20:30 / 20.01.2024
20749

Қишлоқ хўжалиги ерларига бўлган ижара ҳуқуқини сотишга рухсат берилди

Қишлоқ хўжалиги ерларининг иккиламчи ижара бозори вужудга келишига асос яратилди. 1 мартдан бошлаб, фермерлар қишлоқ хўжалиги ерларига бўлган ижара ҳуқуқини сотиши мумкин бўлади.

Фото: Kun.uz

«Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Унга кўра, 2024 йил 1 мартдан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарачиларига ер участкалари бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) рухсат этилади.

Бунда:

- шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда ўтказилади;

- ижарага олувчи ерга ижара ҳуқуқини ўтказишдан олдин ундан камида 3 йил, 2021 йилгача ҳоким қарори билан олган бўлса, камида 5 йил давомида ўзи фойдаланган бўлиши керак;

- ижарага олувчи аукцион ёки очиқ электрон танлов натижасига кўра бўлиб-бўлиб тўлаш ёки қўшимча тўлов мажбуриятларини тўлиқ бажарган бўлиши шарт;

- юридик шахслар ижарага олинган ер участкаларини ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб 5 йилдан кейин бошқа шахсга ўтказиши (қайта ижарага бериши) мумкин.

Top