11:36 / 20.01.2024
5260

Reuters: Россия Хитойга энг йирик нефт етказиб берувчига айланди

Хитой Россияга ундан нефт сотиб олишда ва нефт маҳсулотлари кўринишида ғарбга сотишда давом этиб, санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бермоқда.

Фото: Reuters

2023 йил охирида Россия Саудия Арабистонини ортда қолдириб, Хитойга энг йирик хом нефт етказиб берувчига айланди. Бу ҳақда Reuters 20 январ, шанба куни Хитой божхона маълумотларига таяниб ёзди.

Ушбу маълумотларга кўра, 2023 йилда Россия Федерациясидан Хитойга нефт етказиб бериш 107,02 миллион тоннани ташкил этди, бу кунига 2,14 миллион баррелга тенг. Бу Хитой ва Россия Федерацияси ўртасидаги муносабатлар тарихидаги ёнилғи етказиб бериш бўйича рекорд миқдор бўлиб, рақам Хитойга бошқа нефт экспорт қилувчи давлатлар – Саудия Арабистони ва Ироқдагидан анча юқори, дея қайд этади агентлик

Шу билан бирга, Хитой Саудия Арабистонидан нефт сотиб олишни Россия Федерацияси фойдасига 1,8 фоизга (85,96 миллион тоннагача) қисқартирди. Бироқ, 2023 йилда Хитойга хом нефтнинг умумий импорти рекорд даражадаги 563,99 миллион тоннагача ўсди, деб ёзади Reuters. 

Россия деярли бутун нефтини Ҳиндистон ва Хитойга сотяпти 

2023 йил охирида Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак Россия нефть экспортининг тахминан 45-50 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келишини, Ҳиндистоннинг улуши эса икки йил ичида деярли нолдан 40 фоизга ўсганини айтди. 2023 йилда Россия Федерациясидан Европага нефт экспорти умумий етказиб беришнинг 40-45 фоизидан 4-5 фоизигача камайди, деди Новак. 

Шу билан бирга, Европа давлатлари Ҳиндистондан нефт маҳсулотларини сотиб олади ва шу билан билвосита Москвага ёнилғи учун тўлайди - гарчи ЕИ Украинага ҳужум сабабли Россия Федерациясидан нефт етказиб беришга эмбарго қўйган бўлса ҳам. Январ ойи бошида Британиянинг Independent нашри 2023 йилда Ҳиндистондан Европа Иттифоқига нефт маҳсулотлари импорти 115 фоизга – кунига 231,8 минг баррелгача ошганини, бу сўнгги етти йилдаги энг юқори кўрсаткич эканлигини ёзган эди. 

Нашрга кўра, Европа Иттифоқининг 27 давлатидан 20 таси нефт маҳсулотларини Ҳиндистондан сотиб олади – гарчи улар санкцияланган Россия нефтидан ишлаб чиқарилган бўлса ҳам. Нидерландия бундай харидлар бўйича етакчи бўлди, унга Европа Иттифоқининг Ҳиндистондан ёнилғи импорти тўртдан бир қисми тўғри келди. Нефт маҳсулотларининг яна 23 фоизи Франция томонидан сотиб олиняпти. 

Германия, шунингдек, Ҳиндистондан нефт маҳсулотлари - бензин, авиакеросин ва дизел ёнилғисини импорт қилади. Ҳиндистондан Европа Иттифоқига етказиб бериладиган ёнилғининг 7 фоизи Германия ҳиссасига тўғри келади. 

Top