2024 йил 1 январдан 2025 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда бошланган ер қаъри участкасига нисбатан қўлланилади ва металларни ёки углеводород хомашёсини қазиб олиш (ажратиб олиш) бўйича фаолиятни амалга оширишнинг бутун даври учун татбиқ этилади.

2028 йил 1 январга қадар халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинган ва жалб қилинадиган давлат ташқи қарзи ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида сотиб олинадиган товар (хизмат)ларни реализация қилишга доир айланма ҚҚСдан озод қилинади.

Top